Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина ва Испания мудофаа соҳасида янги келишувлар имзолади
Украина ва Испания мудофаа соҳасида янги келишувлар имзолади, деб маълум қилди Украина президенти Володимир Зеленский Испания бош вазири Педро Санчес билан Мадридда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида 18 март, чоршанба куни. Зеленскийнинг сўзларига кўра, томонлар иқтисодий ва инфратузилма соҳаларида, жумладан темир йўл ҳамкорлиги бўйича ҳам келишувларга эришган.
Зеленский шундай деди: “Украина ва Испания ўртасида, шунингдек хусусий секторимиз ва компанияларимиз ўртасида янги мудофаа келишувлари бор. Иқтисодий ва инфратузилмавий ҳамкорликда ҳаракат бор. Темирйўл бўйича келишувга эришдик. Бу муҳим қарорлар. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида ҳуманитар ва дипломатик ҳамкорлик ҳам давом этмоқда”.
Музокараларда Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Зеленский Испания мудофаа саноати билан биргаликда қурол ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирди. Унинг айтишича, Испания Украинага ўқ-дорилар, радарлар ва ҳарбий техника етказиб бериш имкониятига эга. Украина эса ўз навбатида, уруш давомида тўплаган тажрибаси — айниқса дронлардан фойдаланиш бўйича билимлар билан бўлишишга тайёр.
Зеленский шундай таъкидлади: “Ҳаво мудофаасини кучайтириш, ҲҲМ тизимлари ва ракеталар билан таъминлаш — бу зарурат. Бу доимий иш. Испания осмонимизни ҳимоя қилишда катта ёрдам берди. Турли лойиҳаларни ҳам муҳокама қилдик. Мамлакатларимиз ўртасида қўшма ишлаб чиқаришга жуда ишонаман. Украина уруш давомида орттирган билимларини, айниқса дронлар бўйича тажрибасини тақдим этишга тайёр. Испания мудофаа саноати эса зарур ўқ-дори, радар ва техника етказиб бера олади. Жамоаларимиз бу борада аллақачон батафсил иш олиб бормоқда”.
Шу билан бирга, Зеленский Венгрия томонидан тўсиб қўйилган Европа Иттифоқининг 90 миллиард евро миқдоридаги кредити Украина учун қанчалик муҳим эканини таъкидлади.
“Биз аъзо давлатлар ва ЕИ бу масалани ҳал қилиш йўлини топишига жуда умид қиламиз”, деди у.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан — ЕИда Владимир Путиннинг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида мазкур кредит ажратилишини тўсиб турибди. Бунга сабаблардан бири сифатида мамлакатга Россия нефти етказиб бериладиган қувурнинг шикастланиши келтирилган. Киев эса “Дружба” нефт қувури январ ойида Россия зарбалари натижасида шикастланганини билдирган. Сешанба куни Европа Иттифоқи таъмирлаш ишларида иштирок этиш учун мутахассислар юборишга тайёрлигини билдирган.
Зеленский, аввалроқ Будапешт позициясини “шантаж” деб атаган ҳолда, Мадридда кредит кечиктирилиши “адолатсиз” эканини таъкидлади. Унинг фикрича, бу масалани ҳал қилиш учун “етарлича кучли далиллар топилади”.
Россия ҳужуми бошланганидан буён, Европа Иттифоқида иқтисодиёт ҳажми бўйича тўртинчи ўринда турувчи Испания Украинага изчил ёрдам кўрсатиб келмоқда. Савдо бўйича давлат котиби Ампаро Лопес Сеновиля яқинда умумий ёрдам ҳажми 17 миллиард еврони ташкил этганини маълум қилди. Бу кўрсаткич бўйича мамлакат Европа донорлари орасида ўрта ўринларда туради.
Ёрдам турли шаклларда тақдим этилган: тўғридан тўғри ҳарбий техника етказиб бериш (жумладан Leopard танклари), қурол харидлари ва ҳуманитар ёрдам. Шу билан бирга, асосий ҳисса Испаниянинг ЕИ ва НАТО дастурларида иштирок этиши орқали амалга оширилган. Мамлакат, шунингдек, вақтинчалик ҳимоя бўйича Европа директиваси доирасида 300 мингдан ортиқ украин қочқинларини қабул қилган.
Бу Володимир Зеленскийнинг президентлик даврида Испанияга иккинчи ташрифидир. У 2024 йил 27 май куни Мадридга илк бор ташриф буюриб, Педро Санчес билан икки томонлама хавфсизлик ва мудофаа келишувини имзолаган эди. Ушбу келишув ҳуманитар ёрдам, Украина тикланиши ва “халқаро ҳуқуқ асосида адолатли ва барқарор тинчликка интилиш” каби йўналишларни қамраб олган.
Ўшанда Испания қироли ва қироличаси давлат раҳбарлари шарафига қироллик саройида расмий тушлик уюштирган эди.
Мавзуга оид
20:04
Киевга Зеленский билан учрашувга борган россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлиб чиқди
10:25
Зеленскийнинг мактуби: дипломатик қадамми ёки стратегик зарбами?
15:21 / 07.06.2026
Украина армияси Қримга олиб борувчи трассани ўлим йўлига айлантирди
10:05 / 07.06.2026