Жаҳон | 14:13
2502
6 дақиқада ўқилади

Уруш нега айнан ҳозир бошланди?

Трамп ва Нетаняҳу бошлаган Эрондаги уруш тушунарсиз кўринишда давом этмоқда. Исроил яна икки эронлик мулозимни ўлдирди, лекин Америка ва Исроил урушдан нима кутаётгани ҳамон мужмал. Аввали уруш бошлашнинг ўзи хато иш, лекин кимдир бунга журъат қилса ҳам, аниқ бирор одамни ўлдириш учунгина бутун бошли уруш бошламайди, ундан қандайдир глобал мақсад кўзланган бўлади.

Ҳозир урушни муҳокама қилаётганлар орасида яна бир фикр машҳур: балки Трамп Эронга атайин ҳукуматга норозилик авжига чиққан, демократияга эҳтиёж ортган вақтда ҳужум қилгандир? Балки Америка оғизда «Эрон демократик бўлишини исташини» айтиб, аслида бундай бўлишини хоҳламас?

Норозилик авжига чиққанди

Биласизми, Доналд Трамп нега айнан феврал охирида Эронга ҳужум қилганига мен ҳам ҳайрон қолгандим. Чунки Америка Эрон демократик давлат бўлиши кераклиги, у ердаги тузум қулаши лозимлигини айтиб келарди. Йил бошида Эронда тарихда кузатилмаган даражада ҳукуматга қарши норозлик намойишлари ўтказилди. Намойишлар аёвсиз бостирилди, мустақил суриштирувларга кўра камида 6,5 минг эронлик ҳалок бўлди.

Шунга қарамай, эронликлар юзлаб шаҳарларда намойишга чиқди, норозилик авжига чиққанда бутун мамлакат бўйлаб 5 миллионгача одам кўчаларга чиқиб ҳукуматга норозилик билдирди. Уларнинг асосий эътирози Эрон олий лидери Али Хоминаийга эди. Миллионлаб эронликлар мамлакатдаги иқтисодий инқироз, миллий валюта қадрсизланиши, нарх-наво ошиб кетгани, инсон ҳуқуқлари топталиши ва интернет доимий тўсиб қўйилаётганидан норози бўлиб кўчаларга чиқди.

Эронликлар қуролли зобитларга қарши қуруқ қўл билан, ҳайқириқлар билан курашаётганда мамлакатда интернет буткул ўчирилди. Одамлар ўликхонадан олинган видеоларни бир неча чақирим йўл юриб, дунёга улашди. Чиндан намойишлар вақтида эронликлар бутун дунёдан ёрдам кутди. Америка «ёрдам берамиз, биз сиз билан» деди, Трамп «ёрдам йўлда» деди. Ва... ва Америка Эронни бомбалашни бошлади.

Намойишда ўлган фикрдошининг жасадини бутун мамлакатдаги ўликхоналардан излаб, бир амаллаб топиб, уни дафн этиб келаётган эронлик қараса, унинг боласи ўқийдиган мактабга америкаликлар бомба ташлаган. Ўша одамларнинг аҳволини шунчаки тасаввур қилинг. Ўз ҳуқуқларини талаб қилиб, жонини хатарга қўйиб репрессия авжига чиққан пайтда ҳукуматга қарши намойишга чиққан эронликлар боласи «сизга ёрдам бераман» деган давлат ракетасидан мактабда ҳалок бўлди. Бу шунчаки даҳшат.

Бу инсонлар нафақат жон-у жигарларини тупроққа қўйди, балки уларнинг умид ўлди. Инсон бир нарсага қаттиқ умид қилса, айниқса туғилиб ўсган ватани тақдири учун қайғуриб, жонини хатарга қўйса, унинг келажаги яхши бўлишига умид билан қараса ва эвазига мамлакати бомбаланишини кўрса, бу инсоннинг руҳияти мағлуб бўлади. Бу худди ортдан пичоқ уришдай гап.

Бояги сўзимиз аввалида айтилган конспирологияга қайтамиз: балки Америка чиндан Эронда ҳеч қачон демократия бўлмаслиги учун халқнинг норозилиги кучайган вақтда ҳужум қилгандир? Балки Америка Эронда ҳукумат халқ қўлига ўтишини истамас? Ўзингиз ўйлаб кўринг, уруш даврида одамларга қарши репрессия кучаяди, ҳеч кимни аяб ўтиришмайди. Бунақа ҳолатда одамлар қандай ҳукуматни қўлга олиши мумкин? Америка ва Исроил отаётган ракеталар эронликларда қаршилик кайфиятини ҳам ўлдирди, «сизга дўстман», деётган америкаликлар бизнинг устимизга ракета ташлаяпти-ку, бу қандай дўстлик, деб мулоҳаза қилади энди ҳукуматга қарши эронликлар ҳам.

Бояги конспиролигияга кўра, Америка Эронда демократик ҳукумат бўлишини истамайди. Чунки бундай ҳукуматдан санкциялар олиб ташланиши керак. Демократик давлатда ресурслар тўғри тақсимлана бошлайди ва нефтга бой Эрон бойиб кетади. Пули кўп Эрон эса хавфли экан. Айтганча, Трамп яқинда Эронда демократия бўлиши учун ўлиб тирилмаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Эронда бундан кейин ҳам диний бошқарув бўлишига қарши эмас, лекин янги раҳбарият АҚШ билан бирга танланиши, Вашингтонга қарши бормаслиги керак экан.

Трамп Венесуэлани мисол келтириб Эронда ҳам шунга ўхшаш вазият такрорланиши кераклигини айтди. Яъни, Трампга Эронда худди Венесуэладаги Делси Родригес каби гапига қулоқ соладиган раҳбар керак. Бу давлатда демократия бўлиш-бўлмаслиги уни умуман қизиқтирмайди, намойишчилар тақдири ҳам.

Лекин...

Майли, Трамп Американинг яширин стратегик манфаатларига хос ўлароқ Эрондаги демократияга интилишни ўлдирди ҳам дейлик. Лекин президентнинг вазифаси нима ўзи? Бирор қоронғу хонада ўтирволиб фалон йилдан кейин нима бўлишини ўзича ҳал қиладиганлар манфаати учун хизмат қилишми ёки уни сайлаган оддий, меҳнаткаш синфидаги сайловчининг манфаати учунми? Америкалик сайловчилар Эронга уруш очишни сўрамаганди.

Президентларга махфий, оддий одамлар хабари бўлмаган ишларни қилгани билан баҳо берилмайди. Улар энг аввал сайловолди кампанияси вақтида одамларга ваъда қилган ишини бажариши керак. Умуман сиёсатда фақат буйруқлар махфий бўлиши мумкин, мақсадлар эмас.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид