Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЮНИСЕФ: болалар ўлимига қарши курашдаги тараққиёт секинлашди
ЖССТ ва ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, 2024 йилда 5 ёшга тўлмаган 4,9 миллион бола вафот этган, уларнинг 2,3 миллиони янги туғилган чақалоқлардир. Бу ўлимларнинг кўпчилигини сифатли тиббий ёрдам билан олдини олиш мумкин эди, аммо уни молиялаштириш қисқармоқда.
Фото: UNICEF/David Boman
БМТ дунёда болалар ўлими қисқариши тўхтаб қолганини маълум қилди. 2024 йилда бутун дунё бўйлаб 5 ёшга тўлмаган 4,9 миллион бола, жумладан 2,3 миллион янги туғилган чақалоқ вафот этган. Бу ҳақда 17 март, сешанба куни эълон қилинган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг қўшма ҳисоботида айтилган.
Икки ташкилот маълумотларига кўра, 2000 йилдан буён 5 ёшгача бўлган болалар ўлими икки баравардан ҳам кўпроққа камайган, аммо 2015 йилдан кейин болалар ўлими камайиш суръати 60 фоиздан ортиқ секинлашган.
Болалар ўлимининг энг юқори кўрсаткичлари 2024 йилда ҳам дунёнинг айрим ҳудудларида сақланиб қолди. Бундай ўлимларнинг 58 фоизи Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка мамлакатлари ҳиссасига, 25 фоизи эса Жанубий Осиё ҳиссасига тўғри келади. Бу ўлимларнинг кўпчилигини сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш орқали олдини олиш мумкин эди.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2024 йилда вафот этган болаларнинг 100 минги оғир тўйинмаслик қурбони бўлган. Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари ёзишича, тўйинмасликнинг иммун тизимига салбий таъсири каби билвосита оқибатлари ҳам ҳисобга олинса, ҳақиқий кўрсаткичлар “анча юқори” бўлади.
Янги туғилган чақалоқлар ўлимига асосий сабаблар сифатида эрта туғуруқ билан боғлиқ асоратлар (36 фоиз ҳолат) ва туғуруқ пайтидаги асоратлар (21 фоиз ҳолат) кўрсатилган. Ҳаётнинг биринчи ойидан кейин эса болалар юқумли касалликлар, хусусан безгак, шунингдек оғир диарея ва пневмониядан вафот этмоқда.
ЖССТ глобал соғлиқни сақлаш соҳасидаги “энг самарали чоралар” қаторига “синовдан ўтган ва арзон тадбирлар”ни киритади. Буларга эмлаш, очликка қарши курашиш ва тегишли акушерлик ёрдамини кўрсатиш киради.
Бундан ташқари, ташкилотлар баҳосига кўра, 2024 йилда бутун дунё бўйлаб 5 ёшдан 24 ёшгача бўлган 2,1 миллион бола, ўсмир ва ёш катталар вафот этган.
Ҳисобот муаллифлари болалар ўлимига қарши чораларни кучайтиришга, хусусан сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконини яхшилашга чақирди. Шу муносабат билан ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел глобал молиялаштириш қисқартирилаётганини танқид қилди. У шундай деди: “Ҳеч бир бола биз олдини олишни биладиган касалликлардан ўлмаслиги керак. Аммо биз болаларнинг тирик қолишидаги тараққиёт секинлашаётганидан далолат берувчи хавотирли белгиларни кўряпмиз — бу глобал бюджетлар қисқариб бораётган бир пайтда юз бермоқда”.
Мавзуга оид
15:44 / 05.07.2025
ЮНИСЕФ: Украинада тобора кўпроқ болалар уруш қурбонига айланмоқда
15:14 / 04.06.2025
2024 йил можаро ҳудудларида яшаётган болалар учун «тарихдаги энг оғир йиллардан бири» бўлди
18:30 / 27.05.2025
Шавкат Мирзиёев ЮНИСЕФ ижрочи директори билан учрашди
14:33 / 07.11.2024