Тошкентда юрак нуқсони сабаб операция қилинган 8 ойлик гўдак вафот этди. Она шифокорлар ҳаракатларини шубҳа остига олиб, хайриядан тушган пуллар фақат битта дорихонага бориб тушаётганини айтмоқда. Унинг гапларини бошқа ота-оналар ҳам тасдиқлаган. Шифокор боланинг ўлимига оғир ёндош касалликлар сабаб бўлганини маълум қилди.

Жиззах вилоятида яшовчи 8 ойлик Муҳаммадазиз Қўчқоров туғма юрак нуқсони билан Тошкент давлат тиббиёт университети болалар кўп тармоқли клиникаси (халқ тилида САМПИ) кардиохирургия бўлимида операция қилинган. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтгани айтилган, лекин орадан уч кун ўтиб боланинг аҳволи оғирлашиб, вафот этган.

Дорихонага пул тўлаб, дорисиз кетасиз”

Ягона Қўчқорова, Муҳаммадазизнинг онаси:

— 26 феврал куни эрталаб шифокорлар келишди. Бола шишиб кетган, оёқчаларигача, ҳаммаёғи шишган, сиймай чиқди десам, битта укол қиламиз деб укол қилишди. Шундан кейин 2-3 маҳал сийди. Болани баданлари бошқача бўлиб ўзгарди, кўкаришлар бўлди. Фақат шу уколларни қилди, кейин олиб кириб кетиб комага солиб аппаратга қўйишган. Шу билан турмади болам...

19 ёшли ўғлим кирганида шифокор: “Болани касалхонадан тирик, оғир аҳволда олиб чиқиб кетяпмиз. Уйга етиб боргунча ўлиб қолса, шифокорларга даъвойимиз йўқ” деган тилхат ёздириб олиб, кейин боланинг ўлигини берган. Эртасига укаси кўмилгандан кейин нега ундай ёзиб берганини сўрасам: “Укангни бермаймиз, моргга топшириб юборамиз” дейишгани учун ёзганини айтяпти. Лекин у нима тилхат эканига ўғлимнинг ақлиям етмаган.

Менинг болам қайтиб келмайди, лекин бошқа оналар менга ўхшаб куймасин. У ерда ўша ҳафтанинг ўзида 12-11 нафар бола ўлиб чиқиб кетяпти. Касалхонада рўза ойида хайрия пуллари келганида касал болаларни олиб чиқиб видеога олдириб, телевидениеларга ёки ҳокимиятларга кўрсатиб, эртасига хайриядан олган пулларини олиб қўйишяпти. +5 деган аптекаси бор экан ўзларининг, беморнинг яқинларини ўша ерга жўнатяпти. У ерда пулни тўлайсиз, “кетаверинг, ўзимиз олиб бориб берамиз” дейди. Қўлингизга дори-дармон ҳам, ҳеч нарса бермайди.

Балки ҳамма операциялар давлат томонидан қилинаётгандир, лекин ҳамма ёнидан ҳам харажат қиляпти. Менинг ўғлимнинг операцияси учун фонддан 24 млн пул ўтказилди. Ўзим қилган харажатларим – 4,5–5 миллионга дори-дармонлар олиб келдим. Лекин 2000 долларлаб санаб берган оналар бор у ерда. Ҳамма ўша аптекага пулини санаб бериб, дорисиз кетяпти.