Жаҳон | 14:01
1591
3 дақиқада ўқилади

Эрон Ҳўрмуз бўғозини очиши керак — Германия ва шериклар

Берлин, Париж, Лондон, Рим, Амстердам ва Токио Теҳроннинг Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйишини қоралади. Қўшма баёнотда улар энергетика бозорларини барқарорлаштириш учун чора кўришга ваъда берди.

Фото: AP

Германия, Япония ва қатор Европа давлатлари қўшма декларацияда Эронни Ҳўрмуз бўғозининг амалдаги блокадасини тўхтатишга чақирди. Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Нидерландия ва Япония етакчилари 19 март, пайшанба куни эълон қилган баёнотда айтилишича, Теҳрон таҳдидлар, мина қўйиш, дрон ва ракета зарбалари орқали энг муҳим денгиз йўлагини тўсишга уринишларни “дарҳол” тўхтатиши керак. Баёнотда Эроннинг ҳаракатлари “энг кескин шаклда” қораланган.

Баёнотни имзолаган давлатлар Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш учун “тегишли чоралар” кўришга тайёр эканини билдирди. Бироқ декларацияда ёрдам қачон кўрсатилишига доир муддатлар келтирилмаган. Шу пайтгача НАТО давлатлари бўғоздаги кема қатновини АҚШ томонида ҳимоя қилишда иштирок этишдан бош тортган эди.

Буюк Британия тайёргарлик режалаштириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди, Германия канцлери Фридрих Мерц эса 19 март куни Германия уруш даврида фаол ҳаракатлар қилмаслигини, аммо уруш тугагач, кема қатнови хавфсизлигини таъминлашда иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.

Декларацияда шундай дейилади: “Кема қатнови эркинлиги халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойили бўлиб, у БМТнинг Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясида мустаҳкамланган. Эрон унга риоя қилишга мажбур”.

Эронга қарши зарбалари Форс кўрфазидаги ҳозирги можарога сабаб бўлган АҚШ ва Исроил декларацияда тилга олинмаган. Шунга қарамай, унда фуқаролик инфратузилмасига, жумладан нефт-газ объектларига барча зарбаларга нисбатан “дарҳол умумий мораторий” жорий этишга чақириқ мавжуд.

Имзоловчи давлатлар, шунингдек, Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА)нинг стратегик нефт захираларини мувофиқлаштирилган тарзда бозорга чиқариш ҳақидаги қарорини олқишлади ва энергетика бозорларини барқарорлаштириш бўйича қўшимча чораларни эълон қилди. Бу чоралар, жумладан, ишлаб чиқаришни ошириш мақсадида айрим ишлаб чиқарувчи давлатлар билан ҳамкорлик қилишни ҳам ўз ичига олади.

28 феврал куни бошланган Америка—Исроил зарбаларидан бери дунёда нефт ва суюлтирилган табиий газ ташувининг одатда тахминан бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғози амалда ёпилган. Арабистон яримороли билан Эрон ўртасида жойлашган бу бўғоз Эрон назорати остида. Блокада нефт ва газ нархларининг кескин ошишига олиб келди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид