Жаҳон | 16:12
5360
5 дақиқада ўқилади

Трамп Эронга энг йирик газ конини йўқ қилиш билан таҳдид солди

АҚШ президенти Эрон Қатарга ҳужумларни давом эттирса, “Жанубий Парс” газ конини йўқ қилиш билан таҳдид қилди. Трамп ваъда беришича, агар Теҳрон ўз зарбаларидан воз кечса, Исроил бу конни бошқа бомбардимон қилмайди.

Фото: File

АҚШ президенти Доналд Трамп 19 март, пайшанба куни Эронни дунёдаги энг йирик газ кони — “Жанубий Парс”ни тўлиқ йўқ қилиш билан таҳдид қилди. Оқ уй раҳбари Truth Social ижтимоий тармоғида ёзишича, агар Ислом Республикаси Қатар энергетика инфратузилмасига зарбаларни давом эттирса, у шундай қилишга мажбур бўлади.

Бир кун аввал Эронга қарши урушда АҚШ билан бирга иштирок этаётган Исроил “Жанубий Парс”га зарба берган эди. Трампнинг баёнотига кўра, бунда коннинг фақат кичик бир қисмигина зарар кўрган. АҚШ ва Қатар “ушбу аниқ ҳужум ҳақида билмаган”, аммо Эрон бунга жавобан Қатарнинг Рас-Лаффан саноат зонасидаги нефт-газ мажмуасига “асоссиз ва адолатсиз равишда” ҳужум қилган, деди АҚШ президенти.

“Агар Эрон мутлақо айбсиз томонга — бу ҳолда Қатарга ҳужум қилишга қарор қилмаса, Исроил бундан буён ўта муҳим ва қимматли “Жанубий Парс” конига ҳеч қандай ҳужум қилмайди”, — дея ваъда қилди Трамп.

“Бундай ҳолда Америка Қўшма Штатлари, Исроил ёрдами билан ёки ёрдамисиз, бу бутун конни Эрон ҳеч қачон кўрмаган даражадаги куч ва қудрат билан йўқ қилади”, — деди у.

Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, у “Эрон келажаги учун узоқ муддатли оқибатлар” туфайли бундай даражадаги зўравонлик ва вайронгарчиликка “рухсат беришни истамайди”. “Жанубий Парс” Ислом Республикасининг газга бўлган ички эҳтиёжининг тахминан 70 фоизини қоплайди.

“Жанубий Парс” газ конига берилган зарбанинг оқибатлари

18 март куни Эрон ахборот агентликлари Эрон Қатар билан бўлишадиган “Жанубий Парс” конига Исроил ҳужум қилганини хабар қилди. Трампнинг баёнотига қарамай, Исроил амалдорлари АҚШ бу операция ҳақида олдиндан билганини айтмоқда, деб ёзади Reuters агентлиги ва Axios нашри.

Исроил зарбаларидан бир неча соат ўтгач, Ислом Республикаси Қатардаги Рас-Лаффан саноат зонасида жойлашган энг йирик нефт-газ мажмуасига баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. Мажмуа ҳудудида ёнғин чиққан. QatarEnergy компанияси Рас-Лаффандаги корхонага “сезиларли зарар” етганини маълум қилди, бироқ ходимлар жабр кўрмаганини таъкидлади. Қатар ҳокимияти Эрон “барча қизил чизиқларни кесиб ўтди” деб баёнот берди. Эроннинг ҳарбий атташеси ва хавфсизлик масалалари бўйича атташеси Доҳада persona non grata деб эълон қилинди.

Шу билан бирга, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Теҳрон Исроил ҳужумига жавоб сифатида ўз кучларининг “фақат бир қисми”ни ишга солганини, гўёки бу “кескинликни пасайтириш ҳақидаги илтимосни ҳурмат қилиш” туфайли бўлганини айтди. Арағчи яна шундай таҳдид қилди: агар Ислом Республикаси инфратузилмаси ҳужумга учраса, Теҳрон энди “ҳеч қандай вазминлик” кўрсатмайди.

Getty Images
Getty Images

Бу орада Бирлашган Араб Амирликлари (БAA) ҳокимияти Эрон ракета зарбасидан кейин Абу-Дабидаги нефт-газ объектини ёпди. Маҳаллий ҳокимият маълум қилишича, уриб туширилган ракета бўлакларининг қулаши “ҳодисалар”га сабаб бўлган, аммо батафсил маълумот берилмаган.

Яқин Шарқдан келаётган шу хабарлар ортидан 19 март эрталаб савдоларда Европада эталон ҳисобланган Brent нефтининг бир баррели нархи вақтинча 112 долларга етди, деб хабар берди dpa агентлиги. АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши бошланишидан олдин Brent бир баррели тахминан 70 доллар турган эди — демак, ўсиш аллақачон қарийб 60 фоизни ташкил қилди.

Dpa қайд этишича, газ нархлари ҳам ўсишда давом этмоқда.

АҚШ ва Исроил 28 февралдан буён Эронга ҳаво зарбаларини бериб келмоқда. Теҳрон эса Исроил ва Форс кўрфази мамлакатларига ракета ҳамда дронлар билан ҳужум қилмоқда. Ислом Республикаси баёнотларига кўра, ҳужумлар нишонлари орасида минтақадаги Америка ҳарбий базалари ҳам бор.

Бироқ Эрон зарбалари остида Форс кўрфазидаги қатор давлатлардаги нефт омборлари ва нефт танкерлари ҳам қолган. Шунингдек, Эрон ҳужумларидан Озарбойжон ва Европа Иттифоқи таркибига кирувчи Кипр ҳам жабр кўрган.

АҚШ ва Исроил ҳарбий операцияси шароитида Теҳрон нефт ва газ етказиб бериш учун муҳим бўлган Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатни амалда тўсиб қўйди ва уни “тўлиқ назорат қилаётгани”ни билдирди. Бу энергия ташувчилар нархининг ўсишига олиб келди, шу сабабли АҚШ, жумладан, Россияга нисбатан санкцияларни вақтинча юмшатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид