Жаҳон | 12:29
1222
2 дақиқада ўқилади

ЕИ йил охиригача Россия СТГдан воз кечишни режалаштирмоқда

Европа Иттифоқи АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши сабаб юзага келган таъминот инқирозига қарамай, 2026 йил охиригача Россиянинг суюлтирилган табиий гази (СТГ) импортини тўлиқ тўхтатиш ниятида.

Фото: ТАСС

Европа Иттифоқи АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ортидан келиб чиққан энергия ташувчилар таъминоти инқирозига қарамай, Россиянинг суюлтирилган табиий гази (СПГ) импортидан 2026 йил охиригача тўлиқ воз кечиш ниятида. Бу ҳақда 20 март, жумага ўтар кечаси ЕИ саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен маълум қилди. Унинг сўзларини The Financial Times (FT) нашри келтирган.

“Бизнинг аниқ мақсадларимиз бор ва биз уларга амал қиламиз”, — деди фон дер Ляйен Россиядан СТГ импортини тўхтатиш муддатини Қатардаги ишлаб чиқариш қувватларига зарар етгани ва глобал таъминот узилиши туфайли кечиктириш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан.

“Биз ўрта ва узоқ муддатли истиқболда режа бўйича ҳаракат қиляпмиз, бизнинг мақсадларимиз жуда аниқ”, — дея давом этди сиёсатчи.

18 март куни Эрон ахборот агентликлари Исроил Ислом Республикасининг Форс кўрфази соҳилида жойлашган газ саноати объектларига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Жумладан, дунёдаги энг йирик газ кони ҳисобланган “Жанубий Парс” кони ҳам зарба остида қолган. Теҳрон бу конни Қатар билан бўлишади.

Шундан сўнг, 19 мартга ўтар кечаси Қатардаги Рас-Лаффан саноат ҳудудида жойлашган дунёнинг энг йирик нефт-газ мажмуаларидан бири Эроннинг баллистик ракеталари зарбасига учради. Reuters агентлиги эса QatarEnergy бош директори ва Қатар энергетика вазири Саад ал-Каабийга таяниб ёзишича, ҳужумлар оқибатида мамлакатнинг СТГ ишлаб чиқариш бўйича экспорт қувватларининг 17 фоизи ишдан чиққан.

Ал-Каабийнинг сўзларига кўра, 14 та СТГ заводидан иккитаси ва газни суюқ ёнилғига қайта ишлайдиган иккита корхонадан биттаси шикастланган. Унинг қўшимча қилишича, бу Европа ва Осиёга етказиб бериш учун хавф туғдиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид