Ўзбекистон | 09:18
812
2 дақиқада ўқилади

21 мартдан Чимён ва Амирсойга янги микроавтобуслар қатнайди

Тошкент вилоятининг машҳур сайёҳлик масканлари — Чимён, Чиноркент ва Амирсойга ташриф буюриш янада осонлашди. 2026 йил 21 мартдан бошлаб ушбу йўналишларда янги микроавтобус қатновлари йўлга қўйилади.

Фото: Видеодан кадр

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маълумотига кўра, янги 324- ва 325-сонли микроавтобус йўналишлари ишга туширилади. Ушбу қатновлар тоғли ҳудудлар аҳолиси, шунингдек, табиат қўйнида дам олишни истаган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қулайлик яратади.

324-сонли йўналиш Чимён орқали Чиноркент темирйўл бекати — Қоранқул — Пана меҳмонхонаси — Амирсой — Тибет — Белдерсой — Чимён — Севарсой — Лайнер — Пирамида — Бочка орқали Белдерсойгача ҳаракатланади.

325-сонли йўналиш эса ушбу йўналишнинг тескари тартибдаги қатновини таъминлаб, Чиноркент — Бочка — Пирамида — Лайнер — Севарсой — Чимён — Белдерсой — Тибет — Амирсой — Пана меҳмонхонаси — Қоранқул орқали яна Чиноркентга қайтиб келади.

Йўналишларда 16 ўринли, кондиционерли замонавий «Форд» русумли микроавтобуслар хизмат кўрсатади. Йўл ҳақи 10 минг сўм этиб белгиланган бўлиб, тўловлар нақд пул ёки банк картаси орқали амалга оширилиши мумкин.

Қатновлар ҳар куни соат 06:00 дан бошланиб, ҳар 15 дақиқада амалга оширилади. Манзилгача етиб бориш вақти ўртача 40 дақиқани ташкил этади.

Янги йўналишлар ҳудудда экотуризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини ошириш ва маҳаллий аҳоли учун қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид