Иқтисодиёт | 11:10
5130
2 дақиқада ўқилади

58 овоздан 13 минг 386 овозгача. «Ташаббусли бюджет» ғолиблари эълон қилинди

Республика бўйича 1996 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Уларни молиялаштиришга 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Энг кўп овозни Кўкдала туманидан қўйилган лойиҳа тўплаган – 13 386 та. Мўйноқ туманидан қўйилган лойиҳа эса атиги 58 та овоз билан ғолиб бўлди. 

Фото: Kun.uz

«Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2026 йилдаги 1-мавсуми якунланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 21 мартга ўтар кечаси ғолиб лойиҳалар рўйхатини эълон қилди.

Жараёнларда республика бўйлаб 10 млн 284 мингта овоз берилган ва 3 трлн 5 млрд сўмлик жами 1996 та (1980 та анъанавий ҳамда 16 та шериклик) лойиҳа ғолиб деб топилган. Жорий мавсумда бир лойиҳа учун энг юқори қиймат 1 млрд 648 млн сўмни (БҲМнинг 4000 баравари) ташкил этди.

Республика бўйлаб энг кўп овозни Кўкдала туманидан қўйилган лойиҳа тўплаган – 13 минг 386 та. Эътиборга молик жиҳати, энг кўп овоз тўплаган Топ-10ʼликдаги лойиҳаларнинг олтитаси Хоразмнинг Қўшкўпир, учтаси Самарқанднинг Оқдарё туманидан илгари сурилган ташаббуслар. Бу эса ушбу ҳудудларда рақобат анча кучли бўлганлигини англатади.

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидан қўйилган лойиҳа эса энг кам – атиги 58 та овоз билан ғолиб бўлган. Султанбек Расбергеновнинг кўча чироқларини ўрнатиш ўйича ташаббуси шунча овоз тўплаган.

Умуман олганда, энк кўп ички йўлларни таъмирлаш (868 та), мактабларни таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш (566 та) ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш (163 та) бўйича лойиҳалар ғолиб бўлган.

Интернетда тарқалган видеоларда ғолиб бўлган маҳаллалар буни ўйин-кулги, хурсандчилик ва мушакбозлик билан нишонлаётганини кўриш мумкин. Улар орасида байрам кечасига алоҳида тайёргарлик кўриб, шарлар, торт ва эртак қаҳрамонларини тайёрлаб қўйганлари ҳам бор.

Маълумот учун, бу йилги 1-мавсум 1 февралда бошланган эди. Лойиҳа киритиш 1−20 феврал кунлари, уларни саралаш 21 февралдан 7 мартгача ҳамда тарғибот қилиш 8-10 март кунлари бўлиб ўтган. Овоз бериш босқичи эса 20 март куни якунланди.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид