Жаҳон | 12:33
3692
3 дақиқада ўқилади

Сибирда қорамоллар сўйилиши: ҳокимият сўнгги рейд ҳақида маълум қилди

Новосибирск вилоятида қорамолларни оммавий сўйишдан сўнг, ҳозир ҳайвонлар олиб қўйилаётган фақат битта йирик хўжалик қолган, деб маълум қилди ҳокимият. Маҳаллий аҳоли полиция машиналари ва автозаклар келгани ҳақида хабар бермоқда.

Фото: Rene Traut/Rene Traut Fotografie/picture alliance

Новосибирск вилоятида маҳаллий ҳокимият пастереллёзга қарши кураш билан изоҳлаётган йирик хўжаликлардаги уй ҳайвонларини мажбурий тарзда олиб қўйиш ишлари яқин орада якунланиши эълон қилинди.

“Бизда йирик хўжаликларда касаллик ўчоқлари бор эди ва шулардан бугун иш олиб борилаётган сўнггиси қолди. Касаллик ҳолатлари кузатилаётган бошқа хўжаликлар йўқ”, — деди вилоят губернатори ва ҳукумати маъмурияти ахборот сиёсати департаменти раҳбари Сергей Нешумов 20 март, жума куни. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, шахсий ёрдамчи хўжаликлар билан иш давом этади.

Нешумовнинг аниқлик киритишича, ҳайвонлар Козиха қишлоғидаги “Водолей” деҳқон-фермер хўжалигидан олиб қўйилмоқда. Маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда аҳоли пункти томон полиция машиналари ва автозаклар олиб келингани ҳақида ёзган. Ҳудудий оммавий ахборот воситалари эса қишлоққа кучишлатар тузилмалар келгани сабабли алоқа ўчирилганини қайд этмоқда.

“Водолей” хўжалиги раҳбари Владимир Гуркин аввалроқ унинг ҳайвонлари соғлом кўринганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, феврал охирида фермадаги барча ҳайвонларга қандайдир номаълум вакцина қилинган, шундан кейин бир нечта жонивор касалланиб қолган. Гуркинга қайси касаллик аниқлангани маълум эмас, чунки таҳлил натижалари унга тақдим этилмаган.

Аввалроқ Россиянинг бир қатор ҳудудларида ҳокимият уй ҳайвонларини оммавий равишда сўйишга юборгани маълум бўлган эди. Бу эса фермерларнинг норозилигига сабаб бўлди, чунки уларга ҳеч қандай таҳлил натижалари кўрсатилмаганини, олиб қўйилган ҳайвонлар эса соғлом кўринганини таъкидлаган.

Мутахассислар бу фавқулодда чораларнинг ҳақиқий сабаби бошқа касаллик — яъни оқсил (яшчур) авжи олиши бўлиши мумкин, деб гумон қилмоқда. Бу касаллик пастереллёздан фарқли равишда даволанмайди.

Яшчур касаллиги қайд этилган мамлакатлар бу ҳақда Жаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилотига хабар бериши шарт. Шу билан бирга, гўшт ва сут маҳсулотлари экспортига чекловлардан қочиш учун ҳокимиятларда бундай маълумотни бермаслик ҳам кузатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид