Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Ҳўрмуз бўғози сабаб НАТО давлатларини “қўрқоқлар” деб атади
АҚШ президенти НАТОдаги ҳамкорларни унга Ҳўрмуз бўғозини блокададан чиқаришда ёрдам беришни истамаганликда айблади. У НАТО иттифоқчиларини қўрқоқлар деб атади ва уларнинг бу хатти-ҳаракатини эслаб қолишини айтди.
АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан урушдаги позицияси сабаб НАТО иттифоқчиларини “қўрқоқлар” деб атади. 20 март, жума куни Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида ёзишича, ҳамкорлар уруш туфайли нефт нархининг юқорилигидан шикоят қилмоқда, аммо шу билан бирга Ҳўрмуз бўғозини очишга ёрдам беришни истамаяпти. Ҳолбуки, унинг сўзларига кўра, бу “энг кам хавфли” ва “оддий ҳарбий қадам” ҳисобланади.
“Қўрқоқлар”, — деб қўшимча қилди у. Трамп ваъда беришича, АҚШ Шимолий Атлантика алянсидаги ҳамкорларнинг бундай хатти-ҳаракатини эслаб қолади. Унинг ёзишича, АҚШсиз НАТО — шунчаки “қоғоздаги йўлбарс”.
Доналд Трамп иттифоқчилардан Арабистон яримороли билан Эрон ўртасидаги бўғоз орқали кема қатнови хавфсизлигини таъминлашда ҳарбий ёрдам талаб қилди. Германия ва бошқа кўплаб давлатлар рад жавобини берганидан сўнг, АҚШ президенти НАТОни “жуда аҳмоқона хато”да айблади ва Германия ҳамда бошқа мамлакатлар позициясини “жуда ҳайратланарли” деб атади. Шу билан бирга, у АҚШга умуман иттифоқчиларнинг қўллаб-қувватлаши керак эмаслигини ҳам таъкидлади.
Шу орада Германия мудофаа вазирлиги вакили DW сўровига жавобан “Германия Яқин ва Ўрта Шарқдаги хавфсизлик билан боғлиқ ҳозирги вазият юзасидан иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан яқин маслаҳатлашувлар олиб бормоқда”, деб маълум қилди. Шу билан бирга, у “Берлин ҳозир амал қилаётган OIR, UNIFIL, ASPIDES ва NMI миссияларида иштирок этаётган кучлардан ташқари ҳудудга қўшимча ҳарбий куч юбормайди”, деб қайд этди.
28 февралдан — АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан бери жаҳондаги нефт ва суюлтирилган табиий газ ташувининг тахминан бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғози Эрон ҳарбийлари томонидан амалда тўсиб қўйилган. Эрон шунингдек, Форс кўрфази минтақасидаги бир қатор мамлакатларнинг нефт объектлари ва нефт танкерларига ҳам зарба бермоқда. Бу эса жаҳонда нефт ва газ нархларининг кескин ўсишига олиб келди. Трамп ички сиёсий босимни, аввало, ёнилғи нархларининг қимматлашиши сабабли ҳис қилмоқда.
Мавзуга оид
09:15
АҚШ NIS учун вақтинчалик лицензия муддатини яна 30 кунга узайтирди
21:14 / 30.06.2026
АҚШ Олий суди туғилганда фуқаролик олиш ҳуқуқини тасдиқлади
17:54 / 30.06.2026
Миллий гвардия ва Пентагон икки йиллик ҳамкорлик режасини муҳокама қилди
14:37 / 30.06.2026