Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил “Ҳизбуллоҳ” таъминотини узиш учун Ливандаги кўприкни бузди
Исроил Ливан жанубини мамлакатнинг марказий қисми билан боғлаб турган муҳим кўприкни йўқ қилди. Исроил бу ҳаракатни “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш мақсади билан изоҳлади. Ливан расмийлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса Исроилни танқид қилмоқда.
Фото: REUTERS / Amr Abdallah Dalsh
22 март, якшанба куни Исроил ҳарбийлари Ливан жанубини мамлакатнинг марказий қисми билан боғлаб турган ва минтақадаги энг муҳим кўприклардан бири ҳисобланган Литани дарёси устидаги кўприкни вайрон қилди. Бу Исроил ва Ливан ўртасидаги можарода кескинликнинг янги босқичи бўлди.
Шу куннинг ўзидаёқ Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Ливан жанубий чегараси яқинидаги уйларни бузиш ишларини жадаллаштириш ва Литани дарёси устидаги барча кўприкларни йўқ қилиш вазифасини олганини маълум қилди. Бу орқали “Ҳизбуллоҳ” бўлинмаларига қурол-яроғ етказиб беришга тўсқинлик қилиш мақсад қилинган.
Шу орада, ЦАҲАЛ Бош штаби раҳбари, генерал-лейтенант Эял Замир 22 март куни “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги операция кўламини кенгайтириш нияти борлигини билдирди.
“Террористик ташкилот ‘Ҳизбуллоҳ’га қарши операция эндигина бошланди”, — деб унинг сўзларини келтиради AFP агентлиги.
Reuters агентлигининг қайд этишича, фуқаролик инфратузилмаси объектларининг йўқ қилиниши Исроил ҳужумида сезиларли кескинлашув юз бераётганини англатади. Ливан президенти Жозеф Аун Исроил ҳаракатларини қоралади, инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch эса Ливан жанубидаги уйларни бузишни “ҳарбий жиноят” деб атади.
Reuters эслатишича, ўтган ўн кун давомида Исроил Ливан жанубида бир қатор кўприкларни йўқ қилган. Чегарага яқин Ливан қишлоқларидаги уйларни бузиш ҳақида гапирар экан, Исраэл Кац бу чора Исроил жамоаларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарурлигини айтди. Шу муносабат билан мудофаа вазири Ғазо секторида амалга оширилган шунга ўхшаш ҳаракатларни эсга олди — у ерда чегара ҳудудларидаги биноларни йўқ қилиш орқали “буфер зона” деб аталувчи ҳудуд яратилган эди.
Бундан аввал, Исроил оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Мисгав-Ам кибуцида исроиллик шахс Ливан томонидан унинг автомобилига қарши танк снаряди отилиши оқибатида ҳалок бўлган. Бундан ташқари, Ливан жанубидаги жангларда икки нафар исроиллик ҳарбий ўлдирилган.
Ливан томони маълумотларига кўра, Исроил ҳужумлари оқибатида Ливанда 1000 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган. Улар орасида қарийб 120 нафар бола, 80 нафар аёл ва 40 нафар тиббиёт ходими бор. Reuters таъкидлашича, Ливан расмийлари бу статистикада ҳалок бўлган ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакилларини алоҳида кўрсатмайди.
Март ойи бошида Яқин Шарқдаги можаронинг кескин кучайиши фонида Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий фаолиятига “тақиқ” жорий қилди. Мамлакат бош вазири Навоф Салом 2 март куни телевидение орқали қилган мурожаатида гуруҳ аъзоларидан қуролларни давлатга топширишни талаб қилди.
Ливан ҳокимиятининг бу қадами Эрон қўллаб-қувватлаётган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Эрон олий раҳбари Али Хоминаийнинг ўлдирилиши учун “қасос” сифатида Исроилга ракета зарбалари ва дрон ҳужумларини амалга оширганидан кейин ташланди. Исроил ҳарбийларига кўра, ракеталардан бири ҳавода тутиб қолинган, яна бир нечтаси эса очиқ ҳудудларга тушган.
Бу ўққа тутишлардан кейин Исроил жавоб зарбаларини берди. Хусусан, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари “Ҳизбуллоҳ” назоратидаги Байрут жанубий атрофларига кучли авиация зарбаларини йўллади.