Ўзбекистон | 14:14
4127
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда 2 нафар МИБ ходими пора билан қўлга олинди

Сирдарё вилоятида коррупцияга қарши тезкор тадбир давомида Мажбурий ижро бюросининг икки нафар давлат ижрочиси пора олишда қўлга тушди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Мирзаобод туман МИБ бўлимида фаолият юритган икки нафар давлат ижрочисининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Аниқланишича, улар фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2021 йил декабридаги ижро ҳужжатига асосан қарздордан ундирилиши лозим бўлган 30 млн сўм маблағни ноқонуний йўл билан ўзлаштиришга уринган.

Хусусан, давлат ижрочилари қарздор фуқародан ижро ишини тугатиш эвазига 20 млн сўм талаб қилиб, ушбу маблағни олган. Сўнгра улар ундирувчига қарздорнинг оғир аҳволини важ қилиб, атиги 14 млн сўм бериб, 30 млн сўмни тўлиқ олганлиги ҳақида тилхат ёздириб олган.

Тезкор тадбир давомида мазкур шахслар қолган 6 млн сўмни туман прокуратураси биноси олдида ўзаро тақсимлаб олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқароларга шу каби ҳолатларга дуч келганда ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилиш тавсия этилди. Шахс сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид