Жаҳон | 15:27
3451
6 дақиқада ўқилади

“Энергетик оташкесим” – мажбурий чорами ё вақтдан ютиш?

Трамп 5 кунлик “энергетик оташкесим” эълон қилди, лекин воқеаларнинг кейинги ривожи борасида саволлар очиқ қолмоқда. АҚШнинг бу уруши бевосита Эрон, билвосита Хитойга қаратилгани яққолроқ кўринаётгандек. Халқаро ҳуқуқ инқирози – ўрта ва кичик давлатлар учун айниқса хавотирли.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури навбатдаги сонида сиёсий таҳлилчилар Умрбек Юсупов ва Ҳикматилла Казакбаев иштирок этди.

Доналд Трамп Эронга нисбатан беш кунлик “Энергетик оташкесим” эълон қилганини қандай тушуниш мумкин?

Умрбек Юсупов: Бу қарор ортида араб давлатларининг босими бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Чунки бундай масалаларда АҚШ президенти якка ўзи қарор қабул қилмайди.

АҚШ миллий хавфсизлик стратегиясида асосий рақиб сифатида Хитой кўрсатилган, Россия эса иккинчи даражали омил сифатида қаралади. Бугунги кунда иқтисодий қудратнинг ортиши ҳарбий салоҳиятнинг ҳам ошишига олиб келаётгани ҳаммага аён. Шу сабабли Хитойнинг иқтисодий имкониятларини чеклаш орқали унинг ҳарбий қудратини ҳам жиловлаш мумкин деган қараш мавжуд.

Хитой эса бу борада фаол сиёсат юритмоқда. У иқтисодий дипломатия орқали турли минтақаларда ўз таъсирини кенгайтирмоқда. Масалан, 2011 йилда Ливиядаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида қисқа муддат ичида қарийб 40 минг нафар хитойлик ишчи эвакуация қилинган. Бу Хитойнинг у ерда қанчалик кучли иқтисодий иштирокка эга бўлганини кўрсатади.

Шу нуқтайи назардан қараганда, Яқин Шарқдаги вазият ҳам кенгроқ геосиёсий рақобатнинг бир қисми сифатида намоён бўлмоқда. Баъзи таҳлилларга кўра, Хитой Эрон орқали ҳусийларга таъсир ўтказиш имконига эга. Бироқ ҳозирги конфликтнинг кенг кўламли урушга айланиш эҳтимоли паст. Дастлаб 48 соат деб белгиланган муддат, 120 соат (5 кун) деб узайтирилгани ҳам эътиборга лойиқ. Бу ҳолат жараённинг динамик эканини кўрсатади. Вазиятнинг кейинги ривожи кўп жиҳатдан араб давлатлари ва Исроилнинг ушбу ҳолатни қандай қабул қилишига боғлиқ.

Бундан ташқари, вақт ютиш омили ҳам муҳим рол ўйнаши мумкин. Чунки ҳарбий мобилизация мураккаб жараён бўлиб, катта маблағ ва тайёргарликни талаб этади. АҚШ ва Исроилнинг сўнгги ҳарбий харажатлари сезиларли даражада ошгани, қўшимча молиялаштириш масаласини ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда.

Шунингдек, минтақадаги ҳарбий кучларнинг қайта жойлаштирилиши ҳам муҳим омил. Масалан, Осиё-Тинч океани ҳудудидан, шунингдек, Ўрта Ер денгизи ва Қизил денгиз минтақаларидан кучлар Эрон атрофига кўчирилмоқда. Бу эса айрим ҳудудларда вақтинчалик заифлашувга олиб келиши мумкин ва уни қоплаш учун қўшимча ресурслар талаб этилади. Шу сабабли, ҳозирги пауза кўпроқ стратегик вақт ютиш ҳаракати сифатида баҳоланиши мумкин. Агар музокаралар ижобий натижа сифатида тақдим этилса, ушбу муддат яна узайтирилиши эҳтимоли ҳам мавжуд.

Ҳикматилла Казакбаев: Эроннинг эҳтимолий жавоб зарбалари асосан араб давлатларига кўпроқ таъсир қилади. Куни кеча Эрон ракеталари Исроилнинг ядровий объектларига етиб борганини кўриш мумкин. Демак, Эрон жавоб тариқасида Исроилнинг ҳам энергетик инфратузилмасига зарба бериши эҳтимоли мавжуд.

Исроилда тахминан 5 та йирик энергетика объекти мавжуд, Эронда эса уларнинг сони 300 га яқин. Балки Исроилдаги объектларнинг айримлари кичикроқдир, аммо барибир нишонлар сонининг камлиги Эрон учун зарба беришни осонлаштиради. Яъни Эрон аниқ нишонларни белгилаб, қисқа муддатда жиддий зарар етказиши мумкин.

Араб давлатларига келсак, уларнинг энергетика тизимлари ўзаро интеграциялашган. Шу сабабли битта давлатга берилган зарба автоматик равишда бошқаларига ҳам таъсир кўрсатади. Айнан шу омил вазиятни янада мураккаблаштиради. Шу боис, эҳтимол, томонлар кескин қарорлардан қайтиши ҳам мумкин – масалан, бир неча кундан сўнг музокаралар муваффақиятли якунлангани эълон қилиниши эҳтимоли бор.

Очиғи, АҚШнинг бу ҳудудга қўшин олиб келишини дастлаб мен тўлиқ уруш бошланиши сифатида баҳоламаган эдим. Бу кўпроқ Эронга босим ўтказиш, музокараларда устунликка эришиш учун қилинган ҳаракат деб ўйлагандим. Бироқ Исроил омили сабаб вазият кескинлашди. Кўринадики, Исроил музокаралар натижасидан қатъи назар, Эрон билан тўқнашувга олдиндан тайёр бўлган. Гўёки жараён аллақачон ортга қайтмас босқичга кириб бўлганди.

Ҳозирги вазиятда ҳам Трамп қарорларининг оқибатларини ҳисобга олиши керак. Чунки ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар Исроил ва араб давлатларига жиддий зарар етказиши мумкин. Масалан, дастлаб Эронда газ ва нефт объектларига ҳужумлар бошланган эди, кейинчалик тўхтатилди, сабаби – Эроннинг жавоб зарбалари ва бу зарбаларнинг минтақавий оқибатлари.

Масалан, Қатардаги газ инфратузилмасига берилган зарба ҳам суюлтирилган газ бозорига жиддий таъсир кўрсатяпти. Демак, томонлар зарбаларнинг оқибатларини яхши тушунмоқда. Эроннинг эҳтимолий жавоби айрим кичик давлатлар учун янада оғирроқ зарарга олиб келиши мумкин.

Эрон – катта давлат, аҳолиси 90 миллиондан ортиқ. Баҳрайн ёки Қатар каби кичик давлатлар билан солиштирганда, ҳудуд ва инфратузилма жиҳатидан анча устун. Агар улар Эронга бир нечта ракета учирса, бу катта таъсир бермаслиги мумкин. Аммо Эроннинг битта аниқ зарбаси ҳам улар учун жиддий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли юқори.

Бу ерда “нотенг йўқотишлар” тушунчаси юзага чиқади. Масалан, арзон дрон ёрдамида қимматбаҳо ҳарбий тизимлар йўқ қилиниши мумкин, 20 минг долларлик восита 1 миллиард долларлик тизимни ишдан чиқариши эҳтимоли мавжуд. Бу эса замонавий урушларнинг ўзига хос хусусиятини кўрсатади.

Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Тайёрлаган Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид