Трамп 5 кунлик “энергетик оташкесим” эълон қилди, лекин воқеаларнинг кейинги ривожи борасида саволлар очиқ қолмоқда. АҚШнинг бу уруши бевосита Эрон, билвосита Хитойга қаратилгани яққолроқ кўринаётгандек. Халқаро ҳуқуқ инқирози – ўрта ва кичик давлатлар учун айниқса хавотирли.
Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури навбатдаги сонида сиёсий таҳлилчилар Умрбек Юсупов ва Ҳикматилла Казакбаев иштирок этди.
— Доналд Трамп Эронга нисбатан беш кунлик “Энергетик оташкесим” эълон қилганини қандай тушуниш мумкин?
Умрбек Юсупов: Бу қарор ортида араб давлатларининг босими бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Чунки бундай масалаларда АҚШ президенти якка ўзи қарор қабул қилмайди.
АҚШ миллий хавфсизлик стратегиясида асосий рақиб сифатида Хитой кўрсатилган, Россия эса иккинчи даражали омил сифатида қаралади. Бугунги кунда иқтисодий қудратнинг ортиши ҳарбий салоҳиятнинг ҳам ошишига олиб келаётгани ҳаммага аён. Шу сабабли Хитойнинг иқтисодий имкониятларини чеклаш орқали унинг ҳарбий қудратини ҳам жиловлаш мумкин деган қараш мавжуд.
Хитой эса бу борада фаол сиёсат юритмоқда. У иқтисодий дипломатия орқали турли минтақаларда ўз таъсирини кенгайтирмоқда. Масалан, 2011 йилда Ливиядаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида қисқа муддат ичида қарийб 40 минг нафар хитойлик ишчи эвакуация қилинган. Бу Хитойнинг у ерда қанчалик кучли иқтисодий иштирокка эга бўлганини кўрсатади.
Шу нуқтайи назардан қараганда, Яқин Шарқдаги вазият ҳам кенгроқ геосиёсий рақобатнинг бир қисми сифатида намоён бўлмоқда. Баъзи таҳлилларга кўра, Хитой Эрон орқали ҳусийларга таъсир ўтказиш имконига эга. Бироқ ҳозирги конфликтнинг кенг кўламли урушга айланиш эҳтимоли паст. Дастлаб 48 соат деб белгиланган муддат, 120 соат (5 кун) деб узайтирилгани ҳам эътиборга лойиқ. Бу ҳолат жараённинг динамик эканини кўрсатади. Вазиятнинг кейинги ривожи кўп жиҳатдан араб давлатлари ва Исроилнинг ушбу ҳолатни қандай қабул қилишига боғлиқ.
Бундан ташқари, вақт ютиш омили ҳам муҳим рол ўйнаши мумкин. Чунки ҳарбий мобилизация мураккаб жараён бўлиб, катта маблағ ва тайёргарликни талаб этади. АҚШ ва Исроилнинг сўнгги ҳарбий харажатлари сезиларли даражада ошгани, қўшимча молиялаштириш масаласини ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда.
Шунингдек, минтақадаги ҳарбий кучларнинг қайта жойлаштирилиши ҳам муҳим омил. Масалан, Осиё-Тинч океани ҳудудидан, шунингдек, Ўрта Ер денгизи ва Қизил денгиз минтақаларидан кучлар Эрон атрофига кўчирилмоқда. Бу эса айрим ҳудудларда вақтинчалик заифлашувга олиб келиши мумкин ва уни қоплаш учун қўшимча ресурслар талаб этилади. Шу сабабли, ҳозирги пауза кўпроқ стратегик вақт ютиш ҳаракати сифатида баҳоланиши мумкин. Агар музокаралар ижобий натижа сифатида тақдим этилса, ушбу муддат яна узайтирилиши эҳтимоли ҳам мавжуд.











