Ўзбекистон | 12:24 / 24.03.2026
2373
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳайдовчилар учун Японияда 200 та иш ўрни очилди

Миграция агентлиги ҳамда Япониянинг Proud Partners компанияси Ўзбекистон фуқароларини Японияда ҳайдовчилик соҳасида ишга таклиф этмоқда. Дастур доирасида юк етказиб берувчи ҳайдовчилар учун жами 200 та иш ўрни ажратилган.

Фото: Kun.uz 

Маълум қилинишича, номзодлар 2026 йил апрел ойида Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида бошланадиган 8 ойлик бепул ўқув курсларида иштирок этиши керак. Ўқув давомида қатнашчилар бепул ётоқхона билан таъминланади.

Танловда 21 ёшдан 35 ёшгача бўлган, BC тоифадаги (C тоифани олганига камида 3 йил бўлган) ҳайдовчилик гувоҳномасига эга фуқаролар иштирок этиши мумкин. Япон тилини билувчиларга устунлик берилади.

Маош миқдори ойига 1200–2000 АҚШ долларини ташкил этиб, қўшимча иш соатлари орқали даромадни ошириш имконияти ҳам мавжуд. Шунингдек, иш унумдорлигига қараб йилига икки марта бонуслар берилади.

Номзодларга авиачипта харажатлари қопланиши, ишчи визани расмийлаштириш, тиббий ва ижтимоий суғурта каби имтиёзлар тақдим этилади. Турар жой иш берувчи томонидан таъминланади ва унинг харажати иш ҳақидан ушлаб қолинади.

Танлов 30 мартдан 3 апрелгача онлайн суҳбат шаклида ўтказилади. Қатнашиш истагидагилар Миграция агентлигининг “Хорижда иш” платформаси орқали рўйхатдан ўтиши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид