Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия иқтисодиётида пасайиш бор — Путин
Россия президенти сўзларига кўра, аввало, асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг “паст, манфий динамикаси” эътиборни тортади. Владимир Путин 2026 йил январ ойида Россия ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 фоизга паст бўлганини қайд этди.
Фото: kremlin.ru
Россия президенти Владимир Путин Россия иқтисодиётида пасайиш борлигини тасдиқлади. Иқтисодий масалаларга бағишланган йиғилиш 23 март, душанба куни бўлиб ўтди.
Россия раҳбари сўзларига кўра, энг аввало, “асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг паст, манфий динамикаси” кўзга ташланмоқда.
Путиннинг таъкидлашича, январ ойида Россия ялпи ички маҳсулоти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 фоизга кам бўлган. Саноат ишлаб чиқариши эса 0,8 фоизга пасайган.
Фойдали қазилмалар қазиб олиш ҳажми 0,5 фоизга ўсган, аммо бу кўрсаткич жаҳонда энергия ташувчилар нархи ошишидан олдинги даврда қайд этилган.
Молия вазирлигининг дастлабки баҳосига кўра, январ–феврал ойлари якунлари бўйича бюджет тақчиллиги 3,4 трлн рублни ташкил этган.
Бу 2025 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 1 трлн рублга кўп.
Шу билан бирга, Россия Фанлар академиясининг Халқ хўжалигини прогнозлаш институти корхоналар баҳолари асосида ҳисоблайдиган саноат оптимизми индекси март ойида минус 20 пунктгача тушган.
Бу 2020 йил апрелидан бери энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Ўшанда саноатдаги салбий кайфият пандемия билан боғлиқ бўлган эди.
Ушбу тенденция талабнинг амалдаги динамикаси билан изоҳланмоқда. Март ойида у минус 35 пунктгача пасайган.
Шу билан бирга, Россия раҳбари Россия нефт-газ компаниялари “жаҳон углеводород котировкалари ўсишидан тушган қўшимча даромадлар”ни қарз юкини камайтириш ва Россия банклари олдидаги қарздорликни ёпишга йўналтириши кераклигини билдирди.
Кремлга яқин иқтисодчилар йил охиригача Россия иқтисодиёти рецессияга кириб қолиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда 20 март куни “Известия” газетаси Россия президенти администрациясига яқин ҳисобланган Макроиқтисодий таҳлил ва қисқа муддатли прогнозлаш маркази ҳисоботига таяниб ёзган.
Нашр сўров ўтказган экспертлар фикрича, Россия иқтисодиёти ўсишини юқори асосий ставка, анча эҳтиёткор бюджет сиёсати, кадрлар танқислиги ва инвестициявий танаффус секинлаштирмоқда.
Жумладан, “АМаркетс” вакили Игор Расторгуев фикрича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши сабаб нефт нархлари кўтарилган тақдирда ҳам рецессия эҳтимолий сценарий бўлиб қолаверади.
Хусусан, инфляциянинг янги босқичи Россия Марказий банкини асосий ставкани пасайтиришни тўхтатиб туришга мажбур қилиши мумкин. Айнан шу пасайтириш салбий сценарийнинг олдини олиши мумкин эди.