Жаҳон | 19:52
13310
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Эрон бир-бирига ултиматум қўймоқда

Музокаралар ўтказилган тақдирда ҳам бу талаблар бўйича келишувга эришиш имконсиз.

Фото: Vahid Salemi / AP / Scanpix / LETA

АҚШ воситачилар орқали Эронга урушни тўхтатиш ҳақидаги келишув лойиҳасини етказган. The New York Times хабарига кўра, у 15 банддан иборат. Журналистлар тўлиқ матнни кўришмаган, аммо матндан хабардор бўлган манбаларига асосланиб, ундаги асосий қоидаларни келтиришган.

АҚШнинг шартлари

  • Эрон ўз ҳудудида уранни бойитишни тўлиқ тўхтатиши керак.
  • Эрон ўз ядровий объектлари, жумладан, Натанз ва Фордодаги уранни бойитиш заводларини, Исфаҳондаги тадқиқот маркази ҳамда ядро ёқилғисини ишлаб чиқариш заводини демонтаж қилиши керак.
  • Эрон ўзидаги юқори даражада бойитилган уран захирасини Халқаро атом энергетикаси агентлигига топшириши керак.
  • Эрон ўз баллистик ракеталари сони ва учиш масофасини чеклаши керак.
  • Эрон Яқин Шарқдаги прокси-гуруҳлари, жумладан, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ», Ямандаги «Ансар Аллоҳ» (ҳусийчилар), Ироқдаги «Катаиб Ҳизбуллоҳ» ҳамда фаластинликларнинг Ҳамас гуруҳларини қўллаб-қувватлашни тўхтатиши керак.
  • Эрон Ҳўрмуз бўғозида кемалар тўлиқ эркин сузишини таъминлаши керак.

Бу шартлар бажарилган тақдирда Эрондан барча санкциялар олиб ташланади. Бундан ташқари, АҚШ Бушеҳрдаги АЭС қурилишини якунлашда Эронга ёрдам ваъда қилган.

Эроннинг шартлари

The Wall Street Journal журналистлари ҳам манбаларга таянган ҳолда Эроннинг шартлари тўғрисида хабар беришган.

  • АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эронга етказилган зарарни тўлиқ қоплаши керак (ҳозирча бу зарарнинг тахминий миқдори ҳам маълум эмас).
  • Эрон Ҳўрмуз бўғозидаги кемачилик устидан тўлиқ назорат ўрнатиши ва ўтаётган кемалардан тўлов ундириши керак – худди Миср Сувайш каналидан фойдаланувчи кемалардан тўлов ундиргани каби.
  • АҚШ Эронга ўзи ҳамда иттифоқчилари (биринчи навбатда Исроил) томонидан бошқа ҳужум қилинмаслигига кафолат бериши керак.
  • Исроил Ливанда «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши амалиётини тўхтатиши керак.
  • АҚШ Яқин Шарқдаги барча ҳарбий базаларини ёпиши керак (бундай базалар Форс кўрфазининг барча мамлакатларида – Кувайт, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, БАА, шунингдек, Ироқ, Иордания ва Сурияда мавжуд).
  • Эрондан барча санкциялар бекор қилиниши керак.
  • Эрон ракета дастурига ҳеч қандай чеклов қўйилмайди.

Бундан нима чиқади?

Тўғридан тўғри музокаралар бошланадими, йўқми, буниси номаълум, аммо можаронинг икки томони ҳам олдиндан ўзини ғолиб деб ҳисобламоқда. АҚШ ҳам, Эрон ҳам келишиб бўлмайдиган максималистик талабларни илгари сурмоқда.

Axios нашри ёзишича, Эрон талабларидаги максимализм мамлакат раҳбарияти Трамп музокараларга жиддий ёндашмаяпти деб ҳисоблаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. АҚШ Яқин Шарқда ҳарбий иштирокини кучайтиришда давом этмоқда – хусусан, минтақага десант бўлинмалари ташланмоқда.

Эрондагилар фикрича, эҳтимолий музокараларни муҳокама қилиш эронликларнинг ҳушёрлигини пасайтириш учунгина мўлжалланган. АҚШ эса Эрон музокараларга розилик бермаса, унга нисбатан ҳарбий босимни кучайтириши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид