Жаҳон | 12:19
2114
13 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Эроннинг эҳтимолий музокаралари. Бу ҳақда нималар маълум?

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трампнинг «жуда яхши ва самарали музокаралар» ҳақидаги сўзларига терс ўлароқ, Эрон урушни якунлаш бўйича АҚШ билан музокаралар ўтказилаётганини рад этмоқда.

Ғарб нашрлари манбалари ҳали тўғридан тўғри контакт ўрнатилмаган бўлса-да, учрашувга тайёргарлик кўриш ҳамда Покистон, Миср, Ўмон каби кўп сонли воситачилар ёрдамида музокаралар бошлаш белгилари мавжудлигини айтишмоқда.

Шу билан бирга, АҚШ ва Исроил Эрон раҳбариятининг деярли барча асосий вакилларини ўлдириб юборгани туфайли эҳтимолий музокараларда Теҳроннинг манфаатларини ким ифода этиши бўйича савол очиқ қолмоқда.

BBC рус хизмати бу мавзудаги асосий версияларни кўриб чиқди.

Трамп нима деганди?

23 март куни Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШ ва Эрон сўнгги кунларда «Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ ва ҳар томонлама тартибга солиш» тўғрисида «жуда яхши ва самарали»музокаралар олиб боргани ҳақида маълум қилганди.

«Бир ҳафта давом этадиган ушбу чуқур, батафсил ва конструктив музокараларнинг характери ва оҳангидан келиб чиқиб, мен мудофаа вазирлигига Эрон электр станциялари ва энергетика инфратузилмасига ҳар қандай ҳарбий зарбаларни беш кунга кечиктиришни буюрдим», – деб ёзганди Трамп.

Бозор дарҳол унинг баёнотига реакция кўрсатди: нефт нархи бир баррел учун 100 доллардан пастга тушди. Ундан олдинроқ, АҚШнинг Эрон бўйлаб янги зарбалари таҳдиди ва Теҳроннинг бунга жавоб қайтариш ваъдаси фонида нархлар кўтарилиб кетганди.

Шу куни Мемфисдаги чиқишида Трамп Вашингтон Эрон билан «анчадан буён музокара олиб бораётгани ва бу сафар барчаси жиддийлиги» ҳақида гапирди.

«Ўйлайманки, якунда бу барча учун фойдали келишув бўлиши мумкин», – деди Трамп ва Эрон тинчлик учун яна бир имконга эга бўлганини қўшимча қилиб, улар бундан фойдаланишига умид билдирди.

У 24 март куни ҳам Оқ уйдаги матбуот анжуманида шу мавзудаги саволларга жавоб қайтариб, яна бир бор Эрон ядро қуролидан воз кечишга рози бўлганини таъкидлади.

«Айтишим мумкинки, улар келишув тузишни хоҳламоқда – уларнинг ўрнида бўлганида ким ҳам хоҳламасди? Ўзингиз қаранг: уларнинг флоти йўқ қилинди, уларнинг авиацияси йўқ қилинди, уларнинг алоқа тизимлари йўқ қилинди», – деди Трамп. У Эрон билан музокараларда АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳамда вице-президент Жей Ди Вэнс иштирок этаётганини қўшимча қилган.

Эрон томони музокаралар ҳақида нима демоқда?

Эрондан бир-бирига зид сигналлар келиб турибди. Теҳрондагилар расман Трампнинг музокаралар ҳақидаги баёнотини тасдиқламади. Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги «кескинликни юмшатиш ташаббуслари» ҳақида баёнот берди. Вазирликка кўра, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўмонлик ҳамкасби билан Ҳўрмуз бўғози билан боғлиқ воқеаларни муҳокама қилган ва икки давлат ўртасидаги маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олган.

Шу билан бирга, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши янги ҳужумлар бошланганини маълум қилиб, Трампнинг музокаралар ҳақидаги сўзларини «Теҳроннинг курашни давом эттириш қатъиятига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайдиган психологик операция» деб атаган.

Эрондаги нуфузли шахслардан бири, парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф ҳам АҚШ билан музокаралар ҳақидаги хабарларни рад этиб чиқди. Унинг Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган постда музокаралар бошлангани ҳақидаги баёнот бозорни тинчлантиришга уриниш сифатида баҳоланган.

«АҚШ билан ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаяпти. Фейк янгиликлар эса молия ва нефт бозорларини манипуляция қилиш ҳамда АҚШ ва Исроил тушиб қолган ботқоқдан чиқиш учун ишлатилмоқда», – дея ёзган у.

«Эрон халқи тажовузкорларнинг бутунлай тавба қилишини ва жазоланишини талаб қилади. Эроннинг барча расмийлари мақсадга эришилгунга қадар ўз олий раҳбари ва халқини қатъий қўллаб-қувватлайди», – дея қўшимча қилган Ғолибоф.

Шу фонда Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг юқори мартабали вакили Американинг CBS News телеканалига Теҳрон АҚШдан «таклифлар» олгани, ҳозирда Эрон ҳукумати уларни кўриб чиқаётганини айтди.

Бу хабар «икки душман давлат ўртасидаги музокараларнинг даракчиси бўлиши мумкинлиги» қайд этилган.

Axios нашри манбаси ҳам АҚШ ва Эрон ўртасидаги таклифлар алмашинуви ҳақида гапирган: у Вашингтон ва Теҳрон вакиллари шахсан учрашмаганини таъкидлаган.

Покистондаги музокараларга тайёргарлик ҳақида нималар маълум?

Ҳозирча Эрон ва АҚШ ўртасида тўғридан тўғри контакт ўрнатилмаган, бироқ Миср, Покистон ва Форс кўрфази давлатлари музокараларга тайёргарлик бошлангани ҳақида маълум қилган. Покистон расмийси ва яна бир манбанинг Reuters журналистларига айтишича, урушни тўхтатиш бўйича тўғридан тўғри музокаралар шу ҳафта Исломободда бўлиб ўтиши мумкин.

Агентликнинг Покистон раҳбариятидаги манбаси АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, шунингдек Уиткофф ва Кушнер шу ҳафтада Исломободда Эрон расмий шахслари билан учрашиши кутилаётганини айтган.

Reuters суҳбатдошига кўра, бундан аввалроқ Трамп ва Покистон армияси бош қўмондони Асим Мунир ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган. Оқ уй BBC сўровига жавобан Трамп ва Мунир ўртасидаги мулоқот чиндан бўлиб ўтганини тасдиқлаган.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт Уиткофф ва Кушнернинг Исломободга бориши юзасидан шундай деган: «Бу нозик дипломатик музокаралар ва АҚШ музокараларни матбуот орқали олиб бормайди. Вазият мунтазам равишда ўзгариб туради ва учрашувлар ҳақидаги тахминлар Оқ уй томонидан расман эълон қилинмагунча якуний деб ҳисобланмаслиги керак».

Покистон – азалдан АҚШнинг минтақадаги иттифоқчиси, лекин ушбу мамлакат Америка ҳарбий базалари жойлаштирилмагани туфайли Эрон томонидан ҳужумга учрамаган.

Худди шу вақтда Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Эрондаги урушнинг минтақавий ва глобал хавфсизликка таъсирини муҳокама қилган.

Покистон ташқи ишлар вазирлиги вакили Тоҳир Андраби BBC билан суҳбатда агар «томонлар шуни исташса», унинг мамлакати «музокараларни қабул қилишга доим тайёрлиги»ни айтган. Шу билан бирга, у Исломободда музокараларга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги хабарни тасдиқламаган ва рад этмаган.

У Покистон «минтақада тинчлик ва барқарорликка кўмаклашиш учун мулоқот ва дипломатия тарафдори бўлиб келаётгани»ни таъкидлаган.

BBC мухбири Лиз Дюсет кўплаб давлатлар, жумладан Покистон, Туркия ва Миср минтақадаги кескинлик даражасини пасайтиришга ва Исроил ва АҚШнинг Эрон билан можаросини тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилаётгани, шундай воситачилардан яна бири Эрон кўпроқ ишонадиган Ўмон султонлиги эканини қайд этган.

Ҳозирча барча саъй-ҳаракатлар музокараларга тайёргарликнинг дастлабки босқичи бўлиб кўринмоқда, дейди Лиз Дюсет.

Ким билан келишиш керак?

Кейинги муҳим масала – АҚШ ва Исроилнинг авиазарбаларидан кейин Эрон олий раҳбариятининг деярли барча вакиллари ўлдирилган шароитда музокараларда Эрон томонидан ким қатнашиши ҳақида.

Трамп музокаралар тўғрисидаги баёнотларида бу борада аниқлик киритмаган. У фақат ўз вакиллари «Эроннинг юқори мартабали ва ҳурматга сазовор мулозими» билан гаплашаётганини айтган.

Reuters агентлиги Исроил раҳбариятидаги манбаларга таяниб, Уиткофф ва Кушнер билан алоқа ўрнатган эронлик мулозим парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф эканини хабар қилган.

Axios нашрининг Исроил ҳукуматидаги манбаси ҳам Трамп катта эҳтимол билан Ғолибоф ҳақида гапираётганини билдирган. Унинг маълумотига кўра, воситачилар Трампнинг вакиллари ва Ғолибоф ўртасида телефон мулоқотини, имкон қадар ўзаро учрашувни ҳам ташкиллаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Нашрнинг тайёргарлик жараёнидан хабардор манбаси фикрича, Ғолибофнинг Эрон раҳбарияти орасида юқори мавқега эгалиги, Эроннинг янги олий раҳбари Мужтаба Хоманаий ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига яқинлиги сабабли унинг жалб этилиши муҳим аҳамиятга эга бўлади. Ғолибофнинг ўзи эса АҚШ билан ҳар қандай алоқани рад этмоқда.

Бироқ, у музокаралар учун ягона номзод бўлмаслиги мумкин. Axios бундай музокараларда мамлакат номидан иштирок этиши мумкин бўлган Эрон раҳбарияти вакиллари рўйхатини келтирган.

Расман биринчи номзод – оятуллоҳ Хоминаийнинг вориси ва унинг ўғли Мужтабадир, бироқ у шу пайтгача омма олдида кўриниш бермаган, бундан ташқари, Трамп Эронда ҳокимият тез орада ўзгариши мумкинлигини айтган. Axios журналисти Барак Равиднинг ёзишича, Марказий разведка бошқармаси ва «Моссад» у тинчлик музокаралари жараёнига қўшилгани аломатларини кўрмаяпти.

Яна бир вариант – Эрон президенти Масъуд Пизишкиён. Axios у Эрон раҳбариятидаги биринчи шахс бўлмаса-да, охиргиси ҳам эмаслигини ва режимнинг мўътадил вакили ҳисобланишини қайд этган. Пизишкиён Эрондаги кундалик бошқарув жараёнида иштирок этади, бироқ у, эҳтимол, Эронда ҳарбий ҳаракатларни режалаштириш ёки дипломатия олиб бориш жараёнида марказий ўринни эгалламайди, дея хулоса қилади Axios.

Навбатдаги номзод – мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бўлиб, Wall Street Journal уни амалдаги режимга ўта содиқ бўлган муросасиз музокарачи деб таърифлайди. Бу унинг имкониятларини пасайтиради, шунингдек, АҚШ унинг мақомини бундай даражадаги музокаралар учун етарлича юқори эмас деб баҳолаши мумкин. У уруш бошланганидан бери Уиткофф билан мулоқот қилмади.

Ниҳоят, ўзининг мамлакатни бошқаришдаги муҳим ролига кўра, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбарияти вакили ҳам музокарачи сифатида кўрсатилиши мумкин ва Корпуснинг урушни тўхтатиш бўйича музокараларда бевосита рол ўйнаши эҳтимолдан йироқ бўлса-да, у можаронинг боришига ва уни ҳал қилиш бўйича ҳар қандай уринишларга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

АҚШ Эронда муайян бир кишини танламаган, деб ҳисоблайди BBC мухбири Лиз Дюссет. «Трамп венесуэлалик Делси Родригеснинг Эрондаги версиясини – ўз иродасига бўйсундира оладиган нуфузли, аммо прагматик ўйинчини излашда давом этмоқда», – деб ёзади Дюсет Эронда ҳокимиятга келган радикал кучлар урушни тўхтатиш учун жуда катта талаблар қўяётганини таъкидлаб.

Янги зарбалар

Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги эҳтимолий алоқалар муҳокамаси ва Трампнинг бу борада беш кун давомида Эрон энергетика обектларига ҳужум қилмасликка ваъда бериши фонида Исроил ва Эрон бир-бирига зарба беришда давом этди.

Исроилда Эрон зарбасидан шикастланган бино
Фото: Reuters

Душанба куни кечқурун Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Исроилнинг бир қанча шаҳарларига, жумладан, Димона ва Тел-Авивга, шунингдек, Американинг минтақадаги бир қатор базаларига зарба берганини маълум қилди. Исроил ҳарбийлари ҳам шу куни Трампнинг музокаралар ҳақидаги баёнотидан кейин биринчи марта Эрондан ракеталар учиб келганини маълум қилди.

Хайфа яқинида жойлашган Нешир шаҳридаги камида битта бино ракета ҳужумидан зарар кўрган. Исроил фавқулодда хизматлари маълумотларига кўра, бир аёл бошпанага кетаётганда осколкадан жароҳат олган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу душанба кунги видеомурожаатида Исроил Ливан ва Эрондаги нишонларга зарба беришда давом этишини айтганди.

«Биз ҳар қандай сценарийда ҳам ҳаётий муҳим манфаатларимизни ҳимоя қиламиз», – деганди у.

BBC’нинг икки манбасига кўра, 24 март куни Исроил Теҳронга зарба беришни тиклаган. Эрон нашрлари ҳам Теҳроннинг шарқий ҳудудларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаётгани ҳақида хабар берган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид