Жаҳон | 17:51
2205
2 дақиқада ўқилади

Демократлар Трамп қароргоҳи жойлашган округдаги сайловда ғалаба қозонди

АҚШ Демократик партияси номзоди Эмили Грегори Флорида штати Вакиллар палатаси сайловида ғалаба қозонди. Палм-Бич округида АҚШ президенти Доналд Трампнинг Мар-а-Лаго қароргоҳи жойлашган.

Фото: Getty images

Демократик партиядан номзод Эмили Грегори, дастлабки маълумотларга кўра, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Мар-а-Лаго клуби ва қароргоҳи жойлашган Флоридадаги 87-Палм-Бич сайлов округида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловда ғалаба қозонди. Овозларнинг 95 фоиздан ортиғини ҳисоблаш натижаларига кўра, у 51,2 фоиз овоз тўплади, Трамп қўллаб-қувватлаган республикачи Жон Меплс эса 48,8 фоиз овоз тўплади, деб хабар берди CNBC.

Нашрнинг ёзишича, 2024 йилги президентлик сайловида республикачиларнинг устунлиги ушбу округда деярли 20 фоизни ташкил этган эди. Энди демократлар ўз номзоди ғалабасини 2026 йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар олдидан Республикачилар партияси учун огоҳлантирувчи сигнал сифатида кўрсатмоқда.

Трамп 2025 йил январида Оқ уйга қайтганидан бери, демократлар маълумотларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб штатларнинг қонун чиқарувчи йиғилишларидаги 29 та ўрин республикачилардан Демократик партия номзодларига ўтган.

Навбатдан ташқари сайловлар 2024 йилда деярли 20 фоиз устунлик билан ғалаба қозонган республикачи Майк Карузо ўрнини тўлдириш учун ўтказилди. У 2025 йил август ойида Палм-Бич округи котиби бўлиш учун истеъфога чиқди ва бу лавозимга губернатор Рон Десантис томонидан тайинланди, у 2024 йилда Республикачилар партиясидан президентликка муваффақиятсиз номзод бўлган, аммо Трамп фойдасига ўз номзодини қайтариб олган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид