Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Ливан жанубидаги ҳарбий назоратни сақлаб қолмоқчи
The New York Times ёзишича, Доналд Трамп Эрон билан музокара олиб бораётган бир пайтда, Исроил Ливан ҳудудининг бир қисмини назорат қилиш ниятида. Мудофаа вазири эса Исроил Литани дарёси устидаги бешта кўприкни йўқ қилганини қўшимча қилди.
Фото: Odd Andersen/Agence France-Presse — Getty Images
Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Ливан жанубидаги назорат ҳудудини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 24 март, сешанба куни Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац маълум қилди. The New York Times (NYT) газетаси бу ҳолатни Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ливандаги ҳаракат — “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги ҳужум кучайиб бораётганининг белгиси, деб баҳолади.
Кац таъкидлашича, Исроил Литани дарёсининг жанубидаги ҳудуд устидан назоратни сақлаб қолади. NYT ёзишича, ЦАҲАЛ шунингдек АҚШ президенти Доналд Трамп урушни тўхтатиш учун Эрон билан музокара олиб бораётган даврда Ливан ҳудудининг катта қисмини назорат қилиш учун замин ҳозирламоқда.
“Жанубий Ливандан эвакуация қилинган юз минглаб аҳоли, то Исроилнинг Ливан билан чегарадош шимолий ҳудудлари аҳолиси хавфсизлиги таъминланмагунча, Литани дарёсининг жанубига қайтмайди”, — деди Кац. У бу ерда Исроилнинг Ливан билан чегараси яқинида яшовчи аҳолини назарда тутган.
Мудофаа вазири, шунингдек, Исроил дарё устидаги бешта кўприкни йўқ қилганини айтди. Унинг таъкидлашича, “Ҳизбуллоҳ” мазкур кўприклардан қўшимча кучларни ўтказиш учун фойдаланган. Бироқ газетанинг аниқлашича, бу кўприклар маҳаллий тинч аҳоли учун ҳам ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, улар орқали касалхоналарга бориш ва дори-дармон етказиб бериш амалга оширилади.
Бундан аввал, 23 март куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ЦАҲАЛ Эрон ва Ливандаги нишонларга зарбалар беришни давом эттираётганини айтган эди.
“Биз ҳам Эронга, ҳам Ливанга зарба беришда давом этяпмиз. Биз (Эроннинг) ракета ва ядровий дастурини яксон қиляпмиз ва ‘Ҳизбуллоҳ’га жиддий зарар етказишда давом этяпмиз”, — деди ҳукумат раҳбари.
Март ойи бошида Яқин Шарқдаги можаро кескин кучайган бир шароитда, Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий фаолиятига “зудлик билан тақиқ” жорий қилди. Мамлакат бош вазири Навоф Салом 2 март куни телевидение орқали мурожаатида гуруҳ аъзоларидан қуролларни давлатга топширишни талаб қилди.
Ливан ҳукуматининг бу қадами Эрон қўллаб-қувватлайдиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Эрон олий раҳбари Али Хоминаийнинг ўлдирилиши учун “қасос” сифатида Исроилга ракета зарбалари ва дрон ҳужумларини амалга оширганидан сўнг ташланди. Исроил ҳарбийлари маълумотига кўра, ракеталардан бири тутиб қолинган, яна бир нечтаси эса очиқ ҳудудларга тушган.
Бу ўқ узишлардан сўнг Исроил жавоб зарбаларини берди. Хусусан, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари “Ҳизбуллоҳ” назорати остида бўлган Байрут жанубий атрофларига кучли ҳаво зарбаларини йўллади.
АҚШ ва Исроил 28 февралдан бери Эронга ҳаво зарбаларини бериб келмоқда. Бу ҳужумлар оқибатида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ва қатор юқори лавозимли амалдорлар ҳамда куч ишлатар тизим вакиллари ҳалок бўлган.
Жавоб тариқасида Эрон Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар билан ҳужум қилмоқда. Ислом Республикаси баёнотларига кўра, бу ҳужумларнинг мақсади минтақадаги Америка ҳарбий базаларидир.
Эрон зарбалари остида Форс кўрфазидаги бир қатор давлатлардаги нефт омборлари ва нефт танкерлари ҳам қолган. Бундан ташқари, уруш бошланганидан буён Эрон ҳужумларидан Озарбойжон ва Европа Иттифоқига вақтинча раислик қилаётган Кипр ҳам жабр кўрган.