Жаҳон | 11:53 / 25.03.2026
4140
1 дақиқада ўқилади

Полшада Ўзбекистон фуқароси вафот этди

Полшанинг Жерардов шаҳрида жойлашган тиббиёт муассасасида Ўзбекистон фуқаросининг вафот этгани маълум қилинди.

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, 1993 йилда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида туғилган фуқаро вирусли инфекция асоратида ривожланган ўткир нафас етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат суд-тиббий экспертиза хулосасида ҳам тасдиқланган. Унга кўра, организмда кислород етишмовчилиги юзага келиб, ўпка фаолияти ҳамда қон айланиши тизимида жиддий бузилишлар кузатилган.

Элчихона дипломатлари марҳумнинг жасадини ватанга қайтариш бўйича зарур ташкилий ишларини амалга оширган. Жумладан, санитария-эпидемиология ва аэропорт хизматларидан тегишли рухсатлар олиниб, барча ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Маълум қилинишича, жасадни Ўзбекистонга олиб келиш билан боғлиқ барча харажатлар иш берувчи томонидан қопланган.

Ҳозирги вақтда марҳум жасадини 25–26 март кунлари ватанга қайтариш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид