Жаҳон | 07:17
3521
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда илмий-фантастик услубдаги осмонўпар бино қурилиши бошланди

Янги пирамидал шаклдаги осмонўпар бинога биринчи қарашдаёқ уни фантастик филмдан олинган кадр ёки чиройли тақдимот билан чекланиши мумкин бўлган навбатдаги жасур концепт деб қабул қилиш мумкин. Бироқ визуализациялардан ташқарида ҳам лойиҳа ҳақиқий шакл касб этган: қурилиш ишлари бошланғич босқичга чиққан.

Фото: Skidmore, Owings & Merrill

Alatau Iconic Complex and Gateway District деб ном олган мажмуа Skidmore, Owings & Merrill (SOM) архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Бу АҚШдаги энг баланд осмонўпар бино ва дунёдаги энг баланд иншоот лойиҳасини яратган бюродир.

Ушбу ҳудуд Қозоғистонда ҳозир барпо этилаётган янги Алатау шаҳрида жойлашади ва у мамлакатнинг иқтисодий ҳамда маъмурий марказига айланиши кутилмоқда.

Композициянинг марказий қисми ўхшаш, аммо асимметрик шаклларга эга бўлган икки минорадан иборат бўлади. Уларнинг ташқи кўриниши Иле Олатау тоғ тизмаси водийлари ва музликларидан илҳомланган.

Мазкур ҳудуд юқори сейсмик фаоллик билан ажралиб тургани сабабли, миноралар лойиҳасида уларнинг барқарорлигини таъминлаш учун жиддий хавфсизлик чоралари кўзда тутилган. Ҳозирча муҳандислар қайси тизим танланиши бўйича якуний қарорга келмаган: ёки автомобил подвескаси тамойили асосида ишлайдиган японча сейсмик тебранишларни юмшатиш модели, ёки ўта мустаҳкам пўлат каркасдан фойдаланишга асосланган Америка ёндашуви қўлланиши мумкин.

Асосий миноранинг баландлиги 272 метр бўлади. Унда офис бинолари ва элита тоифасидаги турар жойлар жойлашади. Қурилиш якунлангач, у Олмаота минтақасида ва Қозоғистон жанубидаги энг баланд бино бўлади.

Унинг ёнида жойлашадиган 80 метрли иккинчи минорада эса ҳашаматли меҳмонхона ва апартаментлар бўлади, бу эса ҳудуднинг кўп функцияли хусусиятини янада кучайтиради.

Ҳар икки бино юқори самарадор фасадлар ва қуёш иссиқлигини камайтирадиган соялаш тизимлари билан жиҳозланади. Марказий атриумлар эса табиий ёруғликнинг чуқур кириб боришини таъминлайди ва атрофдаги тоғларга панорамали манзара очади.

Миноралар пойдеворида яшилликка бурканган, уч қаватли стилобат жойлашади. Унда дўконлар, маданий маконлар ва тадбирлар ўтказиш майдонлари бўлади.

Қурилиш майдонида тайёргарлик ишлари аллақачон фаол олиб борилмоқда, кенг кўламли ер ишларини эса май ойида бошлаш режалаштирилган.

Ҳар икки осмонўпар бинони 2029 йил охиригача қуриб битказиш кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид