Жамият | 19:10
2226
3 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда икки киши мушукларни қийнаб ўлдирди

Ижтимоий тармоқларда Бўстонлиқда мушуклар қийноққа солингани ва ўлдирилгани акс этган видеолар тарқалди. Икки киши уларни тепган ва милтиқдан ўқ узган. Воқеа 2025 йил декабрда содир бўлган. Айбдорлар аниқланиб, суд қилинди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлингани акс этган видеолар тарқалди.

Кадрларда бино ичида бир киши мушукни тепиб, унга жароҳат етказгани акс этган. Жонивор ўзини олиб қочишга уринган, бироқ лавҳаларнинг бирида у ҳаракатсиз бўлиб қолганини кўриш мумкин. Шундан сўнг зўравон уни кўтариб, хонадан чиқиб кетган.

Кейинроқ кадрда қўлида қурол бўлган бошқа бир эркак пайдо бўлади. У ҳам мушукларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиб, милтиқдан улар томон бир неча бор ўқ узади. Бошқа бир ёзувда эса арқонга осиб қўйилган жонсиз мушукни кўриш мумкин.

Тошкент вилояти ИИББ мазкур ҳолат 2025 йилнинг декабр ойида Бўстонлиқ тумани Янгиқўрғон маҳалласидаги меҳмонхоналардан бирида содир бўлганини маълум қилди.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот хизмати Gazeta’га аниқлик киритишича, 2025 йил 27 декабр куни рўй берган воқеага алоқадор шахслар аниқланган, уларнинг ҳаракатлари юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга оширилган.

Ушбу шахслар Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканида ишловчи фуқаролар – 1993 йилда туғилган Ш. М. ва 1996 йилда туғилган А. А. экани маълум бўлган. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) ва 220–1-моддаси (Қуролнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши) билан маъмурий иш қўзғатилган.

2026 йил 26 март куни бўлиб ўтган суд қарори билан, 33 ёшли (М.Ш.)га нисбатан МЖтКнинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси, 30 ёшли (А.А.)га нисбатан МЖтКнинг 220(1)-моддаси (Қуролнинг қонунга хилоф муомаласи) билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Тошкент вилояти ИИББ  матбуот хизмати ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун қонунчиликда жавобгарлик муқаррарлиги, маъмурий жазо қўллангандан сўнг бу каби ҳаракатлар такроран содир этилса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид