Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қимматчилик уруши | MAYDON
Энг қудратли дунё армиясидан ҳам қўрқмаётган Эрон. Унга уруш очиш – дунёда қимматчиликни бошлаш дегани. Деярли ярим асрлик санкция ва чекловларга қарамасдан бу давлатни нима кучли қилиб турибди? Нега дунё иқтисодиёти Эронга бу қадар боғлиқ? SUBYEKTIV жамоасидан янги форматдаги яна бир лойиҳа – MAYDON. Катта мавзуларни қисқа дақиқаларда, оддий тилда таҳлил қиламиз.
Санкциядаги Эрон
Енгилмас Эрон. Деярли ярим асрлик санкциялар сабаб у ерда одамлар замонавий машиналар минолмаслиги, эскирган самолётларда учиши, машҳур дунё брендларидан бехабар бўлишлари ёки сайёҳлар жуда кўп боравермайдиган манзил бўлиши мумкин. Лекин бу давлат нефт захиралари бўйича дунёда учинчи, газ захиралари билан иккинчи ўринда туради. Географик жойлашуви ҳам ёғликкина жойда. Ҳарбий салоҳияти билан эса энг кучли 15 таликда. У билан керак бўлса Ернинг бошқа қутбидаги энг қудратли давлат АҚШ ҳам ҳисоблашади.
Дунё Россия ва Украина уруши оқибатларига маълум даражада мослашиб улгурди. Аммо АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги янги қарама-қаршилик — дунё иқтисодиёти учун Россия босқинидан ҳам оғирроқ оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу уруш бадалини фақат бир минтақа эмас, балки бутун дунё ҳис қилади. Шунинг учун ҳам Эрон ҳақида билишимиз керак бўлган гаплар кўп.
Нега у диққат марказда?
Дунё харитасида Яқин Шарқ доимий равишда халқаро сиёсат марказида туради. Бу ерда урушлар, дипломатик сиёсатлар, катта давлатлар рақобати бирлашган. Чунки бу ерларда нефт бор. Нефть ва газ ҳали ҳам дунё иқтисодиётининг асосий ресурсларидан бири. Бундан ташқари Яқин Шарқ уч қитъа — Европа, Осиё, Африка ўртасидаги табиий кўприк ҳисобланади. Шу сабаб бу ҳудуд тарих давомида катта давлатларнинг рақобат майдони бўлган. Нефт бор жойда АҚШ бор, нефт бор жойда уруш бор.
Ўзбекистоннинг денгизлардан икки марта ёпиқ давлатлиги нега кўп эсланади? Чунки дунё савдосининг тахминан 80–90 фоизи денгиз ва океан сув йўллари орқали амалга ошади. Шунинг учун географияда “chokepoint” деб аталадиган жойлар, яъни бўғозлар, каналлар ва стратегик транспорт йўллари — жуда катта аҳамиятга эга. Бундай нуқталарни назорат қилган давлатлар нафақат глобал савдога, ҳатто уйингиздаги газ, свет, машинангиздаги бензин ва ҳатто еяётган нонингизнинг нархигача таъсир қилади.
Эронга келсак, у нафақат захиралари билан етакчи. Шу билан бирга у дунё энергетикаси учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғозига яқин жойлашган. Бу бўғоз орқали дунё нефть савдосининг тахминан бешдан бир қисми ўтади.
Шу кунларда давом этаётган АҚШ, Исроил ва Эрон можароси фонида Ҳўрмуз бўғозининг ёпиб қўйилиши Европада аллақачон оқибатлар келтириб чиқарди. 10 кун ичида Европада газ нархи ярим бараварга, нефт эса 27 фоизга қимматлагани айтилмоқда. Яқин Шарқ нефтига жуда катта қарамлиги бўлган Осиё давлатларидаги аҳволни энди ўзингиз тасаввур қилаверинг. Мана иқтисодий жиҳатдан Эрон билан нега ҳисоблашиш керак?
Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас
Эрон Шарқий Осиёни Европа билан боғлайдиган қуруқликдаги транспорт йўлининг ҳам маркази. Тасаввур қилишингиз учун бу коридор транспорт вақтини 30–40 фоизгача, харажатни эса 20–30 фоизгача қисқартиради.
Энди савол туғилиши мумкин: Эрон энг катта санкциядаги давлат бўлса, у қандай қилиб нефтини сота оляпти? Санкциялар – бу шунчаки сиёсат. Мавзу манфаатларга бориб тақаларкан, фойда бор жойда ҳужжатлар, муҳрлар, имзоларни айланиб ўтиш мумкин. Ахир иқтисод сиёсатдан устун.
Эрон ресурслари чекловларга қарамасдан яширин савдо, учинчи давлатлар орқали экспорт, бартер келишувлари билан сотилади. Масалан, Эрон нефтининг асосий харидорларидан бири — Хитой. Нефть баъзан бошқа давлат номи билан, қайта ишланган маҳсулот ёки аралаш юк сифатида бозорга чиқарилади. Эрон тўлиқ изоляцияда эмас. У билан Хитой, Россия, Ҳиндистон, баъзи Марказий Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари иқтисодий алоқада. Бу ҳамкорликлар санкция таъсирини камайтириб, Эрон иқтисодининг тўлиқ қулашига йўл қўймаган.
Санкциялар йўқ бўлса...
Умуман айтганда, санкциялар олиб ташланса, Евросиёда газ, нефт, юк ташиш арзонлашади. Эрон эса Яқин Шарқдаги энг йирик иқтисодлардан бири, Евросиё логистика маркази, йирик энергетика экспортёри бўлиши мумкин. Нефть нархининг тушиши қора олтин сотувчи баъзи давлатлар учун ҳам яхшимас. Чунки уларнинг бюджети нефть нархига боғлиқ. Эрон аҳолиси тахминан 85–90 миллион. Чекловлар йўқ бўлса, автомобил, электроника, инфратузилма, туризм соҳаларига миллиардлаб инвестиция кириши мумкин.
Нега АҚШ Эронга бу қадар ёпишиб олган?
Аслида бу масала геосиёсий ҳисоб-китоблар билан боғлиқ. Қора олтин ва зўр географик жойлашувни ҳам бир четга сурайлик. Агар Эрон ядро қуролига эга бўлса, Яқин Шарқда кучлар мувозанати кескин ўзгариши мумкин. Эроннинг кучайиши АҚШнинг минтақадаги стратегиясига тўғридан-тўғри таъсир қилади. АҚШ Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида Исроил хавфсизлигини муҳим деб ҳисоблайди. Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик эса бу масалани янада мураккаблаштиради.
Нега Эрон билан урушиш осон эмас?
Эроннинг ҳарбий қудрати дунё 15 талигига киришини юқорида айтгандик. Бошқа тарафдан эса унинг майдони жуда катта ва тоғли ҳудудлардан иборат. Бу эса қуруқликдаги ҳарбий операцияларни қийинлаштиради. Душман тоғлардан ошиб, мамлакатга киришга қийналади. Аҳолиси 85 миллиондан ортиқ. Тарихан илдиз отган бу ерликларни енгиш осон эмас. Эрон узоқ йиллар давомида катта давлатлар сиёсий босими ва таъсири остида яшаган бўлиши мумкин, лекин у расман мустамлака бўлмаган кам сонли давлатлардан бири.
Эрон билан катта уруш бутун минтақада катта беқарорликка олиб келиши мумкин. Бу нефть бозори, глобал савдо, минтақавий хавфсизлик учун катта хавф. Шу сабаб кўп ҳолатларда давлатлар ҳарбий йўл эмас, дипломатик музокаралар ёки санкциялар билангина чекланишга, аниқроғи Эрон билан ҳисоблашишга мажбур. Эрон масаласи фақат ҳарбий куч билан ҳал бўладиган муаммо эмас. Бу география, сиёсат, иқтисод ва хавфсизлик омиллари бирлашган мураккаб геосиёсий масала.
Яна “Майдон”да кўришгунча!
Мавзуга оид
21:50 / 26.03.2026
Пентагон Эронга «ҳал қилувчи зарбани» тайёрламоқда – ОАВ
21:36 / 26.03.2026
«Контент эмас, дизайн айбдор» — АҚШда болаларнинг ижтимоий тармоқларга қарамлиги бўйича тарихий суд якунланди
20:45 / 26.03.2026
Bloomberg: Трамп жамоаси нефт нархи 200 долларга чиқишига тайёрланмоқда
18:19 / 26.03.2026