Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эронда уруш бошланганидан бери юздан ортиқ «жосус» ҳибсга олинди
Уларнинг аксарияти «душман оммавий ахборот воситаларига» ишлаганликда айбланган.
Фото: Getty images
АҚШ ва Исроил Эронга қарши олиб бораётган уруш бошланганидан бери Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) разведкаси 103 нафар «Америка-сионистик ёлланма аскарни» ҳибсга олди, деб хабар берди Эроннинг Tasnim агентлиги. Хусусан, 90 киши «душман оммавий ахборот воситаларига» муҳим объектларнинг координаталари ва ҳужумга учраган жойларнинг фотосуратларини юборганликда айбланмоқда.
Тўрт киши Теҳрон электр тармоқларида қўпорувчиликни режалаштирганликда айбланмоқда. Эрон монархистларига алоқадор бўлган яна тўрт киши «кўчалардаги вазиятни беқарорлаштириш» ниятида бўлган. Беш кишидан иборат гуруҳ блокпостларга қуролли ҳужумлар уюштиришни режалаштирган.
Бундан ташқари, Tasnim маълумотларига кўра, Интернетга кириш чекловларини четлаб ўтиш учун воситалар савдосида гумон қилинган 16 нафар Starlink ускунаси эгалари ва 400 кишига нисбатан чоралар кўрилган.
28 февраль куни Исроил ва АҚШ Эронга қарши қўшма ҳарбий операция бошлади, унинг давомида ҳарбий объектлар, нефть-газ инфратузилмаси ва электр таъминоти тизимига ҳужум қилинди. Бундан ташқари, Эрон режимининг кўплаб юқори мартабали вакиллари, жумладан, олий раҳбар Али Хоминаий ўлдирилди. Эрон, ўз навбатида, Исроилга, минтақадаги АҚШ базаларига ва Форс кўрфази мамлакатларининг энергетика объектларига зарба бермоқда.