Ўзбекистон | 12:07 / 27.03.2026
1723
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда янги саноат зоналарига мораторий жорий этилади

Президент фармонига кўра, пойтахтда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси доирасида қатор экологик чеклов ва талаблар кучайтирилади.

Фото: Kun.uz

Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида янги саноат зоналарини ташкил этишга муддатсиз мораторий жорий этилади. Бунда хизмат кўрсатиш ёки молиявий хизматларга ихтисослашган зоналар бундан мустасно ҳисобланади.

Фармонга кўра, 2026–2030 йилларда атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтириш, саноат корхоналарида чанг-газ тозалаш ускуналарини кенг жорий этиш ҳамда экологик назоратни кучайтириш асосий вазифалардан бири этиб белгиланган.

Шунингдек, иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарда автоматик мониторинг станциялари ўрнатилиб, улардан олинадиган маълумотлар ягона геоахборот тизимига интеграция қилинади. Экологик талабларга риоя этмаган корхоналарга нисбатан жарималар кучайтирилиши ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, транспорт соҳасида ҳам экологик чоралар кучайтирилади. Жумладан, «автомобилсиз кун» акциялари жорий қилиниб, эски автотранспорт воситаларини янгисига алмаштиришни рағбатлантириш чоралари кўрилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид