Ўзбекистон | 09:02
1825
2 дақиқада ўқилади

Чиқиндиларни ноқонуний олиб кетиш учун жавобгарлик белгиланди

Янги қонунга мувофиқ, чиқиндиларни тўплаш майдончаларидан уларни қонунга хилоф равишда олиб кетганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди.

2026 йил 25 мартда қабул қилинган ЎРҚ–1124-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу ўзгартишлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назоратни кучайтиришга қаратилган.

Қонунга кўра, чиқиндиларни тўплаш майдончалари ва уларнинг қўриқланмайдиган иншоотларидан чиқиндиларни қонунга хилоф равишда тўплаш ҳамда олиб чиқиб кетиш маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланди. Бу каби ҳолатлар учун тегишли тартибда жазо чоралари қўлланилади.

Шу билан бирга, экологик ҳуқуқбузарликларни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали аниқлаш амалиёти жорий этилмоқда. Бу эса ҳуқуқбузарликларни тезкор ва холисона қайд этиш имконини беради.

Қўшимчаларга мувофиқ, айрим фаолият турлари билан шуғулланувчи юридик шахсларга атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбалар мониторингини юритиш бўйича қўшимча мажбуриятлар ҳам юклатилди. Хусусан, атроф-муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига маълумотларни киритмаганлик, тўлиқ киритмаганлик ёки нотўғри маълумот киритганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Бундай ҳуқуқбузарликлар учун атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима қўлланиши мумкин.

Шунингдек, ўрмон фонди ерларини қонунга хилоф равишда бериш ёки улардан фойдаланиш ҳолатлари такроран содир этилган тақдирда, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Мазкур қонун нормалари экологик хавфсизликни таъминлаш, чиқиндилар билан боғлиқ тартибни мустаҳкамлаш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид