Жаҳон | 15:42
3445
9 дақиқада ўқилади

«Бу Исроилнинг уруши» – ҳафта дайжести

Ҳафта давомида Яқин Шарқда уруш давом этди, эронлик футболчилар мадҳия куйлаши яна диққат марказида бўлди, Америка рамзи долларнинг янги купюралари Трампнинг имзоси билан чиқариладиган бўлди, Украина Саудия Арабистони билан ҳарбий битим имзолади. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарларини ёдга оламиз.

Уруш давом этди

Яқин Шарқда феврал охирида бошланган уруш ҳамон давом этмоқда. Америка интенсивликни пасайтирди, чунки Трампнинг айтишича, «Эронда урадиган нишоннинг ўзи қолмаган». Исроил эса ҳар замонда бирор эронлик мулозимни ўлдирмоқда. Трамп тўғри айтди, ҳозир Эронда ҳеч ким юқори лавозимларни эгаллашни истамаяпти, чунки Ларижоний каби давлат номидан гапирганлар ўлдириб юбориляпти.

Лекин АҚШ ва Исроил урушдан нима кўзлаётгани аниқ эмас. Ҳозир фақат Ҳўрмуз бўғози блокланиши асосий муҳокама мавзуси. Американинг ҳаракатсизлигига қараганда улар ҳам бўғоз ёпиқ қолишига қарши эмасдек. Бўлмаса Эрон олий раҳбарини бир неча соатда ўлдирган Америка учун биргина бўғозни очиш муаммо туғдирмаслиги керак. Балки америкаликлар нефт нархи етарлича ошмаган деб ҳисоблаётгандир. Маълумот учун, ҳозир brent нефтининг бир бочкаси учун бозор 106 доллар таклиф қиляпти.

Қизчалар хотирланди

Эронлик футболчилар мадҳия пайти нима қилгани яна муҳокама марказида. Уруш бошланганда бутун дунё Эрон мадҳиясини куйламаган эронлик аёл футболчиларни муҳокама қилганди, бу гал Эрон эркаклар миллий жамоаси футболчилари муҳокама марказида бўлди. Анталяда Нигерияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушган эронликлар мамлакат мадҳияси ижро этилаётганда Америка авиазарбаси сабаб ҳалок бўлган ўқувчи қизлар хотирасига ҳурмат кўрсатиб, қиз болалар портфелини кўтариб туришди.

Албатта, эронлик футболчилар уруш ичидаги мамлакати мадҳиясини Гаттузо, Буффон, Бонуччи каби куйлагани йўқ, баъзи футболчилар хоҳламайгина оғиз қимирлатиб турди. Катта эҳтимол бу акция Эрон ҳукумати томонидан амалга оширилган. Шундай бўлса-да, қонли уруш қурбони бўлган мактаб ўқувчиларини бундай хотирлаш жуда таъсирли бўлди.

«Бу НАТОнинг уруши эмас»

Америка энг яқин иттифоқчиси Исроил билан бирга Эронда уруш бошлаганидан кейин президент Трамп НАТО Америкага ёрдам бермаётганига кўп урғу беряпти. Яқинда яна шу ҳақда гапирган Трамп «Бизга НАТОдан ҳеч нарса керак эмас, лекин ҳеч нарсани унутмаймиз», деди.

Унинг фикрича, НАТО Американинг Эронга ҳужумида ёрдам бериши керак экан. Ваҳоланки, НАТО мудофаа учун тузилган ташкилот, ҳужум қилиш учун эмас. Ва алянс тузилганидан кейин ундаги машҳур 5-модда фақат бир марта ишга тушган ва 2001 йил Америкага ҳужумни ўзига ҳужум деб қабул қилган НАТО аъзолари Афғонистонга қўшиб юборганди.

НАТОнинг Европадаги энг кучли аъзоларидан бир Олмония канцлери Фридрих Мерц Трампнинг манзилига кескин фикрлар билдириб, бу НАТОнинг уруши эмаслигини айтди. «Трамп қилаётган ишлар деэскалация ҳам, тинчликка интилиш ҳам эмас, охири номаълум эскалация. Бу НАТОнинг уруши эмас», деди Мерц.

«Бу Исроилнинг уруши»

Аввалроқ Доналд Трамп ҳам Эрондаги урушни уруш эмас, «шунчаки ҳарбий амалиёт» деганди. Унинг наздида, демократлар буни уруш деётган экан. Хўш, бу НАТОнинг уруши бўлмаса, Америка учун уруш бўлмаса, кимнинг уруши ўзи? Бу саволга жавобни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғандан эшитамиз: «Бу Исроилнинг уруши, Нетаняҳу сиёсий омон қолиш учун бошлаган уруш, лекин унинг бадалини бутун дунё, 8 миллиард инсон тўлаяпти», деди Туркия етакчиси.

Охирги вақтларда бутун дунёда, Америкада ҳам «бу Исроилнинг уруши экани» ҳақида фикрлар кўпайди. Лекин Трамп Нетаняҳу уни урушга ундагани ҳақида фикрга қўшилмади. Трампга кўра, кимдир бировни нимагадир ундаган бўлса, бу унинг ўзи экан. Яъни ҳаммасини мен бошладим, деяпти мистер Трамп.

Эронни ким бошқаряпти?

Ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинаётган саволларидан бири мана шу. Бу саволга ҳатто Америка президентида ҳам жавоб йўқ. Эронликлар Али Хоминаий ўлдирилгач, унинг ўғли Мужтаба Хоминаийни янги раҳбар деб танлади, лекин ўшандан кейин у бирор марта омма олдида кўриниш бермади. Трамп унинг қаердалигини ҳеч ким билмаслигини айтди.

Катта эҳтимол, олий раҳбарни тайинлайдиган диний кенгаш ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳамон Эрон устидан тўлиқ назоратга эга, лекин тизгин қўлида бўлган яққол етакчи борга ўхшамайди. Ларижоний сиёсий лидердек кўринаётганди, уни ҳам ўлдиришди. Пизишкиён борган сари «рамзий маънодаги президентга» айланмоқда. Эроннинг асл раҳбари ким эканини эронликларнинг ўзи ҳам билмаса керак.

Украина араблар билан келишмоқда

Украина президенти Володимир Зеленский жума ва шанба куни Саудия Арабистони ва БАА раҳбарлари билан учрашди. Учрашувларда Эрон дронларига қарши курашда ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама қилинган. Йирик нашрларнинг ёзишича, 26 мартдаёқ бу борада битим имзоланган. Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан учрашувни изоҳларкан, Зеленский «Украинада Саудияни қизиқтирадиган нарса борлигини» айтди.

Америка ва Исроил Яқин Шарқда уруш бошлаганидан кейин Эрон доимий тарзда араб давлатларини ўққа тутяпти. Теҳрон минтақадаги араб давлатларида Америка базалари борлиги сабаб шундай ҳужумларга зўр берди. Лекин зарбаларнинг аксари ҳарбий объектларга эмас, сайёҳлик, иқтисодий ва инфратузилма объектларига берилмоқда. Оқибатда Дубай каби сайёҳликдан даромад қиладиган шаҳарлар бўшаб қолди. Одамлар араб давлатларига бориш хавфсиз эмас деб у ерга сафарлардан тийилмоқда.

Эрон араб давлатларига ҳужум учун асосан Shahed камикадзе-дронларидан фойдаланмоқда. Оддий дрон бутун бошли биноларни портлатиб юбораётгани арабларни янги чора излашга мажбур қилди. Америкадан олинган қимматбаҳо мудофаа тизимлари билан пастлаб учадиган дронларни уриб бўлмайди. Уларга қарши курашиш учун арзон-гаров, дронларга мос тизим керак. Эрон дронларига қарши курашишда энг устаси фаранг давлат Украина. Улар 4 йилдан бери Россиядан учиб келаётган Shahedʼларга қарши муваффақиятли курашиб келади. Киев дронларни уриш учун арзон дронлар тизимини яратган. Шу сабаб араб давлатлари Эрон дронларига қарши курашда Украина билан ҳамкорлик қилмоқчи.

Уруш ана шунақа нарса. Россия босқинидан аввал СССРда мерос зах босган қуролларга ишониб қолган Украина бугун дунё мудофаа оламидаги муҳим давлатлардан бирига айланмоқда. Саудиядек бой давлатлар украинлар билан ҳамкорлик қилмоқчи.

Долларда Трампнинг имзоси бўлади

2026 йил июн ойидан бошлаб босиладиган 100 долларлик банкноталарда Доналд Трампнинг имзоси бўлади. Бу ҳақда ғазначилик департаменти расман маълум қилди. Ҳозиргача ҳеч бир доллар купюраси амалдаги президент имзоси билан босиб чиқарилмаганди. Молия вазир Скот Бессентнинг айтишича, Доналд Трамп «тарихий ютуқлари сабаб» бундай эътирофга муносиб экан. Кейинги босқичда нима бўларкин, наҳотки Бенжамин Франклин суратигача етиб боришса?

Ҳафта суратлари

Фото: AFP

Одатдагидек, ролик охирида ҳафта суратларига тўхталамиз. Биринчи сурат 25 март куни Ғазода олинган. Унда одамлар Исроил бомбаси тушгач юзага келган алангани қўрқув билан томоша қилаётгани ва фаластинликлар жон сақлаётган палаткаларни кўриш мумкин. Бу суратнинг асосий маъноси шуки, Ғазода уруш ҳали тугагани йўқ, Исроил ҳамон ўз фантазиясидаги «душманни йўқ қилиш» баҳонаси билан вайроналарни бомбалаяпти.

Фото: AFP

Иккинчи сурат Ҳиндистоннинг Гауҳати шаҳрида олинган. Юқоридан олинган кадрда маҳаллий мусулмонлар ҳайит намозини ўқияпти. Саф текис эмаслигидан бу масжид эмаслигини сезиш мумкин, масжидга сиғмаган одамлар кўчада ёки очиқ майдонда сажда қилиб турибди. Одамлар ҳар хил кийимда, ҳар хил жойнамозда, эҳтимол ҳар хил тилда ҳам гаплашишар, лекин бир хил ишни бажармоқда...

Фото: AFP

Учинчи сурат Ғарбий соҳилда олинган. Уриб туширилган Эрон ракетаси қолдиғи Исроил назорат қиладиган ҳудуддаги мактаб ҳовлисига бориб тушган. Деворларда ибронийча ёзувлар, кўринишидан яҳудий болалар бомба атрофида ўйнаб юрибди. Энг ёмони, ҳозир ўйламай бошланаётган урушлардан энг кўп болалар жабр кўряпти. Қайси миллат, қайси давлат, қайси дин боласи эканининг фарқи йўқ, ҳеч қайси уруш болалар кўз ёшига, улар отасиз, онасиз, оч-наҳорликда катта бўлишига арзимайди...

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид