Ўзбекистон | 15:17
2762
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда

Ўзбекистонда жорий иш ҳафтасида ҳарорат +30 даражагача кўтарилади, бироқ аксарият ҳудудларда момақалдироқли ёмғирлар ва кучли шамол кутилмоқда. Тоғли ҳудудларда сел келиши хавфи бор. Тошкентда эса ҳафта ўртасида ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат +29 даражагача бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда иш ҳафтаси давомида ҳарорат асосан иссиқ бўлади, ҳудудларда момақалдироқли ёмғирлар кузатилади, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.

Душанба куни кундузи Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ва куннинг иккинчи ярмида марказий ва жанубий вилоятлар бўйича айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +20…+25 даража илиқ бўлади.

31 март ва 1 апрел кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида, шунингдек, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Кундузги ҳаво ҳарорати +27…+30 даража илиқ атрофида бўлади.

2 апрелда шимоли-ғарбий ҳудудларда, чўл зонасида ва жанубий вилоятларда, 3 апрелда эса республиканинг кўп вилоятларида баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат +24…+27 даражагача, жанубда +20…+22 даражагача пасаяди.

Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, жанубда ва чўл ҳудудларда 14 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкент шаҳрида душанба куни ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечга томон бироз ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ҳарорат +22…+24 даража илиқ бўлади.

31 март ва 1–2 апрел кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кундузи +27…+29 даража илиқ бўлади.

3 апрелда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Кундузги ҳарорат +24…+27 даража илиқ бўлади. Шамол шарқдан 3–8 метр/сония тезликда эсади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид