Спорт | 22:56 / 30.03.2026
5599
3 дақиқада ўқилади

Келганимдан бери миллий жамоада фақат ўсишни кўряпман – Фабио Каннаваро

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи FIFA Series 2026 турнирида қўлга киритилган ғалабадан кейин ўз фикрларини айтди.

Фото: UFA

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро FIFA Series 2026 турнири доирасидаги Венесуэлага (0:0, пен. 5:4) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Ўйлашимча, яхши ўйин бўлди, биз уни назорат қилдик. Асосий вақтда ғалаба қозониш учун етарлича имкониятларга эга бўлдик, аммо гол уролмадик. Йигитларга раҳмат, яхши ўйин ўтказишди ва ирода намойиш этишди. Қисқа муддатда икки ўйинни ютиш учун руҳан кучли бўлиш керак.

Ўйинни жуда яхши бошладик. Юқори прессинг қилдик, яккакурашларда устун келдик. Ҳимояда жамоа сифатида жуда яхши ишлаяпмиз. Ҳимоя фақат ҳимоячилар учун эмас, ҳимоя ва яримҳимоя ўртасида уйғунлик бўлиши зарур.

Стандарт вазиятлар? Бу борада ишлашга вақтимиз кўп эмас, лекин йигитларга керакли кўрсатмаларни бердик. Бизда стандартларни яхши ижро этадиган икки футболчи бор: Отабек Шукуров ва Азиз Ғаниев.

Жисмоний ҳолат? Бу борада ишлаяпмиз, яхшиланяпмиз. Суперлигадаги футболчилар энди 4 та тур ўтказди, ёзгача улар жисмоний ҳолатини янада яхшилайди.

Дарвозабон Абдувоҳид Неъматовнинг ҳаракатлари? Унинг асосий таркибда тушиши аввалдан режалаштирилганди, бу пеналтилар серияси учун эмас. Икки ўйинда икки хил дарвозабонни ўйнатиб, бугун 20 дақиқача учинчи дарвозабонга ҳам имкон бермоқчи эдик.

Ёшларни кузатиб бориш масаласи? Албатта, бунга имконият бор. Бутун республикани қамраб олиш осон эмас, лекин ЎФА билан бирга скаутинг ишларини амалга оширяпмиз, ёшларни кузатяпмиз.

Жаҳон чемпионати? У ерда бошқача бўлади, ўртоқлик ўйинларидан фарқ қилади. Мундиалда тезлик юқори. Аммо келганимдан бери миллий жамоада фақат ўсишни кўряпман.

Суперлигадаги тиғиз тақвим ва жароҳатлар? Мавсум бошида жароҳатлар бўлиши — нормал ҳолат. Биз тиббий штабни ҳам кучайтирдик, мутахассисларни жалб қилдик. Футболчиларни узоқ муддат яхши даражада ўйнай олиши учун ҳаракат қиляпмиз. Бизга уларнинг вақтинчалик эмас, узоқ вақт юқори даражада ўйнаши муҳим. Албатта, йигитлар ҳам уйқу ва тартибга амал қилиши керак», деди италиялик мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда ўтказилган FIFA Series 2026 турнирида иккита ўйинда майдонга тушиб, Габон (3:1) ва Венесуэлани (0:0, пен. 5:4) мағлуб этиб, ғолибликни қўлга киритди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид