Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитойда одамларни бўш уйларда дафн қилиш тақиқланади
Хитой ҳукумати вафот этган қариндошларнинг хокини бўш хонадонларга кўмишни тақиқловчи қонунни қабул қилди. Бундай амалиёт қабристонларда жой танқислиги ва уларнинг нархи ошиши шароитида аҳолининг тез қариши туфайли пайдо бўлди.
Хитойда 31 март куни янги қонун кучга киради, унга кўра оилаларга марҳум қариндошлари хокини кўп қаватли уйлардаги бўш хонадонларда сақлаш тақиқланади. Бу ҳақда Financial Times (FT) газетаси ёзди.
Мамлакатда бундай амалиёт аҳолининг тез қариши ва қабристондаги жойлар нархининг ошиши фонида пайдо бўлди, бунинг натижасида турар жой хонадонлари жасад хокини сақлаш учун жозибали жойга айланган эди. Хитойда урбанизациянинг кучайиши шаҳар қабристонлари сонини чеклаган бўлса-да, уларга бўлган талабнинг ошишига олиб келди.
Бундан ташқари, Хитой ҳукумати фуқароларга турар жойларни 70 йилга фойдаланишга беради, қабристонлардаги жойлар эса 20 йилга ижарага берилади.
Янги қонун хитойликларни дафн этишнинг муқобил усулларини, хусусан, «экологик қабрларни» танлашга ундайди. Бундай амалиётларга денгиз устида хокни сепиб юбориш кабилар киради.
Қонун анъанавий Синмин байрами арафасида кучга киради, у 2026 йилда 5 апрелга тўғри келади. Шу куни хитойликлар аждодлар қабрини зиёрат қилади.
FT таъкидлаганидек, Хитойда аҳоли қаришининг энг тез суръатларидан бири қайд этилган. 2025 йилда мамлакатда 7,9 миллион чақалоқ туғилди ва 11,3 миллион киши вафот этди. Йил якунига кўра, аҳолининг умумий сони қарийб 1,4 млрд кишини ташкил этди.
FT 2025 йил июль ойида Хитой болалар боғчаларида тўрт йил ичида туғилишнинг кескин пасайиши туфайли тарбияланувчилар сони 25 фоизга камайганини ёзган эди. Бу бутун мамлакат бўйлаб ўн минглаб мактабгача таълим муассасаларининг ёпилишига олиб келди.