Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой қандай қилиб коллектив Ғарбни ўзига қарам қилиб қўйди?
Сўнгги йилларда бир тенденция яққол кўзга ташланади: Хитой электромобиллар, қуёш панеллари, шамол турбиналари ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш бўйича мутлақ етакчига айланди. Узоқ йиллардан бери “дунё фабрикаси” ҳисобланган мамлакат эндиликда нафақат арзон истеъмол товарлари, балки юқори технологик “яшил” маҳсулотлар борасида ҳам доминантлик қиляпти. Хўш, бу ҳолат қандай юзага келди? Нима учун асрлар давомида технологик инновациялар ўчоғи бўлиб келган Ғарб бу пойгада ортда қолиб кетди?
Муваффақият сири нимада?
Хитойнинг бугунги устунлиги тўсатдан юз берган мўъжиза эмас, балки сўнгги йигирма йил давомида изчил амалга оширилган давлат сиёсатининг натижасидир. Ғарб давлатлари дастурий таъминот ва хизмат кўрсатиш соҳаларига кўпроқ эътибор қаратаётган бир пайтда, Пекин ўзининг "Made in China 2025" каби стратегик дастурлари орқали ишлаб чиқариш ва оғир саноатни янги босқичга олиб чиқишга жуда катта миқдорда сармоя киритди. Хусусан, ҳукумат тоза энергия секторини ривожлантириш учун юзлаб миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри ва билвосита субсидиялар ажратди. Солиқ имтиёзлари, арзон кредитлар, ер майдонларининг бепул ёки арзон берилиши BYD, CATL каби маҳаллий компанияларга жадал ўсиш имконини берди. Ички бозор эса мазкур компаниялар учун синов майдони бўлиб хизмат қилди. Ҳукумат йиллар давомида фуқароларни электромобил харид қилишга ундаш учун чегирмалар берди, шаҳарлардаги жамоат транспортини тўлиқ электр энергиясига ўтказди. Натижада, компаниялар ўз маҳсулотларини такомиллаштириб, қисқа муддатда дунё бозорига тайёр, арзон ва сифатли рақобатбардош маҳсулот олиб чиқишга эришди.
Критик минераллар монополияси
Критик минераллар яшил энергетика тизимлари, яримўтказгичлар, батареялар ва мудофаа қурилмалари ишлаб чиқариш учун муҳим хомашёдир. Литий, кобалт, никел, графит, мис каби минералларсиз на электромобил аккумуляторини, на қуёш панелини ишлаб чиқариб бўлади. Хитой мазкур тармоқдаги таъминот занжирини эгаллаш орқали мутлақ устунликка эришди. Халқаро энергетика агентлигининг маълумотларига кўра, Пекин нодир ер металларининг 96 фоиз, табиий графитнинг 98 фоиз, кобалтнинг 97 фоиз, литийнинг 73 фоиз, миснинг 83 фоиз қисмига эгалик қилади. Индонезия никелни қайта ишлаш бўйича мутлақ етакчига айланган бўлса-да, мамлакатдаги хомашёни қайта ишлаш заводларининг тахминан тўртдан уч қисми Пекин назорати остида ёки уларнинг сармояси асосида қурилган.
Хитой компаниялари сўнгги йигирма йилликда Африка, Жанубий Америка ва Австралиядаги энг йирик конларни сотиб олиш ёки уларга сармоя киритиш орқали хомашё базасини мисли кўрилмаган тарзда кенгайтирди. Масалан, дунёдаги кобалтнинг катта қисми қазиб олинадиган Конго Демократик Республикасидаги йирик конларнинг аксарияти Хитой компаниялари назорати остида.
Қазиб олиш устунликнинг фақат бир томонигина халос. Асосий қийинчилик ва қўшимча қиймат минералларни бойитиш ва қайта ишлаш билан боғлиқ. Бу жараён жуда катта энергия талаб қилади ва атроф-муҳитга сезиларли даражада зарар етказади. Ғарб давлатлари экологик сабаблар ва қиммат ишчи кучи туфайли бу заводларни ўз ҳудудларида ёпиб, Хитойга кўчирганди. Бугунги кунда мамлакатда дунёдаги ноёб ер элементларининг 85-90 фоизи, литий ва кобалтнинг эса 60-70 фоизи қайта ишланади. Ҳатто Австралияда қазиб олинган литий ҳам қайта ишлаш учун Хитойга олиб келинади. Умуман олганда, дунё иқтисодиёти учун ўта стратегик ҳисобланган 20 та асосий минералнинг 19 тасида Хитой ҳамон биринчи рақамли қайта ишловчи давлат бўлиб қоляпти.
Бу Хитойга нима беряпти?
Биринчидан, Хитой иқтисодиётининг анъанавий таянчларидан бири бўлган кўчмас мулк сектори инқирозни бошидан кечираётган бир пайтда, электромобиллар, литий-ион аккумуляторлар ва қуёш батареялари мамлакат экспортининг асосий “қутқарувчиси”га айланди. Арзон кийим-кечак ва ўйинчоқлар экспортчисидан юқори технологик ва қимматбаҳо ускуналар етказиб берувчисига айланиш расмий Пекин учун даромадларни кескин оширди.
Иккинчидан, Хитой энди халқаро майдонда шунчаки ўйинчи эмас, балки қоидаларни белгиловчи кучга айланди. Агар илгари энергия хавфсизлиги деганда Яқин Шарқдаги нефт захиралари тушунилган бўлса, эндиликда бу борада аккумулятор заводлари ва минералларни қайта ишлаш қувватлари ҳам тилга олиняпти. Расмий Пекин ўз устунлигидан геосиёсий қурол сифатида ҳам фойдалана бошлади. Масалан, собиқ АҚШ президенти Байден администрацияси 2024 йил 2 декабрда Хитойга юқори даражадаги чиплар ва чип тайёрловчи технологиялар етказиб беришга чеклов киритди. Бунга жавоб тариқасида 3 декабр куни Хитой яримўтказгичлар ишлаб чиқаришда муҳим бўлган галий, германий ва антимонит минералларини АҚШга экспорт қилиш бўйича чекловларни кучайтирди. 22 декабр куни нодир металлар тайёрловчи технологиялар етказиб беришга ҳам тақиқ киритди. 2025 йил февраль ойида эса Хитой вольфрам, теллур, молибден, висмут ва индий етказиб бериш борасида ҳам назорат ўрнатди.
Критик минераллар уруши
Юқоридаги омиллар ва Хитойнинг АҚШ чекловларига нисбатан қатъий позицияси Вашингтоннинг стратегик камчилигини очиб берди. Қўшма Штатлар Пекиннинг критик минераллар ва нодир металларига худди Хитой АҚШнинг юқори технологияларига қарам бўлгани каби боғлиқ ҳолатга келиб қолди. Шу сабабдан Трамп ҳокимиятга келиши биланоқ, табиий ресурсларга бой Гренландияни “ихтиёрий-мажбурий” тарзда сотиб олишга ҳаракат қила бошлади. Украинадан эса Россияга қарши урушда уларни қўллаб-қувватлаш учун нодир металлар етказиб бериш бўйича келишувни талаб қилди. Бу металлар АҚШга нега керак ва нима бера олади?
Биринчидан, критик минераллар ва нодир металларга боғлиқлик ривожланган ҳарбий технологияларни ишлаб чиқариш ва янгилари устида тадқиқот олиб боришни АҚШда Хитойдагига қараганда қимматроқ қилади. Натижада замонавий қуроллар пойгасида Хитойнинг имкониятлари юқори ўринга чиқади. Бугунги кунда ҳарбий ҳаракатларнинг энг муҳим воситасига айланган дронларни мисол тариқасида оладиган бўлсак, мазкур ускуналарнинг парвоз қилиш давомийлигини ошириш ва батареяларини такомиллаштиришда критик минераллар ва нодир металлар муҳим ўрин тутади. Батареялар соҳасида ортда қолиш АҚШга масофадан бошқариладиган технологиялар борасида ҳам Хитой билан рақобатлашишни мураккаблаштиради. Чунки стратегик алоқани таъминлаш учун маълум масофаларда жойлаштирилган радар қурилмаларининг самарадорлиги батареяларга боғлиқ.
Иккинчидан, иқтисодий рақобат ва бизнес манфаатлар тўқнашувида ҳам Хитой АҚШга қараганда яхшироқ ҳолатда бўлади. Масалан, электр машиналар саноатида BYD Трампнинг ҳамкори Илон Маскка тегишли Tesla’га жиддий рақиб саналади. 2025 йилда Хитой гиганти 2,25 миллионта электромобил сотишга эришган бир пайтда, Илон Маскнинг компанияси 1,64 миллионта электрокар сота олди. Натижада BYD жаҳон электромобил бозорида биринчи марта, бўлганда ҳам жуда катта фарқ билан Tesla’ни ортда қолдирди. Маълумки, электр машиналар батареяларини ишлаб чиқариш критик минераллар ва нодир металларга боғлиқ. Батареялар билан бир қаторда, Хитой чекловлар рўйхатида асосий ўринларни эгаллайдиган галий ва германий минераллари яримўтказгичлар саноатида муҳим таркибий қисм ҳисобланади. Яримўтказгичлар эса ўз навбатида сунъий интеллект тизимлари самарадорлигини таъминлаб беради. Бу Хитой микроэлектроника соҳасида АҚШга боғлиқ бўлганидек, АҚШ ҳам Хитойнинг хомашёларисиз мураккаб вазиятда қолиш эҳтимоли борлигини англатади.
Мавзуга оид
18:27 / 31.03.2026
Узоқни яқин қилувчи темир от – нега дунёнинг турли ҳудудларида темирйўллар ҳар хил ўлчамда қурилган?
07:34 / 31.03.2026
Инсонга ўхшаш юз ифодаси: Хитой робототехникаси янги босқичга чиқди
22:39 / 30.03.2026
Хитойда одамларни бўш уйларда дафн қилиш тақиқланади
10:33 / 30.03.2026