Ўзбекистон | 09:13
776
1 дақиқада ўқилади

Экологик чоралар энди фақат Тошкент билан чекланмайди

Ўзбекистонда экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар янги босқичга кўтарилди. Энди бу йўналишдаги ишлар фақат пойтахт доирасида эмас, балки бутун республика миқёсида амалга оширилади.

Фото: Kun.uz 

Ўзбекистон президентининг янги фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан ташкил этилган махсус комиссия фаолияти 2027 йилнинг 1 мартига қадар узайтирилди. Шу билан бирга, комиссиянинг мақоми ҳам ўзгартирилиб, у “Экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика махсус комиссияси” деб қайта номланди.

Мазкур ўзгаришлар экологик муаммоларни ҳал этишга тизимли ёндашувни кучайтиришга қаратилган. Эндиликда ҳаво ифлосланишини камайтириш, саноат корхоналарида замонавий фильтрлар ўрнатиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш каби долзарб вазифалар республика бўйлаб ягона бошқарув ва назорат асосида амалга оширилади.

Мутахассислар фикрича, комиссия ваколатларининг кенгайтирилиши экологик ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса аҳоли учун янада тоза ҳаво ва соғлом экологик муҳит яратиш йўлида муҳим қадам бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид