Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Италия яна мундиалдан қолиб кетди
Италия Боснияга қарши ўйинда биринчи бўлимдаёқ озчилик бўлиб қолди ва якунда пеналтилар сериясида ютқазиб қўйди. Даниянинг ҳам футбол лотереясида омади келмади. Туркия эса 24 йиллик танаффусдан кейин яна ЖЧда. Шунингдек, саралаш босқичини ўта муваффақиятсиз ўтказган ва гуруҳида охирги ўринни эгаллаган Швеция ўтиш босқичида муваффақиятли иштирок этиб, йўлланмани қўлга киритди.
Фото: Getty Images
31 март оқшомида Европада ЖЧ-2026 ўтиш босқичининг финал баҳслари бўлиб ўтди. Қитъада АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтадиган турнир учун яна тўрт йўлланма ўйналди.
Италия учта пеналтидан иккита хато қилди
Босния ва Герцеговина – Италия 1:1 (4:1)
Голлар: Кин, 15 (0:1). Табакович, 79 (1:1)
Пеналтилар серияси: Таҳирович (1:0) – Эспозито (хато)(1:0) – Табакович (2:0) – Тонали (2:1) – Алайбегович (3:1) – Кристанте (хато)(3:1) – Байрактаревич (4:1)
Босния ва Герцеговина: Васил, Муҳаремович, Катич, Колашинац (Таҳирович, 46), Дедич, Башич (Бурнич, 71), Шунич (Алайбегович, 46), Мемич (Табакович, 71), Байрактаревич, Демирович (Ҳажиаҳметович, 115), Жеко
Италия: Доннарумма, Бастони, Калафиори, Манчини, Локателли (Кристанте, 71), Тонали, Барелла (Фраттези, 85), Димарко (Спинаццола, 91), Политано (Палестра, 46), Ретеги (Гатти, 44), Кин (Эспозито, 71)
Огоҳлантиришлар: Таҳирович, 54. Муҳаремович, 102. Катич, 114 – Доннарумма, 81. Фраттези, 120
Четлатиш: Бастони, 41
Италия қаторасига учинчи жаҳон чемпионатидан қуруқ қолди – Босния пеналтилар сериясида ғолиб чиқди. Ўйин натижасига Алессандро Бастонининг биринчи бўлимда олган қизил карточкаси жиддий таъсир кўрсатди.
Италянлар ажойиб бошлаганди: 15-дақиқада Никола Васил Матео Ретегининг прессинги остида хато пас берди, форвард тўпни олиб қўйди ва уни чапдан олдинга ташланган Мойзе Кинга узатди – у эса совуққонлик билан олис бурчакни аниқ нишонга олди.
Италянлар шундан кейин ҳам ҳужумкор ўйнашда давом этишди, аммо танаффус арафасида қўпол хато қимматга тушди. Жанлуиджи Доннарумма тўпни узоқлаштира олмади. Боснияликлар уни тезда эгаллаб олишди: Амар Мемич дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетаётганида Бастони уни ортдан фол ишлатиб тўхтатди.

Ўйин бош ҳаками Клеман Тюрпен «Интер» ҳимоячисига тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатди.
Италянлар ўн киши бўлиб ҳам рақибдан яхшироқ ўйнашди ва иккинчи голни уришга яқинроқ келишди, аммо ўйин охирига келиб футболчиларда куч тугади ва барибир гол ўтказиб юборишди. Доннарумма Эдин Жеконинг яқин масофадан йўллаган зарбасига фантастик реакция кўрсатди, аммо қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Харис Табаковичнинг зарбасига улгура олмади.
Қўшимча бўлимларда ҳисоб ўзгармай қолди ва кўпчилик Италия барибир ғалабани ўзиники қилишини кута бошлади, аммо жамоа пеналтилар сериясини ўта муваффақиятсиз ўтказди. Нуқтага биринчи бўлиб яқинлашган ёш ҳужумчи Франческо Эспозитонинг зарбасидан кейин тўп осмонга учиб кетди, учинчи зарбани ижро этган Брайан Кристанте эса тўсинни пойлади. Учта зарбадан иккитаси хато. Боснияликлар эса барча имкониятларидан аниқ фойдаланишди ва ЖЧга борадиган бўлишди.
Драма: Италия қаторасига учинчи бор жаҳон чемпионатига бора олмайди. Босния эса Канада, Қатар ва Швейцария билан бир гуруҳдан жой олди.
Йокереш Швецияни ЖЧга олиб чиқди

Швеция – Полша 3:2
Голлар: Эланга, 19 (1:0). Залевски, 33 (1:1). Лагербилке, 44 (2:1). Свидерски, 55 (2:2). Йокереш, 88 (3:2)
Швеция: Нордфелдт, Старфелт, Линделёф, Лагербилке, Челстрем (Бергвалл, 69), Айяри (Сванберг, 90), Гудмундссон, Свенссон, Нюгрен (Лундгрен, 81), Эланга (Зенели, 69), Йокереш
Полша: Грабара, Беднарек, Кивер, Висневски, Зелински, Шимански, Залевски (Гросицки, 90), Кэш (Пёнтек, 90), Свидерски (Петушевски, 63), Камински, Левандовски
Огоҳлантиришлар: Челстрем, 62. Бергвалл, 76 – Кивёр, 43. Петушевски, 65. Пёнтек, 90
Швеция Полша билан ўйинда ғалабани илиб кетди – 3:2. Бу сафар ҳам Виктор Йокереш катта саҳнага чиқди.
Бу куннинг энг қувноқ ўйинига айланди. 19-дақиқада Энтони Эланга тўпга бир тегинишда дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олиб, ҳисобни очди, 33-дақиқада Никола Залевски жавоб қайтарди – унинг зарбаси у қадар кучли чиқмаганди, аммо дарвозабон Кристоффер Нордфелдт қутқара олмади. Шведлар вазиятлардан фойдаланишда дарс беришди – танаффус арафасида Густаф Лагербилке стандарт вазиятдан кейин иккинчи голни урди.
Иккинчи бўлимда поляклар яна бир бор ҳисобни тенглаштиришди: Карол Свидерски тўпни том маънода ўзи билан дарвозага олиб кирди. Умуман олганда, поляклар кўпроқ вазиятлар яратишди, аммо шведларда самарадорлик юқори бўлди. Ўйиннинг охирги қисмида Швеция кўпроқ куч сақлаб қолгани маълум бўлди – ва бу натижада ҳам акс этди. 88-дақиқада Йокереш ўз вазиятидан фойдаланди – меҳмонлар бир ҳужумнинг ўзида бир неча зарбани тўсишди, аммо «Арсенал» ҳужумчисининг зарбасини қайтара олишмади.
У Роберт Левандовски билан дуэлда ғолиб чиқди – топ-форвардлардан фақат бири мундиалга бориши мумкин эди ва бу швециялик ёш ҳужумчи бўлиб чиқди; у ўтиш ўйинларининг ўзида тўрт гол уришга эришди, яримфиналда Украина дарвозасига ҳет-трик қайд этганди.
Эътиборли жиҳати, шведлар саралаш босқичида атиги икки очко олиб, гуруҳда сўнгги ўринда қолишганди, аммо Миллатлар лигаси орқали ўтиш босқичида иштирок этишди. Энди улар мундиалда Нидерландия, Япония ва Тунис билан бирга F гуруҳидан жой олишди.
Туркия Косовони йўлдан олди

Косово – Туркия 0:1
Гол: Карим Оқтуркўғли, 53 (0:1)
Косово: Мурич, Ҳайризи, Ҳайдари (Алити, 80), Деллова, Режбечай (Рашица, 80), Хўжа (Рраҳмани, 90), Галлапени, Войвода (Жегрова, 71), Муслия, Асллани, Муричи
Туркия: Угуржан Чақир, Абдулкарим Бардакчи, Ўзан Қобоқ, Ферди Кадиўғли, Зеки Челик (Мерт Мўлдур, 89), Хоқон Чалхонўғли (Эрен Элмали, 83), Исмоил Юксек, Ўрхун Кўкчи, Кенан Йилдиз (Гул, 89), Арда Гулер (Ўзжан, 83), Карим Оқтуркўғли (Бариш Йилмаз, 68)
Огоҳлантиришлар: Ҳайдари, 45. Муслия, 83. Рашица, 90 – Карим Оқтуркўғли, 45. Исмоил Юксек, 55. Хоқон Чалхонўғли, 65. Зеки Челик, 70. Угуржан Чақир, 90
Туркия ҳал қилувчи ўйинда Косовони мағлуб этди – 1:0.
Яримфиналда Руминия устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонган турклар бу ўйинда ҳам масалани биргина гол билан ҳал қилишди: иккинчи бўлим бошларида Кенан Йилдиз чап қанотдан жарима майдонига ёриб кирди ва тўпни марказга оширди, у ерда турган Ўрхун Кўкчининг зарбасини эса Карим Оқтуркўғли дарвозага тўғрилаб юборди. «Фенербаҳче» вингери ўтиш босқичидаги икки ўйинда ҳам сариқ карточка олди, шу билан бирга, жамоага ғалаба ва йўлланмани тақдим этди.
Косоволиклар ўз уйида ўйнаган бўлса-да, ҳисобда ортда бораётганида ҳам деярли вазият яратмади. Мезбонлар чуқур ҳимояга ётишди, лекин барибир ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қололмади.
Туркия учинчи бор жаҳон чемпионатига чиқмоқда. Жамоа бунгача 1954 ва 2002 йилларда мундиал иштирокчиси бўлган. Охирги уринишда бронза медаллари қўлга киритилган. Бу сафар Туркия D гуруҳида АҚШ, Парагвай ва Австралия билан бирга иштирок этади.
Чехия ҳам пеналтилар орқали ўтди

Чехия – Дания 2:2 (3:1)
Голлар: Шулц, 3 (1:0). Андерсен, 72 (1:1). Крейчи, 100 (2:1). Ҳег, 111 (2:2)
Пеналтилар серияси: Ҳойлунд (хато)(0:0) – Хори (1:0) – Эриксен (1:1) – Соучек (2:1) – Дрейлер (хато)(2:1) – Крейчи (хато)(2:1) – Йенсен (хато)(2:1) – Садилек (3:1)
Чехия: Коварж, Гранач, Крейчи, Халоупек, Дарида (Черв, 60), Соучек, Зелени, Цоуфал, Провод (Хитил, 68), Шулц (Садилек, 112), Шик (Хори, 91)
Дания: Ҳермансен, Андерсен, Нелссон (Норгар, 60), Меле, Ба, Юлманн (Ҳег, 106), Ҳейберг, Фроҳолдт (Эриксен, 72), Дамсгор (Йенсен, 115), Исаксен (Дрейер, 86), Ҳойлунд
Огоҳлантиришлар: Зелени, 45 – Нелссон, 21. Андерсен, 105
Чехия пеналтилар сериясида Даниядан устун келди. Данияликлар ташаббусга эгалик қилишди, асосий вақтда ҳам, қўшимча бўлимларда ҳам ҳисобни тенглаштиришга ўзида ирода топа олишди, аммо пеналтилар сериясида жуда ёмон ҳаракат қилишди.
Чехлар 3-дақиқадаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олишди, Павел Шулц тўп учун курашда устун келди ва тўпни тўсин остидан дарвоза тўрига киритди.
Дания шундан кейин тўпга эгалик қилди (77 фоиз), кўпроқ зарба берди (22:9). Чехия чуқур ҳимояланди ва қарши ҳужумлар билан жавоб қайтарди. Данияликлар фақат 72-дақиқага келиб чехлар мудофаасини ёриб ўтишди: дарвозабон Матей Коварж тўпга чиқишда хатога йўл қўйди ва Йоаким Андерсен ҳисобни тенглаштирди.
Экстра-таймларда сценарий ўзгармади: чехлар яна бир бор ҳисобда олдинга чиқишди – 100-дақиқада Ладислав Крейчининг голи VAR текширувидан кейин инобатга олинди.
Данияликлар фаолроқ ўйнашда давом этишди ва ўйинни барибир пеналтилар сериясига олиб ўтишди. Каспер Ҳег 111-дақиқада бурчак зарбасидан кейин мувозанатни тиклади.
Аммо футбол лотереясида омад Чехияга кулиб боқди: данияликлар тўрт зарбадан учтасини хато ижро этишди. Нуқтага биринчи бўлиб яқинлашган Расмус Ҳойлунднинг зарбаси тўсинга борди, охирги зарбани ижро этган Никлас Йенсеннинг зарбаси дарвоза соҳасига тўғри бормади.
Чехия иккинчи бор мундиал иштирокчисига айланди, жамоа 2006 йилги турнирда гуруҳдан чиқа олмаганди. Бу сафар эса Мексика, ЖАР ва Жанубий Корея билан бир гуруҳдан жой олган.
Жаҳон чемпионатининг барча иштирокчилари ва гуруҳлар таркиби:
