Роналду қизил олди, Франция йўлланмани ҳал қилди. Кун ўйинлари
|15:54 / 14.11.202532 09812 мин
ЖЧ-2026 саралашининг ноябрдаги ўйинлари старт олди. Португалия қаторасига икки ўйинда очко йўқотди, лекин йўлланмани деярли кафолатлаган. Олти ўйиндан иборат ғалабали серия қайд этаётган Италия эса яна турнирдан қолиб кетиши мумкин.
Португалия миллий жамоаси муддатидан олдин 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқиши мумкин эди. Бунинг учун Роберто Мартинес шогирдлари сафарда Ирландияни мағлуб этиши етарли бўларди. Аммо мезбонлар ҳам турнирга чиқиш учун кураш олиб бормоқда. Уларга очколар Португалияга қараганда муҳимроқ.
Дублиндаги ўйин бошида Португалия тўпга эгалик қилди ва ўзини мезбонларга хос тарзда тутди, аммо вақт ўтган сайин ирландлар хавфли қарши ҳужумлар уюштира бошлади, 17-дақиқада эса Диогу Коштанинг хатоси туфайли белгиланган бурчак зарбасидан ҳисобни очишди. Олис устун олдида турган Скейлс тўпни боши билан дарвозабон ҳудудига ташлаб берди, у ерда эса Пэрротт барчадан илдамлик қилди. Умуман олганда, меҳмонлар босим қилди, мезбонлар гол уришди. Биринчи бўлим охирида томонлар ўзаро голли вазиятлар алмашишди (Огбененинг зарбаси устунга тегди, Келлеҳер эса Витинянинг зарбасидан кейин қаҳрамонлик кўрсатди), кейин эса Пэрротт дубл расмийлаштирди. АЗ Алкмар клуби форварди яқин бурчакни аниқ нишонга олди.
Танаффусдан кейин Португалия камбэк қилиш учун олдинга ташланди. Аммо мезбонлар тўлиқ ҳимояланиб, рақибнинг юлдузларига вазият яратишга имкон қолдирмади. 60-дақиқада эса фавқулодда ҳодиса рўй берди – Криштиану Роналду тўғридан тўғри қизил карточка олди. У ортидаги ирландлар ҳимоячиси Дару О’Шига тирсаги билан зарба берди: аввалига ҳакам Гленн Нюберг эпизодни кўрмай қолганди, аммо VAR аралашуви билан қарорини ўзгартирди. Бу Криштиану учун миллий жамоадаги илк четлатиш бўлди.
Натижада ўйиннинг қолган қисмида ҳисоб ўзгармай қолди, ирландларга қарши қаторасига иккинчи ўйинда очколардан маҳрум бўлган (Лиссабондаги ўйинда Роналду пеналтини уролмаганди) Мартинес шогирдлари энди фақат сўнгги турда, ҳеч қандай мотивацияси йўқ бўлган арманларга қарши ўйинда йўлланмани расмийлаштириши мумкин. Ирландия эса ўтиш ўйинларида қатнашиши учун сафарда Венгрияни мағлуб этиши керак бўлади.
Венгрия миллий жамоаси сафарда Арманистон устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Ўйиндаги ягона гол 33-дақиқада Доминик Собослаининг узатмаси орқали ҳужумчи Барнабаш Варга томонидан урилди. Арманлар эса дарвоза соҳаси томон бирор марта тўғри зарба беролмади. Якунда мағлубиятга учраган мезбонлар Шимолий Америкада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасидан буткул умид узди. Венгрлар эса Португалия Ирландияга ютқазгани туфайли ҳали ҳам иккинчи ўринни кафолатлай олмади. 6-турда барчаси ирландлар билан ўзаро ўйинда ҳал бўлади. Аммо Венгрияда устунлик бор: Марко Росси жамоасини дуранг ҳам қониқтиради.
Озарбойжон Фернанду Сантушни ишдан бўшатгач, ёшлар жамоасидан жалб этилган Ойхон Аббосов билан украинларга қарши икки ўйинда рақибни очколардан маҳрум этди (1:1, 1:2). Аммо ўтиш ўйинларига бошқа бир даъвогар билан ўйинларда бунинг уддасидан чиқиб бўлмади. Исландия Бокудаги ўйиннинг биринчи бўлими ўрталарида мезбонлар сунъий офсайд ҳосил қилишда йўл қўйган хатодан фойдаланди ва Гудмундссон Йоханессоннинг пасидан кейин дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди. Бўлим охирларида эса ҳимоячи Ингасон стандарт вазиятда Гудмундссон ошириб берган тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобдаги устунликни оширди. Озарбойжон бир ярим йилдан буён ғалабасиз серия қайд этмоқда, исландияликлар эса минимум вазифани бажариб, гуруҳ жадвалида украинларни қувиб ўтди ва Париждан янгилик кута бошлади.
Париждаги ўйинда эса Франция жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилди. Французлар ўз майдонида Украинани йирик ҳисобда тор-мор этишди. Мезбонлар биринчи бўлим давомида зарбалар бериш бўйича 8:0 ҳисобида устунликка эришди, аммо тўп дарвозага киришни истамади. Фақат иккинчи бўлим бошида Килиан Мбаппе Майкл Олисе томонидан ишланган пеналтини аниқ ижро этиб, ҳисобни очди.
76-дақиқада эса «Бавария» вингерининг ўзи прессинг орқали бошланган тезкор ҳужумни гол билан якунлади. Кўп ўтмай Мбаппе дублни расмийлаштирди. Бу 26 ёшли футболчининг фаолиятидаги 400-гол бўлди. Якуний ҳисоб 88-дақиқада Уго Экитике томонидан ўрнатилди. 4:0 – французлар муддатидан олдин йўлланмани ҳал қилди. Украина энди ўтиш ўйинларида қатнашиш учун Исландияни мағлуб этиши керак бўлади, сўнгги турда исландларни иккинчи ўринни ўзида сақлаб қолиш учун дуранг ҳисоб ҳам қониқтиради.
16 ноябр. Озарбойжон – Франция, Украина — Исландия
Норвегия миллий жамоаси навбатдаги бор йирик ғалабага эришди. Бу сафар жабрланувчи Эстония бўлди. Норвеглар иккинчи бўлимнинг 14 дақиқаси ичида тўрт бор дарвозани ишғол этишди: Эрлинг Ҳоланд ва Александр Сёрлот дублга эришди. Криштиану Роналдунинг миллий жамоа учун голлар бўйича рекорди хавф остида. Ҳоландда аллақачон Норвегия сафидаги 47 ўйинда 53 гол уришга улгурди. Қолаверса, у бу сафарги саралаш турнирининг ўзида 14 гол билан яққол пешқадамлик қилмоқда.
Бу ғалабадан кейин скандинавлар амалда ЖЧ-2026 йўлланмасини ҳал қилишди. Сўнгги тур олдидан Стол Солбаккен шогирдлари 21 очко тўплаган ва Италиядан уч очкога олдинда. Аммо Норвегия тўплар нисбати бўйича катта фарқ ҳосил қилган («+12»га қарши «+29»), натижада сўнгги турда италянларга мағлуб бўлиш ҳам амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди, вазият ўзгариши учун Норвегия якшанба куни Италияда 9 та жавобсиз гол ўтказиши керак бўлади. Шундай экан, Норвегия 28 йил ичидаги илк жаҳон чемпионати йўлланмасини байрам қилишни бошлади.
Италия ҳам Кишинёвдаги ўйинда осон ғалабага эришиши кутилганди, аммо меҳмонлар узоқ вақтгача кўплаб вазиятлардан (2,58 xG) гол ура олмади, мезбонлар дарвозабони Кожухар мунтазам равишда сейв амалга оширди. Ва фақат 88-дақиқага бориб девор бузиб ўтилди: ҳимоячи Жанлука Манчини рақиб жарима майдонида барчадан баланд сакраб, боши билан дарвозани ишғол этди. Қўшимча дақиқаларда эса Франческо Эспозито ҳам қанотдан оширилган узатмани бош билан голга айлантирди.
2:0 – Италия жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри йўлланма учун назарий имконият сақлаб қолмоқда. Амалда эса бу иложсиз иш. Якунда биринчи ўринга чиқиш учун италянлар Норвегияни тўққиз гол фарқи билан мағлуб этиши керак бўлади. Шундай экан, Норвегия билан ўйинда италянлар ўтиш ўйинларига тайёргарлик кўришни бошласа ҳам бўлади.
Муддатидан олдин йўлланмани ҳал қилиб бўлган Англия ЖЧ-2026 саралаши доирасидаги еттинчи ўйинда ҳам ғалабага эришди. Томас Тухел жамоаси Сербияни иккинчи ўйинда ҳам мағлуб этди. 28-дақиқада Букайо Сака стандарт вазият давомида амалга оширилган ҳужумни гол билан якунлади. Шундан кейин инглизлар ўйинни назорат қилди ва катта куч сарфламасдан ҳимояда ўйнади. Сербия деярли вазиятларга эга бўлмади, ўйин охирида эса Пикфорд Костичда юзага келган ягона вазиятни ҳам бартараф этди. Қўшимча дақиқаларда Эберечи Эзе якуний ҳисобни ўрнатди – 2:0. Инглизлар саралашда етти ўйинда ҳам дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди (20:0). Серблар эса бу мағлубиятдан кейин иккинчи ўриндан умид узишди, аммо уларда Миллатлар лигаси орқали ўтиш ўйинларига ўтиш имконияти бўлади, бунинг учун жаҳон чемпионатига йўлланма ололмаган жамоалар орасида кучли тўртликка кириш талаб этилади.
Албания миллий жамоаси ҳали бирор марта жаҳон чемпионатига чиқмаган. Аммо энди бунинг учун икки ўйинда ғалаба қозониш етарли бўлади. Албанлар бу турда сафарда Андоррани мағлуб этган ҳолда ўтиш ўйинларидаги иштирокини таъминлади. Силвинио шогирдларига ғалабани «Торино» яримҳимоячиси Кристян Аслани 67-дақиқада урилган гол билан кафолатлади. Албания энди сўнгги тур олдидан учинчи ўриндаги Сербияни тўрт очколик фарқ билан ортда қолдирмоқда ва сўнгги турда Англияга қарши ўйин қуруқ расмиятчиликка айланади.