Жаҳон | 16:48
3670
6 дақиқада ўқилади

Портлардаги ёнғинлар. Россия Украина ҳужумларидан қандай зарар кўрмоқда?

Бу орқали украинлар Россия нефт қимматлашидан катта даромад кўришига тўсқинлик қилишга уринмоқда.

Фото: Vantor / Reuters / Scanpix / LETA

Украина дронлари ўтган ҳафтада Россиянинг Болтиқ денгизидаги портларига уч марта ҳужум уюштирди. 23 мартга ўтар кечаси Приморск порти ҳужумга учраган, бир неча ёқилғи резервуарлари шикастланган. Портдаги кучли ёнғин камида тўрт кун давом этди, уни Финландиядан ҳам кўриш мумкин эди. 25 мартга ўтар кечаси Уст-Луга портига ҳужум қилинди; бу ерда ҳам йирик ёнғин юзага келган, Reuters маълумотига кўра, «Новатэк» заводида технологик қурилмалар ва ёқилғи сақланадиган резервуарларнинг бир қисми ёниб кетган. Уст-Лугага 29 март ўтар кечаси ҳам ҳужум уюштирилди ва ёнғин қайтадан авж олди.

Уст-Луга ва Приморск Россиянинг энг йирик портлари орасида мос равишда иккинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллайди. Улар Болтиқ денгизидаги муҳим портлар саналади: 2025 йилда Уст-Луга орқали 130,5 миллион тонна, Приморск орқали қарийб 64 миллион тонна юк ташилган. Бундан ташқари, улар Россия ғарбида нефт экспорт қилишдаги муҳим денгиз тугунлари ҳисобланади. Приморск кунига бир миллион баррелдан ортиқ юк ташиш имкониятига эга ва Россиянинг Urals нефтини сотиш учун муҳим пункт ҳисобланади. Уст-Луга кунига 700 минг баррелга яқин нефт экспортини таъминлайди ва нефт маҳсулотларини олиб чиқишда муҳим рол ўйнайди.

Приморск порти, 2026 йил 23 март
Planet Labs PBC / AFP / Scanpix / LETA

Хабар қилишларича, Украина қуролли кучлари зарбаларидан кейин Приморск ва Уст-Луга портларида нефт юклашни вақтинча тўхтатишга тўғри келган. Reuters агентлигининг 25 март кунги ҳисоб-китобларига кўра, ушбу ҳужум туфайли Россиянинг нефт экспорти қувватларининг тахминан 40 фоизи тўхтатилган, бу кунига тахминан 2 миллион баррел деганидир. Агентлик Приморск ва Уст-Луга орқали юк ташишни тўхтатилган деб ҳисоблаган, Новороссийск орқали юк ташиш эса камайган – Қора денгиздаги ушбу энг йирик порт ҳам март ойида дронлар ҳужумига учраганди. Шунингдек, агентлик «Дружба» нефт қувурининг жанубий тармоғи ҳали ҳам ишламаётганини эслатган, Украина январ ойи охирида уни Россия дронлари ҳужумидан кейин таъмирлаш зарурлигини маълум қилиб, ёпиб қўйганди.

Украина АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушидан кейин юзага келган энергетика инқирози шароитида жаҳон бозорида муҳим ўйинчига айланган Россиянинг нефт экспортига путур етказмоқчи. Россияни юзага келган шароитнинг бенефициари деб аташмоқда ва Украина унинг қимматлашган нефт ҳисобига қўшимча даромад олишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун Украина кучлари нафақат Россия портларига, балки нефтни қайта ишлаш заводларига ҳам ҳужум қилмоқда – фақат сўнгги бир ой ичида Ленинград области, Краснодар ўлкаси ва Бошқирдистондаги нефтни қайта ишлаш заводлари зарбага учради.

Уст-Луга порти, 2026 йил 27 март
Vantor / Reuters / Scanpix / LETA

Россия нефт инфратузилмасига ҳужумлар туфайли кунига 70-80 миллион доллар йўқотмоқда, деди 27 март куни нефт ва газ бозори бўйича эксперт Борис Аронштейн Current Time нашрига. «Украина қуролли кучлари зарбалар вақти ва йўналишини идеал танлади... Россия экспортни ошириш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда. Нефт қазиб олишни кўпайтириш қийин, аммо у экспорт имкониятларини ошириши мумкин. Украина қуролли кучлари эса айнан шу режага аралашди. <...> Ҳужумлар пухта ўйлангани, ёпирилмалиги ва йўналиши, шунингдек, уларни ўтказиш вақти – буларнинг барчаси биргаликда шундай эффект бердики, шахсан мен урушнинг тўрт йилдан ортиқ даврида бунақасини эслай олмайман», – деди Аронштейн.

Приморскдаги ёнғиндан чиққан тутун устунининг сунъий йўлдошдан олинган сурати, 2026 йил 24 март
Planet Labs PBC / AFP / Scanpix / LETA

Z-блогерлар портлар бўйлаб зарбалар туфайли хавотирга тушишган – Уст-Лугага такрорий ҳужумдан кейин хавотирлар кучайган. «Яна Уст-Лугани вайро қилишди. Шармандалик!» – дея ёзади «Сваршчики» канали. «Яна этик билан чотимизга тепишди», – дея ёзган ВГТРК ҳарбий мухбири Александр Сладков. Бошқа Z-каналлар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг Уст-Луга ва Приморскни ҳимоялашдаги сусткашлигини танқид қилган. ДШРГ «Русич» неонацист канали эса телеграм тўлиқ блокланганидан кейин вайрон қилинган портларнинг сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлари Россия аудиториясига етиб бормаслиги ва «ҳарбий бошқарув самарадорлигига шубҳа уйғонмаслиги» ҳақида киноя қилди.

Яқин Шарқдаги уруш туфайли энергетика инқирози бошланганидан сўнг, Украина баъзи ҳамкорларидан Россия нефт секторига камроқ зарба беришга чақирувчи «сигналлар олди», деди Володимир Зеленский. «Яна бир бор таъкидлайман: агар Россия Украина энергетикасига зарба бермасликка тайёр бўлса, биз ҳам жавоб қайтармаймиз», – дея қўшимча қилди Зеленский. У бундай сигналлар айнан қайси ҳамкорлардан келганига аниқлик киритмаган. Март ойи ўрталарида дунёда энергия нархи ошиши фонида АҚШ Россия нефтига қарши санкцияларни вақтинча юмшатган, бу эса Европада норозилик келтириб чиқарганди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид