Жаҳон | 20:57 / 02.04.2026
1679
3 дақиқада ўқилади

Қримда Ан-26 қулаши оқибатида Шимолий флот авиацияси командири ҳалок бўлган

Александр Отрошченко Россиянинг Украинага қарши уруши даврида ҳалок бўлган 14-генерал бўлди.

Фото: citysever.ru

31 март куни кечқурун Қримда ҳалокатга учраган Ан-26 самолёти йўловчиларидан бири Шимолий флот аралаш авиация корпуси командир, генерал-лейтенант Александр Отрошченко эди.

Шимолий флотда хизмат қилувчи ҳарбий хизматчилардан бири BBC билан суҳбатда Отрошченконинг ўлими ҳақида хабар берган. Североморскда яшовчи, ушбу авиаҳалокатда майор унвонидаги қариндоши ҳалок бўлган манба ҳам бу маълумотни тасдиқлаган. Генералнинг ўлими ҳақида маҳаллий пабликларда хабар тарқалган, аммо ҳозирча бу маълумот расман тасдиқланмади.

Ан-26 русумли ҳарбий-транспорт самолёт 31 март куни Қрим ҳудудида қулаган. Унинг бортида бўлган 30 кишининг барчаси – экипажнинг 7 нафар аъзоси ҳамда 23 йўловчи ҳалок бўлган. РФ мудофаа вазирлиги ҳодисага техник носозлик сабаб бўлганини маълум қилган. Маҳаллий нашрларда эса у қояга урилиб кетгани айтилган. Мурманск области губернатори қурбонлар орасида Шимолий флот ҳарбийлари бўлганини тасдиқлаган.

Отрошченко 1962 йилда Ставрополда туғилган ва хизматни Болтиқ денгиз флоти денгиз пиёдалари матроси сифатида бошлаган. 1981 йилда Ставропол олий ҳарбий авиация билим юртини имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1994 йилда эса Маршал Жуков номидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбий қўмондонлик академиясини битирган. 1990-йилларда у Тинч океани флотининг авиация эскадрони командири сифатида хизмат қилган.

2005 йилда Бош штаб Ҳарбий академиясини имтиёзли диплом билан тамомлаган. 2010 йилдан 2013 йилгача Қора денгиз флотининг денгиз авиацияси бошлиғи бўлган. Кейин Шимолий флот денгиз авиациясига раҳбарлик қилади. Шимолий денгиз флотининг 45-ҳарбий ҳаво кучлари ва ҳаво мудофааси армиясига командирлик қилган. 2019 йилда унга генерал-лейтенант унвони берилган. 2024 йилдан буён Шимолий флот аралаш авиация корпусини бошқариб келаётганди.

2014 йилда Отрошченко Қримни аннексия қилишда иштирок этган, кейинчалик Россиянинг Суриядаги операциясида ҳам қатнашган.

Генерал-лейтенант Отрошченко хизмат кўрсатган ҳарбий учувчи бўлиб, умумий парвоз вақти 2000 соатдан ошади. Унинг ўғли Александр Отрошенко ҳам ҳарбий авиацияда хизмат қилади. Бу йиллар давомида Отрошченконинг асосий хизмат жойи Североморск бўлган.

BBC ҳисоб-китобларига кўра, Отрошченко Россия-Украина уруши бошидан буён ҳалок бўлган 14-россиялик генералга айланди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид