Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Киевга ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилди
Агар АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари Ҳўрмуз бўғозини очиш бўйича операцияга қўшилмаса, Вашингтон Украинага PURL дастури орқали қурол етказиб беришни тўхтатади. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп таҳдид қилган.
Фото: Tom Brenner/AFP/Getty Images
Буюк Британиянинг Financial Times газетаси 1 апрел, чоршанба куни уч нафар хабардор манбага таяниб ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Европа Ҳўрмуз бўғозини очишга ёрдам бермаса, Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилган. Манбаларга кўра, Оқ уй раҳбари Украина учун устувор харидлар дастури (PURL) фаолиятини тўхтатиб қўйиш билан қўрқитмоқда. Ушбу дастур доирасида Европа давлатлари АҚШдан қурол сотиб олиб, уни Киевга топширади.
Бундан аввал Washington Post газетаси Пентагон Украина Қуролли кучлари учун мўлжалланган муҳим ҳарбий ускуналарни Эронга қарши уруш эҳтиёжларига йўналтириш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилган эди. Шу билан бирга, АҚШ давлат котиби Марко Рубио 28 март куни НАТО давлатлари Украина учун харид қилган қуроллар Яқин Шарққа йўналтирилмаётганини айтган, аммо бундай эҳтимолни ҳам истисно қилмаган.
Ўз навбатида, Американинг The Wall Street Journal газетаси Бирлашган Араб Амирликлари АҚШ ва унинг иттифоқчиларига Ҳўрмуз бўғозини куч билан очишда ёрдам беришга тайёрланаётганини ёзди. Агар бу рўй берса, БАА Эронга қарши жанг ҳаракатларига киришган Форс кўрфазидаги биринчи давлатга айланади. АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет 31 март куни Эронга қуруқлик қўшинлари юборилиши эҳтимолини ҳам истисно қилмаган.
Буюк Британия шу ҳафта 35 давлат иштирокида музокара ўтказиб, жанг ҳаракатлари тўхтагандан кейин Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш учун коалиция шакллантириш масаласини муҳокама қилади. Financial Times 1 апрел куни тўрт нафар хабардор манбага таяниб хабар беришича, ташқи ишлар вазирлари учрашувида аниқ чоралар — тижорат кемаларини ҳарбий кемалар кузатувида ўтказиш, бўғозни миналардан тозалаш ва Эроннинг эҳтимолий ҳужумларидан ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, ҳарбийлар учрашуви ҳам режалаштирилган бўлиб, унда денгиз кучларининг эҳтимолий ҳаракат вариантлари муҳокама қилинади. Музокараларда Франция, Нидерландия ва Форс кўрфази давлатлари ҳам қатнашиши кутилмоқда.
Ҳозиргача Европа давлатлари Доналд Трампнинг ўз ҳарбий-денгиз кучларини Ҳўрмуз бўғозига юбориш ҳақидаги чақириқларини рад этиб келган. Financial Times манбаларига кўра, улар Трамп ўзи юзага келтирган муаммони ҳал қилишга ёрдам беришни истамаган. Бироқ энергетика инқирозининг кўлами ва Трампнинг НАТОдаги иттифоқчиларни доимий танқид қилиши уларни ўз позициясини қайта кўриб чиқишга мажбур қилган.
Шу билан бирга, ушбу коалиция НАТО миссияси доирасида ҳаракат қилмайди ва Шимолий Атлантика алянсига аъзо бўлмаган давлатлар учун ҳам очиқ бўлади.