Жаҳон | 10:24 / 04.04.2026
5997
3 дақиқада ўқилади

200 дан ортиқ украин ҳарбийлари Ливияда — суриштирув тафсилотлари

Украинанинг 200 дан ортиқ офицер ва мутахассислари Ливиядаги ҳарбий базаларга жойлаштирилган. Бу Абдул Ҳамид Дбейба раҳбарлигидаги Миллий бирлик ҳукумати билан тузилган келишув доирасида амалга оширилган. Бу ҳақда Франциянинг Халқаро радиоси (RFI) 2 апрел, пайшанба куни эълон қилган суриштирувида маълум қилинган.

Фото: AP

RFI’нинг икки нафар ливиялик манбасига кўра, украин ҳарбийлари Ливиянинг ғарбий қисмидаги учта объектда жойлашган.

Биринчи — Мисратадаги авиабаза. У ерда Туркия, Италия ва АҚШнинг Африка қўмондонлиги бўлинмалари, шунингдек Британия разведка маркази жойлашган. Иккинчи объект — Завия шаҳрида бўлиб, ҳаво ва денгиз дронларини ишга тушириш учун тўлиқ жиҳозланган. Учинчи объект — Триполи аэропорти яқинидаги Ливия армиясининг 111-бригадаси штаби. У ерда украин кучлари ва Ливия армияси ўртасида мувофиқлаштирув учрашувлари ўтказилади.

Суриштирувда айтилишича, Триполи ҳукумати украин мутахассисларига денгизга тўғридан тўғри чиқиш имконига эга бўлган ер участкасини берган. У ерда 2025 йил кузида учиш-қўниш йўлаклари қурилган.

RFI манбаларига кўра, март ойи бошида Ливия соҳилларидан туриб Россиянинг Arctic Metagaz газ ташувчи кемасига ҳужум қилинган. Бу ҳақда аввал Россия транспорт вазирлиги ҳам маълум қилган эди.

Маълумотларга кўра, кема Украинага тегишли Magura V5 денгиз дрони орқали, Завиядаги база ҳудудидан ишга туширилиб зарба берилган. Натижада кеманинг машина бўлими сувга тўлган ва кема тўхтаб қолган.

Муаллифлар бу Ливия яқинидаги Россиянинг “соядаги флоти”га қарши ягона ҳужум эмаслигини таъкидлайди. Хусусан, 2025 йил 19 декабр куни Украина Хавфсизлик хизмати манбаси AFP агентлигига Украина Ўрта Ер денгизидаги “нейтрал сувлар”да Россияга тегишли Qendil нефт танкерига ҳужум қилганини билдирган. RFI маълумотига кўра, бу дрон Мисрата шаҳридан учирилган ва кема Ливия соҳилидан 250 км узоқликда зарбага учраган.

Суриштирувга кўра, Триполи ҳукумати Украина билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни ўтган йил октябрида имзолаган. Бу ташаббус Украина ҳарбий атташеси Андрей Баюк томонидан илгари сурилган.

Келишувга мувофиқ: Украинага Ливияда ваколатхона очишга рухсат берилган, эвазига Украина ливиялик ҳарбийларни, жумладан дронлардан фойдаланиш бўйича ўқитиши керак

Узоқ муддатда бу ҳамкорлик қурол етказиб бериш ва Ливия нефт соҳасига Украина инвестицияларини ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Айни пайтда, на Украина расмийлари, на Триполи ҳукумати ушбу суриштирувга изоҳ берган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид