Ўзбекистон | 08:39 / 04.04.2026
1582
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизими кучайтирилади

Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим қарор қабул қилинди. Унга кўра, таълим жараёни халқаро стандартлар асосида модернизация қилиниб, янги ўқув йўналишлари ва ташкилий тузилмалар жорий этилади.

Президентнинг 2026 йил 2 апрелдаги ПҚ–122-сон қарорига мувофиқ, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ҳузурида 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб маҳаллий ва хорижий талабалар учун махсус тайёрлов курси ташкил этилади. Ушбу курс STEAM фанлари, тил билимлари, академик ёзиш ҳамда миллий стратегик мезонлар бўйича билимларни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, бир йиллик муддатда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

2027-2028 ўқув йилидан бошлаб мазкур тайёрлов курсини муваффақиятли тамомлаган, яъни ўзлаштириш кўрсаткичлари “5 (аъло)” ва “4 (яхши)” бўлган битирувчилар университетга имтиҳон асосида тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Шунингдек, “техникум–олийгоҳ” тамойили асосида Тошкент геодезия ва картография техникуми университетга бириктирилиб, унинг биносида Умуммуҳандислик факултети ташкил этилади. Бу эса ўрта махсус ва олий таълим ўртасида узвийликни таъминлашга хизмат қилади.

Қарорга мувофиқ, университетдаги “Сув дипломатияси” магистратура мутахассислиги “Халқаро сув дипломатияси” деб қайта номланади. Ушбу йўналиш битирувчиларига “Халқаро сув муносабатлари соҳасида мутахассис” квалификацияси берилиши белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид