Ўзбекистон | 08:48 / 04.04.2026
8197
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда банк ходими 10 минг доллар пора билан ушланди

Тошкент шаҳрида нуфузли акциядорлик тижорат банкларидан бири ходими 10 минг АҚШ долларини тамагирлик йўли билан олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланди.

Фото: Видеодан кадр

Коррупцияга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Унда пойтахтда фаолият юритувчи нуфузли акциядорлик тижорат банкларидан бирининг катта эксперти хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослашган МЧЖ раҳбаридан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушди.

Тергов маълумотларига кўра, мазкур шахс ўзининг танишлари орқали Самарқанд вилоятида жойлашган банклардан бири орқали ушбу МЧЖга 1 миллиард 250 миллион сўм миқдорида кредит олиб беришни ваъда қилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қонундан устун ҳеч ким йўқлигини, мансаб ва мақом жавобгарликдан озод этмаслигини яна бир бор эслатди.

Шунингдек, фуқароларга шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда, Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилиш мумкинлиги, мурожаат этувчининг шахси сир сақланиши кафолатланиши билдирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид