Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой ва Покистон Эрон урушида воситачи бўлмоқчи. Улар нимани таклиф қилди?
Хитой ва Покистон Яқин Шарқдаги урушни тўхтатиш бўйича қўшма ташаббус билан чиқди. Унда ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатиш, тинчлик музокаралари, фуқаролик ва энергетика объектларини ҳимоя қилиш, савдо йўллари хавфсизлиги ва БМТ уставига амал қилиш белгиланган.
Сиёсатшунослар Исломхон Гаффаров ва Бектош Бердиев Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида мавзуни атрофлича шарҳлаб берди.
Исломхон Гаффаров: Покистон ва Хитой Халқ Республикасининг қўшма баёноти бешта асосий банддан иборат.
Биринчи бандда улар томонларни уруш ҳаракатларини зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу фикрнинг асосий мазмуни – нефт масаласи билан боғлиқ. Яъни Эрондан Хитойга йўналтирилаётган нефт оқимини ҳимоя қилиш ва уни хавфсиз сақлаш зарурати ушбу чақириққа асос бўлган, деб тахмин қилиш мумкин.
Иккинчи бандда дарҳол тинчлик музокараларини бошлаш зарурлигини таъкидланган. Шу билан бирга, улар алоҳида қайд сифатида Эроннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашларини билдирди. Бу баёнот бежиз эмас, чунки Эрон атрофидаги ҳарбий ҳаракатлар бошланган пайтда Исроил томонидан “озод озарлар”, “озод балужлар” каби иборалар тилга олиниб, Эрон ичида сепаратистик кайфиятларни қўзғатишга уринишлар бўлган эди.
Покистон ва Эрон қарийб 900 километр умумий чегарага эга. Бу ҳудудда асосан балуж халқи яшайди. Уларнинг бир қисми Эронда, яна бир қисми Афғонистонда, энг катта қисми эса Покистонда истиқомат қилади. Агар Эронда балужлар орасида сепаратистик ҳаракатлар кучайса, бу ҳолат Покистон ҳудудида ҳам акс-садо бериши муқаррар. Чунки бу ерда улар нисбатан кучлироқ ва айрим қуролли тузилмаларга ҳам эга. Шу боис Исроил томонидан бу каби чақириқларнинг янграши Покистоннинг ҳудудий яхлитлигига ҳам хавф туғдириши мумкин. Демак, Эроннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги баёнот айнан шу хавотирлар билан боғлиқ.
Учинчи бандда фуқаролик ва энергетика объектларига зарба бермаслик зарурлиги таъкидланди. Яъни ҳатто можаро давом этган тақдирда ҳам, тинч аҳоли ва стратегик инфратузилма ҳимоя қилиниши кераклиги алоҳида қайд этилди. Бу ерда, айниқса, Хитойнинг иқтисодий манфаатлари яққол кўзга ташланади.
Тўртинчи бандда денгиз савдоси ва транспорт йўлларининг хавфсизлигини таъминлаш масаласи кўтарилди. Яъни ҳар қандай ҳарбий кескинликка қарамай, глобал савдо йўллари, хусусан денгиз орқали юк ташиш тизими узлуксиз ишлаши кераклиги таъкидланди.
Қўшма баёнот Бирлашган Миллатлар Ташкилоти уставининг устуворлигини эътироф этувчи бешинчи банд билан якунланган.
Покистоннинг бу баёнотдаги ўрни ва мотивларига тўхталсак, у мазкур можаро доирасида ўзини потенциал воситачи сифатида кўрсатишга уринмоқда. Бир томондан, АҚШ Покистонни “НАТОдан ташқаридаги асосий иттифоқчи” мақомида кўради. Бу мақом айниқса Доналд Трамп даврида янада мустаҳкамланди. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва армия бош қўмондони Асим Мунирнинг АҚШга ташрифлари ҳам икки томонлама алоқаларни кучайтирди.
Бошқа томондан, Покистон Эрон билан ҳам яқин ҳамкорлик алоқаларига эга. Хусусан, Эрон Кашмир масаласида Покистонни қўллаб-қувватлайди. Ўз навбатида, Покистон Фаластин масаласида мусулмон дунёси билан умумий позицияга эга, Исроилни эса давлат сифатида тан олмаган.
Шу жиҳатдан Покистон бир вақтнинг ўзида икки қарама-қарши томон билан алоқага эга кам сонли давлатлардан бири сифатида воситачилик қилиш имкониятига эга. Бу эса халқаро муносабатларда “middle power”, яъни ўрта даражадаги таъсирга эга давлат сифатида ўз мавқейини мустаҳкамлаш истаги билан изоҳланади.
Бироқ бу ерда бир парадокс ҳам мавжуд, яъни Покистоннинг ўзи ҳам воситачига муҳтож давлатлардан бири. Масалан, ўтган йили Ҳиндистон билан Кашмир масаласида кескинлик юзага келганда, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Деҳли ва Исломобод ўртасида воситачилик қилишга ҳаракат қилган эди. Шунингдек, Афғонистон–Покистон йўналишидаги можароларда ҳам Қатар ёки Туркия каби давлатлар воситачи сифатида майдонга чиқмоқда. Демак, “воситачига ҳам воситачи керак” деган ҳолат юзага келмоқда.
Покистоннинг ушбу баёноти маълум даражада сиёсий сигнал ҳам бўлиши мумкин. Яъни у ўзини минтақавий куч сифатида кўрсатиб, эҳтимолий босим ёки таҳдидларга нисбатан тайёр эканини билдиради. Бу, бир томондан, ўзини ҳимоя қилиш, бошқа томондан эса халқаро майдондаги мавқейини оширишга қаратилган.
Худди шундай позицияни аввалроқ Туркия ҳам билдирган эди. Хусусан, унинг расмийлари мамлакатнинг стратегик қудратини ошириш, жумладан, ядро салоҳиятини ривожлантириш эҳтимолини ҳам истисно этмаган.
Хитойнинг позициясига келсак, у узоқ вақт сукут сақлади ва ниҳоят ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, эҳтиёткор баёнот билан чиқди. Бу баёнот яқин ойлар ичида кутилаётган Доналд Трампнинг Пекинга ташрифи арафасида муҳим дипломатик сигнал сифатида ҳам баҳоланиши мумкин. Яъни Хитой ушбу беш банд орқали ўзининг музокаралардаги асосий талабларини олдиндан белгилаб қўяётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Бектош Бердиев: Бу можаро доирасида воситачилик қилиш анча мураккаб. Масалан, дунёдаги йирик давлатларни кўриб чиқадиган бўлсак, Россия бугунги кунда Украина уруши сабаб халқаро сиёсатдан маълум даражада четга сурилган. Шу боис у амалда нейтрал медиатор бўлиш имкониятидан маҳрум.
Араб давлатлари маълум вақтгача қулай позицияда эди, бироқ сўнгги воқеалар фонида улар Эронга нисбатан салбий муносабат билдира бошлади. Бунга Эрон томонидан айрим ҳудудларга ракета зарбалари берилгани сабаб бўлмоқда.
Шу нуқтайи назардан, Туркия, Покистон ва Хитой нисбатан мақбул воситачи сифатида кўрилмоқда. Туркия маълум даражада ҳаракат қилиб кўрди, аммо унинг позицияси ҳам мураккаблашган, чунки у айрим ҳолатларда АҚШ ва Исроил ҳаракатларини танқид қилиб, Эронни жабрланган томон сифатида кўрсатди. Бу эса унинг бетарафлик даражасига путур етказиб, айрим томонлар ишончини камайтирди.
Натижада асосий эътибор Покистон ва Хитойга қаратилмоқда. Бироқ Покистоннинг ҳам имкониятлари чекланган. Бир томондан, у АҚШ билан яқин ҳамкор ҳисобланади, иккинчи томондан эса Эрон билан ҳам яхши алоқаларга эга. Шу билан бирга, Покистон Исроилни давлат сифатида тан олмаган ва айрим сиёсий доираларда кескин баёнотлар ҳам янграган. Бу эса Исроил томонидан Покистоннинг ишончли медиатор сифатида қабул қилинишини қийинлаштиради.
Демак, Покистон воситачилик қилган тақдирда ҳам, қабул қилинадиган қарорлар Исроил томонидан тўлиқ тан олинмаслиги эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли энг мақбул ва нисбатан бетараф медиатор сифатида Хитой кўпроқ тилга олинмоқда.
Тўлиқ суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.