Жаҳон | 15:04
2003
2 дақиқада ўқилади

Доғистонда сув тошқинлари оқибатида 4 киши ҳалок бўлди

Сув омбори тўғони бузилиб кетган ва уйларни сув босган.

5 апрел куни Доғистоннинг Дербент районида кучли ёғингарчилик ортидан Геджухское сув омборида сув сатҳи кўтарилиб, унинг тўғони бузилиб кетди. Натижада Мамедкала посёлкасини сув босган.

Дербент райони ҳокими Элман Оллоҳвердиев 5 апрел куни кечқурун дарёдан бир неча кишини қутқаришга муваффақ бўлингани ҳақида хабар берди. «Кавказ» федерал автойўлининг Кала аҳоли пунктидаги кўприги қулаганида ичида одамлари бўлган автомобиллар оқиб кетганди.

Районнинг тўртта микрорайони ҳудудида тўрт минг киши эвакуация қилинган, лекин барчани ҳам қутқаришнинг имкони бўлмаган.

«Афсуски, ҳомиладор аёл ва вояга етмаган ўсмирни қутқариб қолишнинг иложи бўлмади», – дейди ТАСС агентлиги суҳбатдоши.

Шу куни Кирки қишлоғида ҳам ер ўпирилиши туфайли уй қулаши оқибатида яна бир аёл ҳалок бўлган.

6 апрел куни Мамедкала қишлоғида беш ёшли қиз жасади топилди ва жами қурбонлар сони тўрт нафарга етди.

Бундан ташқари, икки киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид