Жаҳон | 08:32 / 07.04.2026
2849
3 дақиқада ўқилади

Венгрия Россия гази келадиган қувурни ҳарбий назоратга олмоқда

Венгрия Қуролли кучлари Россия гази етказиб бериладиган қувур тармоғининг бир қисмини қўриқлашни кучайтиради. Бундан олдин Сербия ва Венгрия чегарасидаги газ қувури яқинида портловчи модда топилган эди.

Фото: Anastasia Solntseva / TurkStream

Венгрия армияси мамлакат ҳудудидан ўтувчи “Турк оқими” газ қувурининг бир қисмини қўриқловга олади. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто душанба, 6 апрел куни Facebook ижтимоий тармоғида маълум қилди. Бу қарор Сербияда Венгрияга олиб борувчи газ қувури яқинида портловчи қурилма аниқланганидан бир кун ўтиб қабул қилинди.

“Бу газ қувури Венгрияга табиий газ етказиб бериш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, чунки мамлакатимиз газ тизимидаги табиий газнинг 56 фоизи, яъни ярмидан кўпи ‘Турк оқими’ орқали келади”, — деди Сийярто.

Сийяртонинг қўшимча қилишича, қувурни ҳимоя қилиш чораларини кўриш бўйича Венгрия, Россия, Сербия ва Туркия ўзаро келишиб олган. Венгрия мудофаа вазири Криштоф Шалай-Бобровницкий эса қувурнинг мазкур қисми қўриқлови “ҳаводан патрул қилиш ва ер устидаги назорат” ёрдамида кучайтирилганини таъкидлади.

5 апрел куни Сербия президенти Александр Вучич Венгрия бош вазири Виктор Орбанга Россия газини, жумладан Венгрияга ҳам етказиб берадиган газ қувурида кучли портловчи қурилма ҳамда портлатиш учун зарур детонаторлар топилганини маълум қилган эди. Портловчи моддалар Сербия шимолидаги Воеводина автоном ўлкасида аниқланган.

Венгрия ташқи ишлар вазири Сербия ҳудудидаги газ қувурида диверсияга уринишни мамлакат суверенитетига тўғридан тўғри тажовуз деб атади ва Украина алоқадор бўлиши мумкинлигига ишора қилди.

“Аввалига улар (украинлар — таҳ.) Украина орқали ўтувчи йирик газ қувурини тўсиб қўйди, кейин эса ‘Дружба’ нефт қувури орқали ташувларни қайта тикламади, сўнгги ҳафталарда эса ўнлаб дронлар Россия ҳудудидаги ‘Турк оқими’ газ қувурига бир неча бор ҳужум қилди”, — деб ёзди Сийярто.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги вакили Георгий Тихий эса Киевнинг Сербияда “Турк оқими” қувури яқинидан топилган портловчи моддаларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Сербиядаги, Венгрияга Россия газини етказиб берувчи қувурда диверсияга уриниш Россиянинг “бегона байроқ остидаги операцияси” бўлиши мумкин. Бундай ҳаракатнинг мақсади эса парламент сайловлари арафасида мамлакатдаги кайфиятга таъсир кўрсатиш бўлиши мумкинлигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид