Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши: қанча одам ҳалок бўлди?
28 феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми билан бошланган уруш оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлди. Ушбу зарбалар Эроннинг Исроил, АҚШ базалари ва Кўрфаз давлатларига қарши ҳужумларини келтириб чиқарди. Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида янги фронт очилди.
Фото: Anadolu Agency
Америка вақти билан 7 апрел куни АҚШ ва Эрон 2 ҳафталик сулҳга келишди. Reuters нашри қарийб 40 кунлик уруш давомида Яқин Шарқ бўйлаб хабар қилинган қурбонлар сони ҳақидаги сўнгги маълумотларни жамлади. Қайд этиш лозимки, можаролар даврида ҳукуматлар ва турли гуруҳлар тақдим қилган маълумотларни мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз.
Эрон
АҚШда жойлашган HRANA ҳуқуқни муҳофаза қилиш гуруҳи уруш бошланганидан бери Эронда 3 636 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Қайд этилишича, улардан 1 701 нафари тинч аҳоли, жумладан, камида 254 нафари болалардир.
Гуруҳнинг билдиришича, маълумотлар жойлардаги ҳисоботлар, маҳаллий алоқалар, тиббий ва фавқулодда ёрдам манбалари, фуқаролик жамияти тармоқлари, очиқ манбалар ва расмий баёнотлардан олинган.
Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари федерацияси эса АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбалари натижасида ҳозиргача камида 1 900 киши ҳалок бўлгани, 20 000 киши жароҳатланганини маълум қилди.
Ушбу рақамларга 4 март куни Шри-Ланка яқинида АҚШ ҳужуми оқибатида Эрон кемасида ҳалок бўлган 104 нафар ҳарбий киритилганми ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас.
Ливан
Ливан расмийларининг маълум қилишича, 2 мартдан буён Исроил зарбалари оқибатида 1 530 киши, жумладан, камида 129 нафар бола ҳалок бўлган.
Шунингдек, Исроил билан янги уруш бошлаганидан бери «Ҳизбуллоҳ»нинг 400 дан ортиқ жангчиси ҳалок бўлди, деб маълум қилди гуруҳ ҳисоб-китобидан хабардор икки манба Reutersʼга. Расмийлар хабар қилган 1,5 минг кишилик қурбонлар сонига ушбу жангчилар киритилганми ёки йўқми, номаълум.
Бундан ташқари, Исроилнинг зарбалари оқибатида Ливан армиясининг камида 10 нафар аскари ҳам ҳалок бўлган. Талафотларнинг аксарияти Ливан жанубида қайд этилган.
Шу билан бирга, Ливан жанубидаги икки алоҳида ҳодисада БМТнинг Индонезиядан бўлган 3 нафар тинчликпарвар ходими ҳалок бўлди: бири йўл четидаги портлашдан, иккинчиси эса снаряд тегиши натижасида.
Ироқ
Ироқ соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, инқироз бошланганидан бери камида 117 киши ҳалок бўлган. Улар орасида тинч аҳоли вакиллари, Эронга алоқадор шиа халқ кўнгилли кучлари аъзолари, АҚШ иттифоқчиси бўлган курд жангчилари, полиция ва армия ходимлари бор.
Ироқ порт хавфсизлиги расмийларига кўра, танкерларга қилинган ҳужум натижасида хорижий экипажнинг бир нафар аъзоси ҳам ҳалок бўлган.
Исроил
АҚШ билан Эронга қарши уруш бошлаган Исроил ҳам йўқотишларга учрамоқда. Хусусан, Исроил тез ёрдам хизмати маълумотларига кўра, Эрон ва Ливандан жавоб тариқасида учирилган ракеталар оқибатида Исроилда 23 киши ҳалок бўлди. Шунингдек, Ливан жанубида Исроилнинг 11 нафар аскари ҳам ўлдирилди.
Бундан ташқари, 22 март куни Исроил кучлари хато ўқ узиши натижасида Ливан билан чегара яқинида бир нафар исроиллик фермер ҳалок бўлди.
Америка Қўшма Штатлари
39 кунлик уруш давомида АҚШ Марказий қўмондонлиги 13 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини ва 300 дан ортиғи яраланганини маълум қилди.
АҚШ ҳарбийларининг билдиришича, Ироқ узра АҚШ ҳарбий ёнилғи қуйиш самолёти ҳалокатга учраши оқибатида олти киши ўлгани тасдиқланган. Яна етти киши Эронга қарши операциялар давомида жангларда ҳалок бўлган.
Бирлашган Араб Амирликлари
БАА расмийларига кўра, Эрон ҳужумлари оқибатида 12 киши ҳалок бўлган, жумладан, икки нафар ҳарбий хизматчи ҳам. Охирги ўлим ҳолати тутиб қолинган ракета қолдиқлари Абу-Дабининг Ҳабшан газ иншоотларига тушиши туфайли содир бўлди.
Қатар
Қатар Мудофаа вазирлигига кўра, 22 март куни Қатар ҳудудий сувларида «мунтазам хизмат» вақтида юз берган техник носозлик натижасида вертолёт ҳалокатга учраб, етти киши ҳалок бўлган. Бошқа тафсилотлар берилмади.
Ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари Қатар қуролли кучлари ходими, бири Қатар–Туркия қўшма кучларининг туркиялик ҳарбий хизматчиси. Шунингдек, яна икки киши Туркиянинг Aselsan мудофаа компанияси техник ходимлари бўлган.
Кувайт
Амирлик можаро давомида 7 киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Жумладан, Эрон ҳужумларида ўлган уч фуқаро, ички ишлар вазирлигининг икки ходими ва икки нафар аскар.
Фаластин – Ғарбий соҳил
Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий соҳилда Эрон ракеталари қулаши натижасида тўрт нафар фаластинлик аёл ҳалок бўлди.
Сурия
Сўнгги йилларда Яқин Шарқдаги энг қайноқ нуқта бўлган Сурия бу сафар урушга аралашишдан тийилмоқда. SANA давлат ахборот агентлигига кўра, урушнинг илк куни – 28 февралда Эрон ракетаси жанубдаги Сувейда шаҳридаги бинога тушган. Натижада тўрт киши ҳалок бўлди.
Баҳрайн
Баҳрайн ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Эроннинг алоҳида ҳужумларида икки киши ҳалок бўлган. Улардан охиргиси пойтахт Манамадаги турар жой биносига зарба берилганида содир бўлган.
Бундан ташқари, БАА Мудофаа вазирлиги 24 март куни Баҳрайндаги фуқаролик пудратчиларидан бири Эрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилди. Пудратчи Марокаш фуқароси бўлган.
Уммон
АҚШ ва Эрон ўртасидаги воситачилик музокараларига мезбонлик қилаётган Уммоннинг Сохар провинциясидаги саноат зонасига 13 март куни Эрон дрони келиб тушди. Натижада икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинди. Аввалроқ Маскат қирғоқлари яқинида танкерга снаряд тегиши оқибатида бир киши ҳалок бўлганди.
Саудия Арабистони
Эрон Саудия бўйлаб ўнлаб ракета ва дронлар учирди. Иқтисодий зарар катта бўлса-да, қурбонлар сони кўп бўлмади. Хусусан, Ар-Риёддан жануби-шарқда жойлашган Ал-Харждаги турар жой биносига снаряд тушиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди.
Франция
Ироқ шимолидаги француз аскарлари аксилтеррор тайёргарлигини ўтаётган базага дрон ҳужуми уюштирилиши оқибатида бир нафар аскар ҳалок бўлди. Шунингдек олти нафар ҳарбий яраланди.