Жаҳон | 10:09
2548
3 дақиқада ўқилади

Россия суди “Ичкерия”ни террористик ташкилот деб топди

Грознийдаги суд “Ичкерия Чечен Республикаси” фаолиятини тақиқлади ва уни “террористик ташкилот” деб эътироф этди. Шунингдек, ИЧРнинг Европанинг 14 мамлакатидаги 29 та бўлинмаси ҳам “террористик” деб топилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Россияда “Ичкерия Чечен Республикаси” (ИЧР) фаолияти тақиқланди ва у “террористик ташкилот” деб тан олинди. Бу ҳақда 7 апрел, сешанба куни Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) матбуот хизмати хабар қилди. Мазкур қарорни Грозний шаҳридаги Шайх Мансуров туман суди яна 12 март куни чиқарган бўлиб, бу ҳолатга “7х7” Telegram-канали эътибор қаратган. Шунингдек, ИЧРнинг Европанинг 14 мамлакатидаги 29 та бўлинмаси ҳам “террористик” деб эълон қилинган.

ФХХ иддаосича, ушбу гуруҳ аъзолари Украина Қуролли кучлари томонида Россия армиясига қарши жанг қилмоқда ва РФнинг Курск ҳамда Белгород вилоятларидаги диверсияларга алоқадор бўлган. Идора маълумотига кўра, ташкилотга Буюк Британияда яшовчи Аҳмад Закаев раҳбарлик қилади.

2024 йилда Россия ҳокимияти унга нисбатан Украина Қуролли кучлари таркибида кўнгилли баталон тузгани муносабати билан жиноий иш қўзғатган ва уни “террористлар ва экстремистлар” рўйхатига киритган эди. Ўша йилнинг ўзидаёқ Россия Олий суди ИЧРнинг муҳожирликдаги ҳукуматини аввал “экстремистик”, кейин эса “террористик ташкилот” деб тан олган.

Аҳмад Закаев тан олинмаган “Ичкерия”нинг ташқи ишлар вазири бўлган, Иккинчи чечен уруши бошланганидан кейин эса дала қўмондонига айланган. 2001 йилда Россия уни “терроризм” айблови билан халқаро қидирувга берган, аммо 2003 йилда Лондон суди таъқиб сиёсий сабабларга кўра олиб борилаётганини тан олиб, уни Россияга экстрадиция қилишни рад этган. Шундан буён Закаев Буюк Британияда яшаб келади, у ерда унга сиёсий бошпана берилган.

“Ичкерия Чечен Республикаси” — 1993 йилдан 1999 йилгача Чеченистон ҳудудида мавжуд бўлган ўзини мустақил деб эълон қилган республика. У Иккинчи чечен уруши давомида тугатилган. Ўша уруш якунларига кўра, Чеченистонга ҳозирги минтақа раҳбари Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмад Қодиров раҳбар бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид