Ўзбекистон | 13:19
1314
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: АҚШ инвесторларининг Ўзбекистонга қизиқиши ошиб бормоқда

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда икки томонлама келишувлар истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: Telegram / Саида Мирзиёева

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ савдо вакили, элчи Жеймисон Грир билан учрашув ўтказиб, америкалик инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши сўнгги вақтларда изчил равишда ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, очиқлик сиёсати ва бизнес учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар хорижий сармоядорлар учун жозибадор муҳит яратмоқда.

Учрашув давомида томонлар икки давлат ўртасидаги савдо муносабатларини янада ривожлантириш, ўзаро манфаатли асосда янги келишувлар ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширилаётган лойиҳаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, саноат, инфратузилма, энергетика ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Саида Мирзиёева мазкур йўналишда АҚШ томонидан билдирилаётган қўллаб-қувватловни юқори баҳолаб, элчи Жеймисон Грирга миннатдорлик билдирди. Таъкидланишича, ЖСТга аъзолик мамлакат иқтисодиётини жаҳон бозорига янада чуқур интеграция қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва инвестиция оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

Томонлар мулоқот якунида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид