Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўз постида ёзишича, DFC Ўзбекистонга америкалик сармоядорларни жалб этишга кўмаклашади. Шунингдек, корпорация инвестициявий хатарларнинг бир қисмини ўз зиммасига олиши орқали истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.

Унинг қайд этишича, учрашувда инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги ташаббусларни амалга ошириш ва қўшма механизмларни ишга тушириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шу билан бирга, Саида Мирзиёева жорий йилда қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш режалаштирилаётганини ҳам маълум қилди. Ушбу платформа орқали Ўзбекистон иқтисодиётига Америка капитали ва хусусий сармоясини кенгроқ жалб этиш кўзда тутилмоқда.












