Фойдали | 17:05
4534
13 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролари учун Россияга кириш қоидалари қандай?

Ўзбекистон фуқаролари учун Россияга визасиз кириш тартиби сақланиб қолмоқда, аммо 2025 йилдан бошлаб бўлиб туриш муддати календар йил давомида 90 кун билан чекланган. Илгари бу муддат ярим йиллик давр ичида ҳисобланар эди. Россияга кириш учун биометрик хорижга чиқиш паспорти ва миграцион карта талаб қилинади. 2026 йил учун барча долзарб маълумотларни жамладик: ҳужжатлар, рўйхатдан ўтиш, патент, тўлов, меҳмонхона брон қилиш, SIM-карта, назоратдаги шахслар реестри, аэропортларда биометрия ва ruID иловаси.

Фото: Globallookpress

Россияга кириш учун қандай ҳужжатлар керак?

Россияга кириш учун Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги ҳужжатларга эга бўлиши шарт:

  • хорижга чиқиш биометрик паспорти;
  • чегара хизмати томонидан бериладиган миграцион карта, у аэропортларда автоматик берилади.
    Миграцион карта намунаси

Миграцион карта қонуний киришни тасдиқлайди ва унда сизнинг маълумотларингиз, сафар мақсади ҳамда келган санангиз кўрсатилади. Уни сафар тугагунча сақлаш керак — усиз рўйхатдан ўтиш, бўлиш муддатини узайтириш ёки патент учун ҳужжат топшириш имкони бўлмайди.

Россияга киришда хорижий паспортга қўйилган чегара назорати белгиси

Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш — кириш учун ҳужжат эмас. У келгандан кейин, агар сафар 15 кундан ортиқ давом этса расмийлаштирилади.

Россияга фарзанд билан кириш учун нималар керак?

Ҳар бир бола, шу жумладан чақалоқлар ҳам, Россияга кириш учун алоҳида биометрик чет эл паспортига эга бўлиши шарт. Болаларни ота-онанинг паспортига ёзиш энди амал қилмайди.

Болага хорижга чиқиш паспорти қандай расмийлаштирилади?

Қайд этиш жараёни ота-она ёки қонуний вакил томонидан амалга оширилади. Паспорт қуйидагича расмийлаштирилади:

  • Давлат хизматлари марказида (ДХМ);
  • Яшаш жойидаги МФРБ («паспорт стол») да.

Нархи: 16 ёшгача бўлган болалар учун 329 600 сўм.

Қандай ҳужжатлар керак?

  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;
  • ота-онанинг ID-картаси;
  • ота ёки онанинг нотариал розилиги (агар бирга бўлишмаса;
  • тўлов квитанцияси;
  • агар аризани ота-она бермаётган бўлса, васийлик тўғрисидаги ҳужжатлар.

Боланинг ўзи ҳам ҳужжат топшириш жараёнида иштирок этиши шарт, паспорт учун биометрик маълумотлар олинади.

Паспорт 10 иш кунигача муддатда тайёр бўлади. Тайёр паспорт ўша бўлимда берилади.
 

Фарзандни чет элга олиб чиқиш учун ота-онадан бирининг нотариал розилиги намунаси

Россияда рўйхатдан ўтиш қандай расмийлаштирилади?

Россияда 15 кундан ортиқ қолишни режалаштирган бўлсангиз рўйхатдан ўтиш (келганлик ҳақида билдиришнома) талаб қилинади. Буни фақат қабул қилувчи томон (уй эгаси, меҳмонхона ёки иш берувчи) амалга оширади.

Ким қабул қилувчи томон бўлиши мумкин?

  • квартира эгаси, агар қариндошлар ёки танишларникида турсангиз;
  • иш берувчи, агар ходимни яшаш жойи билан таъминласа;
  • меҳмонхона, ҳостел – маъмурият жойлашганингиздан кейин 1 кун ичида билдиришнома беради.

Рўйхатдан ўтиш учун қандай ҳужжатлар керак?

Хорижий фуқародан:

  • паспорт;
  • миграцион карта.

Қабул қилувчи томондан:

  • қабул қилувчи шахснинг паспорти;
  • турар жой ҳужжати (мулкдорлик гувоҳномаси ёки ижара шартномаси);
  • келганлик тўғрисида тўлдирилган билдиришнома.

Билдиришномани қаерда бериш мумкин?

  • ИИВ миграция бўлимида;
  • МФЦда (Кўп функцияли марказ);
  • Россия почтасида;
  • «Госуслуги» порталида (қабул қилувчи томон онлайн беради).
    «Хориж фуқароси учун таклифнома расмийлаштириш» хизмати

Қабул қилувчи томон «Хориж фуқароси учун таклифнома расмийлаштириш» хизматини топиши, шахсий кабинетига кириши, шаклни тўлдириши, ҳужжатларни юклаб, давлат божини тўлаши керак. Ариза юборилгандан сўнг у автоматик равишда қабул қилувчи томон рўйхатдан ўтган жой бўйича ИИВга юборилади.

Рўйхатдан ўтгандан сўнг қандай ҳужжат берилади?

Хорижий фуқаро рўйхатга қўйилгандан сўнг, унга келганлиги ҳақидаги билдиришноманинг белгиланган иккинчи қисми берилади. Бу унинг қонуний равишда бўлиб туришини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Уни сафар давомида доимо ёнида олиб юриши керак.

Меҳмонхонани қаерда ва қандай брон қилиш мумкин?

Халқаро тўлов тизимлари чиқиб кетганидан сўнг Booking.com Россияда чекловлар билан ишламоқда. Асосий муаммо — тўлов: сервис Россия банк карталарини қабул қилмайди, хорижий карталар эса кўпинча рад этилади. Шу сабабли брон қилиш тасдиқланмаслиги ёки бекор қилиниши мумкин.

Шунинг учун Россияга сафар қилганда мамлакат ичида тўлақонли ишлайдиган маҳаллий сервислардан фойдаланган маъқул.

Масалан, Ostrovok.ru — меҳмонхона брон қилиш учун энг йирик майдончалардан бири.
 

Островок сайти кўриниши

Шунингдек, меҳмонхона сайти ёки телефон орқали тўғридан-тўғри брон қилиш варианти ҳам мавжуд: кўплаб меҳмонхоналар тўловни жойида ёки халқаро карта талаб этмайдиган ички тўлов шлюзлари орқали қабул қилади.

Агар Booking.com сайтидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, қуйидаги вариантлар бор:

  • хорижий карта орқали тўлов (агар банк РФ ҳудудида амалиётни блокламаса);
  • меҳмонхона қидирувида VPN дан фойдаланиш;
  • меҳмонхонага жойлашган вақтда тўлов қилиш.

Лекин бу усуллар брон муваффақиятли бўлишини англатмайди – бу меҳмонхона ва тўлов тизимига боғлиқ.

Ўзбекистон фуқаролари учун Россияда бўлиш қоидалари

Россия билан визасиз режим сақланиб қолган. Бироқ 2025 йилдан бошлаб қоидалар ўзгарган: эндиликда Ўзбекистон фуқаролари Россияда визасиз календар йил давомида 90 кундан ортиқ бўла олмайди. Илгари бу муддат 180 кун ичида ҳисобланар эди.

Қуйида 2026 йил учун амал қилаётган асосий қоидалар — ҳужжатлар, рўйхатдан ўтиш, бўлиб туриш муддати ва бошқа муҳим талаблар келтирилган.

Агар ишлагани келсангиз

Келгандан кейинги дастлабки 30 кун ичида патент расмийлаштириши керак. Ҳужжатлар топширилиб, ЖШДС (НДФЛ) тўлангандан сўнг бўлиб туриш муддати автоматик равишда — патент амал қилиш муддатигача узайтирилади.

Mиграция қоидалари талаби бузилса нима бўлади?

Россияда миграция қоидалари (бўлиш муддатини ошириб юбориш, патентни тўламаслик, қонунсиз ишлаш) бузилганда маъмурий жавобгарлик назарда тутилган:

  • жарима — 2 000 дан 5 000 рублгача (тақрибан 280 000 – 750 000 сўм),
  • Москва ва Санкт-Петербургда — 5 000 дан 7 000 рублгача (тақрибан 700 000 – 1 050 000 сўм);
  • айрим ҳолларда Россиядан маъмурий чиқариб юбориш қўлланилиши мумкин;
  • жиддий ёки такрорий қоидабузарликларда мамлакатга киришга 3 йилдан 10 йилгача тақиқ қўйилиши мумкин.

Россия миграция қонунчилигида нималар ўзгарди?

Россия миграция қонунчилиги босқичма-босқич ўзгариб бормоқда. Қуйида 2024-2025 йилларда кучга кирган ва Ўзбекистон фуқароларига бевосита тегишли муҳим ўзгаришлар ҳақида сўз боради.

Назорат қилинадиган шахслар реестри

Бу Россияда бўлиб туриш қоидаларини бузган хорижлик фуқаролар рўйхати. ИИВ 2025 йил февралдан буён Россияда ноқонуний асосда бўлиб турган хорижликлар реестрини юритади.
 

РФ ИИВ сайтидаги реестр текшируви бўлими.

Агар шахс:

  • бўлиб туриш муддатини ўтказиб юборса,
  • миграция қоидаларини бузса,
  • патент расмийлаштирмаса,
  • патенти ёки регистрацияси бекор қилинган бўлса, у реестрга киритилиши мумкин.

Имтиҳонни фақат давлат ОТМлари ўтказади

2024 йил охиридан буён Россияда ишлаш ёки қолишни режалаштирганлар учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича мажбурий имтиҳонлар фақат давлат университетларида ўтказилади.
 

Рус тили, РФ тарихи ва қонунчилигидан имтиҳон топширганлик тўғрисидаги расмий сертификат.

Кириш вақтида биометрия

2024 йил 1 декабрдан

  • Шереметьево,
  • Домодедово,
  • Внуково,
  • Жуковский

аэропортларида биометрик маълумотлар олинмоқда. Хориж фуқароси кирганида унинг бармоқ излари ва фотосурати олинади. Бу фақат белгиланган ўтказув пунктларида амал қилади.

ruID нима?

RuID – визасиз кираётган хорижликлар учун янги рақамли сервис. У «Госуслуги»нинг мигрантлар учун яратилган муқобили. Илова App Store ва Google Play сервисларида жойлаштирилган.

Илова орқали қуйидагиларни амалга ошириш мумкин:

  • хориж фуқаросининг рақамли профилини яратиш;
  • ҳужжатларни юклаш (паспорт, регистрация, фото);
  • сафар тарихини сақлаш;
  • СНИЛС, тиббий суғурта, SIM-карта расмийлаштириш;
  • истиқболда - патент ва бошқа рухсатномаларни расмийлаштириш.

ruID Россияга визасиз кираётган ва рақамли идентификациядан ўтиши керак бўлган хориж фуқароларига керак. У ҳужжатларни бир жойда сақлаш ва базавий давлат хизматларини олишга ёрдам беради.

Кириш учун QR-код

Сафардан 72 соат олдин маълумотли QR-код олиш мумкин. У чегара пунктида қўшимча ҳужжат сифатида кўрсатилади.
 

Госуслуги иловасидаги QR-код намунаси

QR-код паспорт ва миграцион карта ўрнини босмайди ва чегарадан ўтишни тезлаштирмайди – у шунчаки рақамли маълумот.

Россияда харидлар ва хизматлар учун тўлов қилиш

2022 йилдан кейин одатий халқаро тўлов усуллари тўлиқ ишламаяпти, шу сабабли сафардан олдин Россияда тўловнинг қандай усуллари борлигини билиб олиш муҳим.

Нақд тўлов

Энг оддий ва ишончли усул.

  • АҚШ доллари – рублга алмаштириш осон;
  • имкон бўлса, бироз миқдорда рубл олиб кетиш.

Валюта алмаштириш осон, лекин курс муайян банк ёки алмаштирув пунктига боғлиқ.

Россия банк картаси орқали тўлов

Узоқ вақтга (ўқиш, ишлаш, яшаш) бораётганлар учун энг яхши вариант. Киргандан сўнг паспорт, миграцион карта ва регистрация тақдим этилганда расмийлаштирилади. Бундай карта дўконлар, сервислар ва онлайн тўловларда чекловсиз ишлайди.

UnionPay

Ўзбекистонда чиқарилган кобейжинг карталари айрим савдо нуқталарида ишлаши мумкин. Уларга асосий тўлов усули сифатида суяниб бўлмайди. Хорижий UnionPay карталарида онлайн тўлов ҳамма жойда ҳам ишламайди.

Нимани танлаш керак?

  • қисқа муддатли сафар учун – нақд пул.
  • узоқ муддатли сафар учун - Россия картасини олиш.
  • UnionPay захира вариант сифатида олиниши мумкин.

Россияда SIM-картани қандай расмийлаштириш мумкин?

Янги SIM-карта олиш ёки эскисини қайта расмийлаштириш учун алоқа оператори офисига шахсан бориш керак (МТС, Билайн, МегаФон, Tele2). Расмийлаштириш фақат ҳужжат асосида бўлади.

Қандай ҳужжатлар керак?

Госуслуги маълумотига кўра, қуйидаги ҳужжатлар керак бўлади:

  • паспорт;
  • паспортнинг рус тилига ўгирилган нотариал тасдиқланган нусхаси – зарур ҳолларда;
  • СНИЛС;
  • Госуслугида тасдиқланган қайд ёзуви;
  • тасдиқланган биометрия;
  • мавжуд e-mail;
  • SIM-карта солинадиган телефоннинг IMEI рақами.

Расмийлаштириш

Оператор ходими:

  1. ҳужжатларни текширади;
  2. шартномани расмийлаштиради;
  3. SIM-картани фаоллаштиради ёки Госуслуги орқали фаоллаштиришни таклиф қилади.

Муҳим чеклов

Янги SIM-карта олишдан олдин номингиздаги фаол рақамлар 10тадан камлигига ишонч ҳосил қилишингиз керак. Буни исталган операторда текшириш мумкин. Агар номингизга 10 та SIM-карта расмийлаштирилган бўлса, янгисини расмийлаштириш учун мавжуд шартномалардан бирини бекор қилиш лозим.

IMEI рақамини қандай билиш мумкин?

Телефонда *#06# теринг ва экранда IMEI рақами чиқади. Агар қурилма иккита SIM-картали бўлса, иккита код чиқади.
 

Мобил қурилманинг IMEI рақамлари

СНИЛС қандай расмийлаштирилади?

СНИЛСни қуйидаги йўллар орқали расмийлаштириш мумкин:

  • Ижтимоий фондда (СФР);
  • МФЦда;
  • иш берувчида;
  • айрим банкларда (СберБанк, Солидарность, Т-Банк) Госуслугида рўйхатдан ўтган бўлса.

Ҳужжат одатда шу заҳоти берилади, баъзан жараён 5 иш кунигача давом этиши мумкин.

Биометрияни рўйхатдан ўтказиш керакми?

Ҳа, шахсни масофадан тасдиқлаш ва банк сервислари ишлаши учун хориж фуқаросига тасдиқланган биометрия зарур бўлади.

Уни қуйидаги жойларда топшириш мумкин:

  • банкда – айрим банклар (масалан, Т-Банк) фото ва овозни олиш учун ходимини юборади;
  • ЕБС хизмат кўрсатиш марказларида;
  • банкда, Госуслугида рўйхатдан ўтган бўлса.
    Госуслугидаги биометрия бўлими

Биометрия мақомини қуйидаги йўллар билан текшириш мумкин:

  • Госуслугидаги шахсий кабинетда;
  • «Госуслуги Биометрия» иловасида;
  • ЕБС порталида.

Ёдда сақлаш муҳим

  • Ўзбекистон фуқаролари Россияга визасиз киришлари мумкин, лекин хорижга чиқиш паспорти ва миграцион карта талаб қилинади.
  • Агар сафар 15 кундан ошса, регистрация мажбурий. Меҳмонхонада у автоматик расмийлаштирилади.
  • Визасиз бўлиш муддати – бир йил ичида 90 кундан ошмаслиги керак.
  • Ишлаш учун 30 кун ичида патент расмийлаштириш керак, акс ҳолда бўлиб туриш ноқонуний ҳисобланади.
  • Россияда асосан нақд рубл ва Россия банк карталаридан фойдаланилади. UnionPay карталаридан фойдаланса бўлади, лекин барқарор эмас.
  • SIM-карта тасдиқланган биометрия асосида ва Госуслугида рўйхатдан ўтилганда берилади.
  • RuID ҳужжатларни сақлаш ва давлат хизматларидан фойдаланишда ёрдам беради.
  • Бўлиб туриш муддати бузилганда жарима ва 10 йилгача киришга тақиқ қўйилиши мумкин.
  • Тошкентдан Москвага бир ҳафтада 70-80та рейс амалга оширилади. 
Асал Равшанова
Муаллиф Асал Равшанова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид